Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / ҲАЖГА ОЗ ФУРСАТ ҚОЛДИ, ТАЙЁРГАРЛИК ЭСА АВЖИДА

ҲАЖГА ОЗ ФУРСАТ ҚОЛДИ, ТАЙЁРГАРЛИК ЭСА АВЖИДА

Ҳижрий-қамарий тақвим бўйича Зулқаъда ойи якунланиб, Зулҳижжа ойига ҳам саноқли кунлар қолмоқда. Табиийки, муқаддас заминда бўлиб турган юртдошларимизнинг ҳаяжони, завқу шавқи тобора ортиб боряпти. Чунки ҳаж арконларини бажариш учун оз фурсат қолаётир.

Ҳажнинг ҳамма арконларини мукаммал бажариш учун бўлажак ҳожилар Исломнинг бешикни рукни барча арконларини мукаммал билиши зарур. Шуни инобатга олиб, бугун, 2022 йил 27 июнь куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби вилоятдан борган 1- ва 5-гуруҳ зиёратчиларига Мино водийси ва у ерда бажариладиган амаллар хусусида батафсил маълумот бериб, жумладан, бундай дедилар:

  •  Минода тарвия кунининг пешин, аср, шом, хуфтон ҳамда арафа кунининг бомдод намозлари ўқилади. Бу ерда, асосан, дуо, ибодат билан машғул бўлинади. Аллоҳ таоло ояти каримада марҳамат қилади: «Улар ўз (диний ва дунёвий) манфаатларига шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларига (қурбонлик учун сўйишда) Аллоҳ номини зикр қилиш учун келурлар. Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверингиз, бечора камбағалларга ҳам едирингиз! Сўнгра (ҳожилар) кирларини кетказсинлар (яъни эҳромдан чиқиб, соч олдириб, тоза либосларини кийсинлар), назрларини (ҳаж мажбуриятларини) адо қилсинлар ва “Қадим уй” (Каъба)ни тавоф қилсинлар!» (Ҳаж сураси, 28–29-оятлар).

Ушбу ояти карималарда Аллоҳ таоло Мино кунлари жамаротда тош отиш, қурбонлик қилинадиган жойга бориб қурбонлик қилиш ва соч олдириб эҳромдан чиқиш кабилар аҳамиятли эканини таъкидланмоқда. Ушбу амаллардан кейин Байтуллоҳ тавоф қилинади.

Қурбонлик қилгандан кейин соч олдириб, тирноқларни олиб, топ-тоза бўлишга ҳукм қилинди. Булардан кейин Байтуллоҳни тавоф қилишга амр этилди. Мино кунлари, яъни қурбонлик кунларида юқорида зикр қилинган уч амални мукаммал бажариш вожибдир.

Ҳаж кунлари жами беш кун бўлиб, улар Зулҳижжа ойининг саккизинчи, тўққизинчи, ўнинчи, ўн биринчи, ўн иккинчи кунларидир. Ушбу кунлардан тўрттаси Мино кунларидир. Улар саккизинчи, ўнинчи, ўн биринчи, ўн иккинчи Зулҳижжа кунларидир. Тўққизинчи Зулҳижжа Мино куни ҳисобланмайди, балки у арафа кунидир. Шу боис арафадан олдин бир кун ва арафадан кейин уч кун Мино кунлари ҳисобланади.

Мино кунларининг тўрт кун бўлиши ўн иккинчи Зулҳижжада Минодан чиқиб кетишни истаган кишилар учундир. Чунки тўқсон тўққиз фоиз ҳожилар ўн иккинчи куни Минодан чиқиб кетадилар. Лекин ўн учинчи Зулҳижжа куни Минода қолишни истаган кишилар учун эса, Мино кунлари беш кундир, яъни юқоридаги кунларга ўн учинчи кун ҳам қўшилади.

Ушбу кунларнинг алоҳида номи бўлиб, ўнинчи Зулҳижжа куни “қурбонлик куни”, ўн биринчи кун “қарор куни”, яъни Минода туриладиган кун, ўн иккинчи кун “Минодан биринчи жўнаш куни”, ўн учинчи кун “Минодан иккинчи жўнаш кун”» дейилади. Ушбу тўрт кун “тош отиш куни” ҳам дейилади.

Зулҳижжанинг саккизинчи куни пешин намозидан олдин Минога етиб бориб, у ерда пешин, аср, шом, хуфтон ва тўққизинчи куннинг бомдодини ўқиб, офтоб чиққанидан кейин Минодан Арафотга равона бўлиш суннатдир. Унга хилоф тарзда иш тутиш макруҳдир…

Учрашувда зиёратчилар берган саволларга атрофлича жавоблар қайтарилди.

Ҳа, азизлар, ҳаж кунарига оз фурсат қолди. Тайёргарлик эса авжида. Барча юртдошларимиз айни кунларда катта ҳаяжон билан Исломнинг бешинчи рукни амалларини мукаммал бажаришни ўрганишмоқда.

Аллоҳ таоло ҳамюртларимизнинг ҳажларини мабрур, гуноҳларини мағфур, саъйларини машкур қилсин.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]