Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ЙЎЛ ИНТИЗОМНИ ЁҚТИРАДИ

ЙЎЛ ИНТИЗОМНИ ЁҚТИРАДИ

Яқинда муҳтарам Президентимиз раисликларида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмасини яхшилаш ва тирбандликларни камайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Тадбирда давлатимиз Раҳбари йўллардаги тирбандликларнинг олдини олиш, ҳайдовчи ва йўловчиларга қулай шарт-шароит яратиш юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирдилар, зарур кўрсатмаларни бердилар.

Уйимиздан ишгами, ўқишгами ёки бошқа мақсадда бўлсин, бир қадам чиқсак, биз ҳам йўл ҳаракати иштирокчисига айланамиз. Шундай экан, ҳайдовчи бўлсак ҳайдовчи сифатида, пиёда бўлсак, пиёда сифатида бизнинг ҳам зиммамизга роя қилишимиз зарур бўлган тартиб-қоидалар юкланади. Шуларга риоя қилиш бурчимиздир.

Ислом шариатидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш орқали ижтимоий қоидаларга қилган ва натижада ҳам ўзимизнинг, ҳам одамларнинг ҳаётини ва мулкни сақлаган бўламиз. Лекин, афсуски, бугун йўлларда тартиб-қоидаларга риоя қилмаслик оқибатида кўплаб кўнгилсиз ҳолатлар кузатилаётгани кишини ташвишга солади.

Транспорт воситасини бошқаришда мусулмонлар риоя этиши лозим бўлган кўплаб суннатлар ва одоблар мавжуд. Уловда юрганимизда ўзимиз ва ўзгаларни хатарга қўймаслик, пиёдалар, йўловчилар ва бошқа ҳайдовчилар ҳаётига хавф солмаслигимиз шарт.

Динимизнинг асос қоидаларидан бири ҳисобланган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “(Исломда) зарар кўриш ҳам зарар бериш ҳам йўқ” (Имом Байҳақий ривояти). Ушбу шаръий қоидага кўра ҳайдовчи ўзгаларнинг жони, молига етказган зарари учун жавобгардир.

Йўллардаги бахтсиз ҳодисаларнинг аксарияти тезликни ошириш ва қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш оқибатида содир бўлмоқда. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир ишда саҳобаларни шошқалоқликдан қайтарганлар: “Босиқлик – Аллоҳдан, шошқалоқлик шайтондандир”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

Баъзан шошиб турганимизда олдимизга транспорт воситасини бошқариб кетаётган киши тўсатдан йўлнинг қатнов қисмида тўхтаб, йўловчи олиш ҳолатлари ёки транспорт воситасини йўлнинг ўртасида қолдириб кетиши кузатилади. Бу шариат ман этган амаллардан ҳисобланади.

Ҳадиси шарфида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким зарар етказса, Аллоҳ унга зарар етказади. Ким машаққат туғдирса, Аллоҳ уни машаққатга қўяди”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳайдовчи ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслиги, аввало, ўзларининг, қолаверса, бошқа инсонларнинг ҳаётини хавф остига қўяди. Ваҳоланки,  Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни ўз жонларини таҳликага солишдан қайтарган: “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг” (Бақара сураси, 195-оят).

Айрим ҳолларда заруратсиз сигнал чалиш, овоз чиқарадиган воситаларни баланд қўйиш билан ўзгаларга озор бериш ҳамда қоронғи вақтда кўзни қамаштирадиган тақиқланган ёриткичларни ёқиб юриш ҳолатлари кузатилади. Шундай кишиларга Расули акрам алайҳиссаломнинг: “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши – (комил) мусулмондир” деган муборак ҳадисларини эслатиш керак.

Транспорт воситасини яроқли бўлиши ҳам динимиз талабларидан. Шу боис ҳайдовчи транспорт воситасининг техник созлигини, тозалигини ва тўлиқ жиҳозланганлигини текшириши ва йўлга тўла-тўкис тайёрлаши керак. Фиқҳий қоидага кўра, “Вожиб усиз мукаммал бўлмайдиган иш ҳам – вожибдир”. Демак, транспорт воситасини ҳайдаш жоиз бўлиши учун ушбу техника йўлга тўла яроқли бўлиши лозим.

Шу билан бирга, транспорт воситасини маст ҳолатда бошқариш, тезликни ошириш оқибатида одамларнинг умрига зомин бўлиш динимиз қаттиқ ва қатъий қоралаган ишдир. Шундай экан, ҳар биримиз йўл тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилишимиз шарт. Чунки йўл тартиб-интизомни ёқтиради.

Дониёр домла ИКРОМОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]