Инсон ҳаётда ўз ўрнини топиши, бахтли ҳаёт кечириши, эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор қозониши учун албатта тинимсиз меҳнат қилиши талаб этилади. Умрни мазмунсиз ўтказиб, бирор эзгу ишга қўл урмай, жамиятга фойда келтирмасдан, юрт тараққиёти ва ривожига ҳисса қўшмай яшаётган инсонларнинг учраб туриши афсусланарли ҳолдир.
Бекорчилар кўпайгани сари дангасалик кучаяди. Инсон кўп ҳаракатда бўлса, дангасаликдан асар қолмайди.
Бугун ёшларнинг аксарияти бекорчилик оқибатида хулки бузилиб, вактини исроф килмокда. Бежизга: “Бекорчидан Худо безор”, дейилмаган. Кўп ҳолларда ёшлар интернетдан кўнгилочар восита сифатида фойдаланиб, эртаю кеч ғанимат вақтини кўкка совурмоқда. Афсуски, турли ижтимоий тармоқлар бузғунчилик, ҳаёсизлик, лоқайдликка тарғиб қилади. Бу эса ёшлар тафаккурини заифлаштириб, онгини бузуқ ғоялар билан заҳарламокда.
Телефон хотирасидаги турли видеолавҳалар, интернет оркали намойиш этилаётган ҳар хил маълумотлар ёшларни манкуртликка етаклаяпти. Бундай ҳолатлар йигит-қизлар охир-окибат оғир гуноҳ содир этишига, шармандаликка сабаб бўляпти. Ахир умр, вакт, ёшлик, соглик ғанимат эмасми? Буларни исроф қилиш эса оҳир гуноҳдир.
Бекорчи одам ҳаётда ўз истагига эришолмаслиги аник. Ваҳоланки, бу ҳаëт доимий ҳаракатда, ўзгариш, янгиланишда. Бекорчилик иллати қайси халкда илдиз отса, албатта, уни заифлаштиради, тараққиёт карвонидан ортда қолдиради.
Бу касаллик қайси шахсда учраса, уни хор килади, обрўсидан айиради. Бекорчилик энг зарарли офатлардан биридир. Ақлли инсон бу дунёда бекор турмайди. Ҳатто бўш вақтини зое килмайди, балки дунë ëки охират учун фойдали ишларга сарфлайди.
Бекорчилик секин-аста инсонни ишдан чиқаради, ҳаётини вайрон қилади. Тана аъзолари ҳаракатсиз қолса, ишдан чиқади, заифлашиб қолади.
Сарҳадсиз интернет дунёсига кирган шахс, умр ғанимат эканини доимо ёдда сақламоғи лозим. Зеро, бу глобал тармоқ бепоён ҳудудларга эга бўлиб, унда инсон адашиб соатлари, кунларини самарасиз ўтказиб юбориши мумкин.
Ҳозирги кунда ёшларнинг интернетга муккасидан кетиб, турли бетамиз, маънисиз ўйинлар домига шўнғиб, ўзларининг саломатликларига ҳам жиддий зарар етказишмокда.
Бекорчиликнинг биринчи омили бу камбағаллик ва фақир бўлиб, бу ҳолат охир-оқибат одамларни турли қонунга зид ва жиноий ишларга қўл уришларига олиб боради. Безорилик, ўғрилик ва наркотик моддалар савдо-сотиғи фақир ва камбағалликдан келиб чиқадиган жиноятлардан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бекорчилик жамиятдаги жорий тизимлар ва ахлоқий қадриятларнинг завол топишига сабаб бўлади.
Инсон бекорчиликдан сақланиши учун қалбини соғлом қилиши жуда муҳим. Шу боис ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: «Нафсингни фойдали нарсалар билан машғул қил, акс ҳолда уни зарарли нарсалар эгаллаб олади», деб огоҳлантирган.
Фарзандларимизни билимли-маърифатли, меҳнатсевар, ғайратли, ўз касбини пухта биладиган қилиб тарбиялаш, келажакда уларни халқимизга, динимизга фойдали инсон бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун фарзандларимиз бекорчи бўлиб қолишларига йўл қўймаслигимиз, балки уларни билим олиш, китобхонлик, турли тўгараклар, спорт билан банд қилишимиз керак.
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Янгийўл тумани “Имом Султон” жоме масжиди имом-хатиби

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги