Истиқлолга эришгач, мамлакатимиз тараққиётидаги барча ўзгариш, янгиланиш ва ютуқларнинг ҳуқуқий асоси Асосий Қонунимиздир. Бош Қомусимиз жаҳон меъзонлари талабларига жавоб берибгина қолмай, халқаро миқёсда намуна бўлгулик ҳуқуқий ҳужжатдир.
Она диёримизда яшовчи барча халқлар ҳаётида муҳим воқеа бўлган Асосий Қонунимизда инсон шаъни, қадр-қиммати энг олий қадрият, деб белгилаб қўйилган. Бу эса бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларга асос бўлмоқда.
Асосий Қонунимизда жинси, миллати, дини, ирқи, ёши, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши каби омилларга кўра, инсон ҳуқуқларини муайян даражада камситадиган бирорта модданинг йўқлигида аждодларимиздан мерос миллий қадриятларимиз ва бебаҳо анъаналаримизнинг беқиёс ўрни бор. Минг йиллар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ва дунёнинг хеч бир жойида такрорланмайдиган ажойиб муносабатларнинг, инсоний фазилатларнинг Асосий Қонунимиздан ўрин эгаллагани таҳсинга сазовор.
Диёримизнинг барча ҳудудларида истиқомат қилувчи мўмин-мусулмонлар ушбу Қомусда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг фойдаланмоқда.
Шукрки, маданиятимиз, динимиз ўзининг табиий-тарихий, миллий фалсафий асосларига қайтмоқда. Айниқса, маънавий меросни ўрганиш, аждодларимиз қолдирган асарларни оммалаштириш, буюк алломалар, улуғ аждодларимизнинг муборак номлари ва ижоди халққа қайтариб берилиши, она тили ва динимиз ривожланиши учун шароит яратилгани ўзбек халқи, хусусан, мусулмонлар учун буюк халоскорлик ва миллатнинг келажак тараққиёти учун муҳим омил бўлди.
Конституциямизнинг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл қўйилмайди”, деб қайд этилган.
Минг афсуски, айрим ғаламис кимсалар ғаразли ҳаракатларини турли фаолиятлар орқали амалга оширмокда. Ўзларининг бундай нопок максадларини ёшлар, айниқса, ҳеч бир диний маълумоти бўлмаган ёки турли ёт таъсирларга берилувчан айрим содда фуқаролар орасида ёйишга уринишмокда. Натижада баъзи юртдошларимиз алданиб моддий-маънавий қийинчиликлар баҳонасида миссионерлар тузоғига илиниб қолмоқда. Улар имон-эътиқодларидан маҳрум бўлиб, икки дунё саодатини қўлдан бой беряпти.
Шу боис барчани огоҳликка, қадриятларимиз ва у билан боғлиқ тарихий бой меросимизни келажак авлодларимизга, азиз фарзандларимизга тўла-тўқис етказишга чорлаймиз.
Биз учун ёт бўлган ҳар қандай ҳаракат, ғоя ва фикрларга бефарқ бўлмаслигимиз, диёримиз халқига, унинг тинч турмуши ва фаровонлигига бўлаётган хавфлардан огоҳ бўлишимиз шарт.
Бугун дунёнинг турли нуқталарида диний, миллий ва этник можаролар, уруш ва хунрезликлар бўлаётган бир паллада, юртимиз тинч ва осуда, миллат ва элатлар ҳамжиҳат ва хотиржам яшаётганининг ўзи катта неъматдир. Бунинг учун ҳар қанча шукр қилсак арзийди.
Мамлакатимизда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишда Конституция ва у асосда яратилган қонунларимизнинг устуворлиги жамият тараққиёти ва равнақини белгилаб берувчи энг муҳим омилдир. Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз бахтимиз қомуси, эртанги порлоқ ва нурафшон ҳаётга етказувчи нурли йўлимиздир.
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Янгийўл тумани «Имом Султон» жоме масжиди имом-хатиби

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги