Қуръони Карим сени ёмонликдан қайтарар экан, уни ўқишда бардавом бўл. Модомики ёмонликдан қайтолмаётган бўлсанг, демак, сен Аллоҳнинг каломини ўқишдаги ҳақиқатни топмабсан. Қанча фиқҳ (масалаларини) кўтариб юрганлар борки, аслида улар фақиҳ (ҳақиқатини билувчи, англовчи) саналмайдилар. Кимга илми манфаат бермас экан, нодонлиги унга зарар келтириши муқаррар.
Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ
Изоҳ: Қуръони Карим яратган Роббимизнинг каломидир. Ким унинг ҳаққини адо этиб, ҳақиқий тиловат қилса, икки дунё саодатини қўлга киритади. Зеро, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
الَّذِينَ آتَيْنَاهُمُ الْكِتَابَ يَتْلُونَهُ حَقَّ تِلاَوَتِهِ أُوْلَئِكَ يُؤْمِنُونَ بِهِ وَمن يَكْفُرْ بِهِ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الْخَاسِرُونَ {البقرة/121}
«Биз китоб (Таврот, Инжил ёки Қуръон) берган кишилар (мўминлар) уни тўғри (бузмай) тиловат қиладилар. Улар унга (Муҳаммадга ва Китобга) имон келтирадилар. Ким уни инкор этса, ана ўшалар зиён кўрувчилардир» (Бақара сураси, 121-оят).
Уламолар Қуръони Карим қачон ўрнига қўйиб тиловат қилинган бўлади деган саволга: “Уч йўл билан тиловат қилинса ўрнига қўйилган бўлади. Биринчи йўли – тажвидиги тўлиқ риоя қилинган ҳолда ўқиш ва ёдлаш. Иккинчи йўли – ўқиётган сураларнинг маъно-мазмунини англаш. Учинчи йўли – Қуръони Каримда буйруқларга амал қилиш ва қайтариқлардан тийилиш орқали. Мана шу уч йўл топилса, Қуръони Каримни тиловати ўрнига қўйилган бўлади ва ундан кўзланган мақсад рўёбга чиқади”, – деб жавоб берганлар.
Демак, азиз мўмин дўстларимиз, биринчи бўлиб Қуръони Каримни тажвидлари билан ўрганишга ҳаракат қилишимиз лозим. Қуръони Каримни тўғри ўқий оладиган бўлгандан кейин фақат тиловатнинг ўзи билан чекланмай, иккинчи босқичга, яъни унинг маъно-мазмунини ҳам ўрганишга ҳаракат қилиш керак бўлади. Қандай ўрганаман, деган саволнинг туғилиши табиий. Араб тилини ўрганиш орқали ёки ҳеч бўлмаганда, ўзбек тилидаги тафсирлардан фойдаланган ҳолда. Алҳамдулиллаҳ, ҳозирда юртимизда Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги 3 та тафсири ва бир қанча маънолар таржимаси мавжуд. Ўқиётган ояти Карималарни шу китоблардан ўрганиб, билиб боришимиз мумкин. Тушунмай қолган жойларини эса илм эгалари, устозлар, имом домлаларимиздан сўраб, ўргансак бўлади. Маъно-мазмунни ўрганиш билан ҳам кифояланиб қолмаймиз, балки учинчи ва асосий босқич – унга амал қилишга, ҳаётимизга татбиқ этишга ҳаракат қилинади. Ҳалолни ҳалол, ҳаромни ҳаром деб эътиқод қиламиз, қиссаларидан ибрат оламиз, ҳукмларини ўрганамиз. Мана шу уч босқични адо қилишга уринаётган инсон Қуръони Карим тиловатини том маънода ўз ўрнига қўйган бўлади.
Ана энди ҳикматнинг ўзига эътибор қаратайлик: Қуръони Каримни ўқиётган инсон бир ўзининг ҳолатига разм солсин. Қуръони Каримнинг қайтариқларидан тийилиб, буйруқларига амал қилишга ҳаракат қиляптими?! Агар амал қилишнинг уддасидан чиқаётган бўлса, демак, тиловати унга манфаат бераяпти, бундай киши ўқишда ва уни ўрганишда бардавом бўлсин.
Ким ўқиётган бўлсаю, Калом ҳаром қилган амаллардан тийилолмаётган, буйруқларига бепарволик қилаётган бўлса, унда унинг тиловати ҳақиқий эмас. Ундай инсон ўзини ислоҳ қилиши, қалбини поклаши ва Қуръони Каримнинг моҳиятини англашга ҳаракат қилиши лозим. Акс ҳолда, Қуръони Карим қиёматда унинг зарарига ҳужжат бўлиши ҳеч гап эмас.
Юқоридаги сўзларимиз Қуръони Каримни тиловат қиладиган кишилар ҳақида эди.
Ана энди йиллар давомида намоз ўқиб юриб, шунча имкониятлар бўлса-да, Қуръони Каримни ўрганишга вақт топа олмаётганлар ёки уни ўрганишга рағбат қилмаётганларнинг ҳолати қандай бўлади?!
Ахир намозимизнинг фарзларидан бири намоз ичидаги сураларни тажвид билан адо қилиш эмасми?! Мўмин-мусулмонман деган кишига ҳеч йўқ намоздаги сураларнинг ҳарфларини қоидаларига риоя қилиб ўқиш фарздир. Намоз, рўза қандай фарз бўлса, бу ҳам шу билан баробар ҳукмдадир.
Демак, ҳаётимизнинг муҳим дастури амали бўлмиш Қуръони Каримни ўрганмай юриш, унга алоҳида вақт ажратмаслик биз мўмин-мусулмонларга айб саналади. Намозда Роббимиз билан мулоқотга киришар эканмиз, хатоларга йўл қўйишдан ҳаё қилмаймизми?!
Ҳикматнинг давомида фиқҳ масалаларини кўтариб юрувчи айрим кишилар борки, уларнинг ўзлари бу масалаларни тўлиқ англамайдилар, дейилди. Агарда улар бу масалаларни бир олимдан эшитиб, ўзларига ёзиб олиб ёки ёдлаб сақлашса ва ҳақиқий фақиҳ инсонларнинг ҳузурига бориб мазкур масаланинг ҳақиқатини ўрганишса, нақадар яхши инсон бўлишарди. Бироқ бу ўринда бу сўзларни қўллаш орқали афтидан бошқа маъно кўзланган. Ўзи тўлиқ англамагани ҳолда турли фиқҳий масалаларни кўтариб, мусулмонлар орасида фитна чиқарадиган ёки турли фатволар бериб, мусулмонларнинг бирдамлигини бузадиган кишилар назарда тутилган бўлса, ажаб эмас. Бундай ишлар ҳаргиз оқланмайди. Бу каби инсонларнинг мақсади аслида холис бўлмайди.
Бирор фиқҳий масалани бирор китобдан ёки олимдан эшитиб, тўлиқ англамасдан туриб хулосалар беришга эҳтиёт бўлишимиз даркор. Зеро, уламолар: “Ҳақиқатини англамасдан фатво беришга журъатли инсон дўзахга журъатлидир”, деб айтишган.
Илмимиз камлик қилганда аҳли илмларга мурожаат қилиб, ҳақиқатини билиб, кейин энг аввало ўзимиз амал қилишимиз ва шундан кейингина бошқаларга тавсия қилишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.
Ҳикмат сўнгида кимга илми манфаат бермаса жоҳиллиги зарар бериши таъкидланади. Қуръони Карим, ҳадиси шариф ва бошқа диний илмларни ўрганиб, илм ҳосил қилиб борсагу, бироқ бу ўрганаётган илмларимиз ҳаётимизда акс этмас экан, сўзимиз бошқаю амалимиз бошқа бўлар экан ёки илмдан кўзланган мақсад Аллоҳ таолонинг ризолигидан ўзга бўларкан, жоҳиллардан ҳеч қандай фарқимиз қолмайди. Даражамиз илмсиз, нодон кишилар қаторида бўлиб қолади. Бундай ўрганилган илм билан жоҳилликнинг хатари баробардир. Аллоҳ таоло бундай ҳолатлардан барчамизни омонда сақласин.
Пайғамбар алайҳиссалом ҳар доим: “Эй Аллоҳ, манфаатли илм, ҳалол ризқ, мақбул амал беришингни сўрайман”, деб дуо қилардилар.
Аллоҳ таоло барчамизга Қуръони Каримни ўқиб амал қилишимизни, ўрганатёган илмларимиз манфаатли бўлишини насиб қилсин. Ўзимиз тўлиқ англамаган ҳолда мусулмонлар ўртасида фитнага сабаб бўладиган турли саволлар, фиқҳий масалаларни кўтариб, ёйиб юришдан сақласин!
“Солиҳ ва солиҳалардан насиҳатлар”
Таржимон: Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги