Хизмат юзасидан мажлислар ўтказамиз. Айрим ҳолларда баъзи сабабларга кўра йиғилишга кеч келганлар ҳамманинг диққатини бўлади. Динимизда мажлиснинг ҳам ўзига яраша умумий одоблари бор. Шулардан бири, йиғилишга келган киши қаерда бўш жой бўлса, ўша ерга ўтириши керак. Чунки саҳобалар айтадилар: “Набий алайҳиссаломнинг олдиларига келсак, қаерда бўш жой бўлса, шу ерга ўтирардик”.
Йиғин-мажлисларда бировнинг устидан ҳатлаб ўтилмайди, бошқа одам ўтирган жойга тиқилмайди. Бу борада Набий алайҳиссаломнинг таълимотларига амал қилинади: “Сизлардан ҳеч бирингиз бир кишини жойидан турғизиб, унинг ўрнига ўзи ўтириб олмасин. Лекин силжинглар ва (жойни) кенгайтиринглар” (Муттафақун алайҳ).
Агар бир киши бирор зарурат туфайли ўрнидан туриб чиқиб кетса-ю, кейин яна қайтиб келса, у аввалги жойига бошқалардан кўра ҳақлироқдир: “Агар бирингиз ўрнидан туриб кетса-ю, кейин қайтиб келса, у бунга (жойга) ҳақли бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Мажлисга кириб келган одам гаплашиб ўтирган икки кишининг орасига суқилиб ўтириши ҳам одобдан эмас. Айниқса, бу икки одам ўзаро ҳожати сабабли бирга ўтирган бўлса: “Кишига икки кишининг изнисиз уларнинг орасини ажратиши ҳалол бўлмайди” (Имом Термизий ривояти).
Агар йиғин-мажлисларда шовқин-сурон, ғала-ғовур ва турли гап-сўзлар айтилган бўлса, истиғфор айтиб қўйиш ҳам шу мажлиснинг одобларидандир: «Ким бир мажлисда (йиғинда) ўтирса-ю, унда гапи кўпайса, шу мажлисидан туришидан аввал: “Аллоҳим, Ўзинг поксан, Ўзинга ҳамд айтаман, Сендан ўзга илоҳ йўлқигига гувоҳлик бераман. Ўзингдан мағфират сўрайман ва Сенга тавба қиламан” – деса, ушбу мажлисда содир бўлган барча ишлари кечирилади» (Имом Термизий ривояти).
Киши хос давраларга чақирилсагина бориши мумкин. Бир киши Набий алайҳиссаломни ва яна беш кишини Расулуллоҳ учун тайёрлаган таомига таклиф қилди. Шунда чақирилмаган бир киши ҳам уларга эргашди. Эшик олдига келишганда Набий алайҳиссалом уй эгасига: «“Бу бизга эргашди. Истасанг, унга ҳам изн бер, истамасанг (ортига) қайтиб кетади”, – дедилар. Уй эгаси эса: “Албатта, изн бераман, Эй Аллоҳнинг Расули”, – деди» (Муттафақун алайҳ).
Мажлис одобларидан яна бири шуки, ушбу йиғинга эҳтиёжи сабабли келган одамларнинг ҳожатини раво қилишдир: «Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига ҳожатманд одам келса, у зот ўтирганларга юзланиб: “Шафоат қилинглар (ҳожатмандларнинг ҳожатини раво қилинглар), ажр оласизлар. Аллоҳ Набийсининг тилида истаган нарсасини ҳукм қилади”, – деб айтар эдилар» (Муттафақун алайҳ).
Агар бир йиғинда уч киши бўлса, икки киши учинчи одамни қўйиб, ўзаро сирлашмаслиги ҳам мажлис одобларидандир. Шунда унинг қалбини ёмонликдан сақлаган бўлади: “Агар уч киши бўлсангиз, одамларга аралашмагунча икки киши учинчисини қўйиб, махфий суҳбат қилмасин. Чунки бу уни хафа қилади” (Муттафақун алайҳ).
Шу билан бирга, Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мажлис аҳлининг соқийси (мезбони) охирги бўлиб ичишини айтганлар.
Мажлислардаги юксак одоб бу – киши бошқага тааллуқли бўлган, унга озор берадиган ишларга аралашмаслигидир: “Кишининг фойдасиз нарсаларни тарк этмоғи унинг исломининг гўзаллигидандир” (Имом Термизий ривояти).
Дониёр домла ИКРОМОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги