Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / МЕҲМОН КЕЛГАН УЙГА ФАРИШТАЛАР КИРАДИ

МЕҲМОН КЕЛГАН УЙГА ФАРИШТАЛАР КИРАДИ

Меҳмондўст халқмиз. Топганимизни меҳмонни олдига қўйишга, уни иззат-икром қилишга одатланганмиз. Шу хайрли ишларимиз анъанага айланиб кетган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонига икром кўрсатсин”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Меҳмонни иззат-икром қилиш – яхши. Лекин бугунги кунда масаланинг оғриқли нуқтаси ҳам бор. У ҳам бўлса, меҳмондўстликда ҳаддан ошиш ҳолатлари кузатилаётгандир.

Меҳмонга зиёфат бериш Иброҳим алайҳиссалом ва барча анбиёларнинг суннатлари, Исломда тарғиб қилинган амалдир. Исломий адабиётларга кўз ташласак, бу ҳақиқатни яна ҳам равшанроқ англаб етамиз. Ҳанафий, моликий ва шофеъий мазҳаблари зиёфатни суннат, ҳанбалийлар эса вожиб амал дейишган.

Халқимиз меҳмондўстлиги, меҳмоннавозлиги билан ном чиқарган. Бирор ўзбек хонадони, оиласи йўқки, меҳмонни хурсандчилик билан кутиб олмаган, уйидаги бор неъматларни дастурхонига келтириб қўймаган бўлса.

Анас ибн Молик раҳматуллоҳи алайҳ эса: “Меҳмон кирмаган уйга фаришталар ҳам кирмайди”, деган. Иброҳим алайҳиссалом “Меҳмонларнинг отаси” деб аталган. У кишининг уйида тўртта эшик бўлиб, қайси эшикдан бирор меҳмон кириб келаркин, деб йўл қараган. Ато ибн Абу Рабоҳ айтади: “Иброҳим алайҳиссалом таомланишни истаса, бир-икки мил юриб, ўзига ҳамроҳ излар эди”.

Меҳмондўстлик яхши одамларнинг фазилати саналади. Бой-камбағал деб ажратмасдан, ҳамма баравар меҳмон қилинади. Меҳмонга таом кечиктирмай олиб келинади. Нон дастурхонга егулик миқдорида қўйилади, синдирилгани бўлса, яна ушатилмайди.  Мезбоннинг баъзида “олинг, енг”, деб туриши савобли иш, бу уч мартагача айтилади. Аммо меҳмонни хижолат қилиб, ҳадеб таомга зўрлайвериш одобсизлик саналади.

Меҳмон келтирилган таомни мақтаб ейиши зарур. Агар дастурхон атрофида ёши улуғ киши бўлса, ундан олдин таомга қўл узатилмайди. Меҳмон овқат келадиган томонга ҳадеб ўгирилавериши яхши эмас. Чақирилмаган жойга меҳмонга борилмайди.

Меҳмоннинг одобларига яна қуйидагилар киради: “Меҳмон ўзига кўрсатилган жойга ўтиради, ўзига тақдим қилинган нарсага рози бўлади. Тақдим қилинган таомни пайсалга солмай тановул қилиш ҳам меҳмоннинг одобидан. Агар у таомдан емаса, мезбонга ҳурматсизлик бўлади. Меҳмон фақат мезбоннинг изни билан ўрнидан туради. Меҳмон мезбоннинг ҳақига дуо қилади. Меҳмон мезбонникида бир кундан уч кунгача туриши мумкин”.

Абу Шурайҳ Хузоий айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай деганларини эшитдим: “Меҳмонга кўрсатиладиган икром бир кун. Меҳмондорчилик эса уч кундир. Ундан ортиғи садақадир”(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан бундай дегани ривоят қилинади: “Диндош биродарларимни бир икки ҳовуч егулик бошида тўплаш мен учун бозорга бориб бир асирни сотиб олиб озод қилишдан яхшироқдир”.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо эса таом ҳозир бўлганида ёнидан бадавлат ва тўқ киши ўтса чақирмас, йўқсил ўтса, албатта чақирар ва: “Тўқни тўйдириб, очни оч қолдирманг”, дер эди.

Мухтасар айтганда, барча ишларда бўлгани каби меҳмон кутишда ҳам меъёрга, одоб-ахлоққа риоя қилиниши зарур. Афсуски, бугун ҳаждан ва умрадан қайтган кишилар “ҳожиошлар” қилиб, исрофгарчиликка йўл қўяётир, Бунинг оқибатида савоб оламан деб гуноҳга ботмоқда.

Дониёр домла ИКРОМОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]