Одамларни ҳидоятга чорлаш, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришнинг ажри улуғ. Шу боис Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намоз(лар)ни баркамол адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этадилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ марҳамат кўрсатур. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир» (Тавба сураси, 71-оят), деб марҳамат қилган.
Ояти каримада баён этилган сифатлар эгалари – юртимизнинг таниқли уламолари қорли-қировли кун демасдан, ҳавонинг совуқлигига қарамасдан, бугун хуфтон намозида Тошкент вилоятининг қатор туманларидаги масжидларга ташриф буюрдилар.
Хуфтон намозини жамоат билан бирга адо этгач, мўмин-мусулмонларга турли мавзуларда мавъизалар қилиб бердилар. Мисол учун, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Зангиота туманидаги “Иттифоқ” масжиди жамоасини “Гўзал хулқ – динимиз талаби” мавзусиаги таъсирчан мавъизаси ила хушнуд этди.

– Гўзал хулқли бўлиш – пайғамбарлар, сиддиқлар ва солиҳ зотларнинг одатлари бўлиб, бу билан киши буюк мақом ва мартабаларга эришади, – дея маърузасини бошлади Жасурбек домла. – Барча гўзал хулқлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламда ўз аксини топган. Аллоҳ таоло У Зотни мақтаб бундай деган: «Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!» (Қалам сураси, 4-оят).
Набиййи муҳтарам алайҳиссалом Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳуга қуйидагича насиҳат қилганлар: “Эй Абу Ҳурайра! Ўзингизга ҳусни хулқни лозим тутинг!”. Шунда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Ё Расулаллоҳ! Ҳусни хулқ нима?” – деб, сўради. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Сиздан силаи раҳмни узган билан уни боғлашингиз, сизга зулм қилган кишини кечиришингиз ва сизни маҳрум қилган кишига инъом қилишингиз ҳусни хулқдир”, – дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Жунайд Бағдодий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Гарчи инсоннинг илми ва амали оз бўлса ҳам, тўртта нарса уни юқори даражаларга кўтаради: Ҳилм, тавозеълик, сахийлик ва ҳусни хулқдир. Ҳусни хулқ имоннинг комиллигидир”.
Яҳё ибн Муоз раҳматуллоҳи алайҳ эса: “Ёмон хулқ ёмон хусусият бўлиб, у билан кўп яхшиликлар ҳам фойда бермайди. Яхши хулқ эса, яхши хусусият бўлиб, у билан кўп ёмонликлар зарар бера олмайди”, деган…
Хуллас, шу ва бошқа долзарб мавзуларда чиройли панду насиҳатлар қилган уламоларимиз – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов Зангиота туманидаги “Умир”, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов Тошкент туманидаги “Ғишткўприк”, Чилонзор туманидаги “Новза” масжиди имом-хатиби Жалолиддин домла Ҳамроқулов “Ҳасанбой ота”, Тошкент вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Миродил домла Миржалилов Зангиота туманидаги “Абдуллоҳ ибн Равоҳа”, Зайнилобиддин домла Қудратов “Амир Ҳамза ибн Абдулмутталиб”, Зиёвиддин домла Нортожиев “Аммор ибн Ёсир” жоме масжидлари қавмини мутаассир этдилар.

Шунингдек, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани бош имом-хатиби Акбарали домла Маматов Зангиота туманидаги “Анас ибн Молик”, Фирдавс” масжиди имом-хатиби Бахтиёр домла Сатторов Зангиота туманидаги “Садр ота”, Янгийўл шаҳар бош имом-хатиби Хумоюддин домла Тошболтаев “Ботир”, Пискент тумани “Собирхон ота” жоме масжиди имом-хатиби Суннатуллоҳ домла Эрназаров “Салмони Форсий”, Нурали домла Мавлонов эса “Имом ал-Бухорий”, Тошкент шаҳар “Яккасарой” масжиди имом-хатиби Салоҳиддин домла Тошонов Тошкент туманидаги “Ҳасан ибн Собит”, Тошкент шаҳар “Чирчиқ шаҳар “Марказий” жоме масжиди имом-хатиби Обид домла Мирҳамидов “Мирхалил ҳожи ота” масжидларини ўз мавъизалари билан файзга буркади.

Аллоҳ таоло имом домлаларимизнинг маърузаларни мўмин-мусулмонларга манфаатли айласин!

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги