Бир оятнинг маънолари
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар! Шоядки, Раббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизни (дарахтлари) остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса. Бир кундаки, Аллоҳ Набийни ва у билан бирга бўлган иймон келтирганларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг тарафларида юриб борадир. Улар эса: “Раббимиз, бизга нуримизни батамом қилиб бер, гуноҳларимизни кечир, албатта, Сен барча нарсага қодирсан”, дерлар» (Таҳрим сураси, 8-оят).
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар!”
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: «“Холис тавба”, яъни чин тавба гуноҳни ёмон кўриш, уни эслаган заҳоти истиғфор айтишдир», деган. Бир ўринда: “Тавбанинг қабул бўлмаслигидан қўрқиб турилади”, дейилади.
Калбий раҳимаҳуллоҳ: “Холис тавба бу чин кўнгилдан пушаймон бўлиш, тил билан истиғфор айтиш, гуноҳни кўнгилдан таг-туги билан суғуриб ташлаш ва уни қайтиб қилмасликка аҳд қилиш ҳамда ёмон дўстларни тарк этиш”, деган.
Саид ибн Мусаййаб: “Холис тавба билан ўзингизга яхшилик қилган бўласиз”, деган.
Сиррий Сақатий: “Холис тавба фақат киши ўз нафсига ва мўминларга самимий насиҳат қилмагунча дуруст бўлмайди. Чунки тавба қилувчи киши одамларнинг ўзига ўхшашини хоҳлайди”, деган.
Абдуллоҳ ибн Тустарий: «Холис тавба бу аҳли сунна вал жамоа учундир, бидъат аҳли учун тавба йўқ. Бунга Набий алайҳиссаломнинг сўзлари далил: “Аллоҳ таоло ҳар бир бидъат аҳлидан тавбани тўсиб қўйди”».
Ҳузайфа айтади: “Киши тавба қилганидан сўнг ўша гуноҳга яна қайтса, у ёлғончидир. Холис тавбанинг асли самимийликдир”, деган.
Умар розияллоҳу анҳудан холис тавба ҳақида сўрашганда: “Киши ёмон амалдан тавба қилиб, сўнгра унга қайтмаслиги, қайтишни ҳам истамаслигидир”, деган.
“Шоядки, Раббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизни (дарахтлари) остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса”.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Гуноҳдан тавба қилувчи, гўё гуноҳсиз киши кабидир”, деб марҳамат қилганлар. Бир ўринда бундай келади: “Тавба қилинглар, шунда Аллоҳ таолога сизнинг гуноҳларингизни афв этиш ва дарахтлари остидан анҳорлари оқиб турган жаннатга киритиши вожиб бўлади”.
“Бир кундаки, Аллоҳ Набийни ва у билан бирга бўлган иймон келтирганларни шарманда қилмас”. Яъни, Набий алайҳиссаломни ҳам, у зот билан бирга иймон келтирганларни ҳам азобламайди.
Бани Киноналик киши айтади: «Фатҳ куни Набий алайҳиссаломнинг ортларида намоз ўқидим ва у зотнинг: “Ё Аллоҳ, қиёмат куни мени шарманда қилма”, деб дуо қилганларини эшитдим».
“Уларнинг нурлари олдиларида юриб борадир”. Қиёмат кунида Аллоҳ таоло нур бермаган бирорта ҳам мусулмон қолмайди. “Ва ўнг тарафларида” амал дафтарлари, яъни хушхабар ёзилган амал дафтарларини оладилар.
«Улар эса: “Раббимиз, бизга нуримизни батамом қилиб бер, гуноҳларимизни кечир, албатта, Сен барча нарсага қодирсан”, дерлар».
Қиёмат куни мунофиқларнинг нури сўндириб қўйилади. Мўминлар мунофиқларнинг ҳолини кўриб ташвишланиб: “Раббимиз бизга нуримизни батамом қилиб бер”, дейдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Набий алайҳиссалом: «Албатта, умматим қиёмат куни таҳоратнинг асаридан “Ғурран муҳажжалийн” деб (пешоналари оппоқ ва оёқ-қўлларидан нур таралиб турган ҳолларида) чақирилурлар. Сизлардан ким ўзининг ғуррани (пешона нурини) узайтиришга қодир бўлса, шуни қилсин!“ дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳга қасам, мен бир кунда Парвардигорга етмиш мартадан кўп истиғфор айтиб, тавба қиламан”, деганларини эшитдим» (Имом Бухорий ривояти).
Бадриддин Айний раҳимаҳуллоҳ “Умдатул қорий шарҳи саҳиҳил Бухорий” асарида айтади: “Ҳадиснинг мазмунига кўра, Набий алайҳиссалом гуноҳлари кечирилган бўлса-да, бир кунда етмиштадан кўп истиғфор айтиб, тавба қилганлар. Бу умматлари учун таълимдир”.
Фуқаҳолар айтадилар: “Одамзод ҳақига тааллуқли бўлмаган тавба уч шарт билан қабул бўлади: 1) гуноҳдан бутунлай тўхташ; 2) қилган ишига пушаймон бўлиш ва 3) гуноҳга қайтмасликка азму қарор қилиш. Шу шартлар бирлашса, тавба холис бўлади. Агар шартлардан бирортаси бажарилмаса, холис тавба юзага чиқмайди”.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким ҳар доим истиғфор айтиб юрса, Аллоҳ таоло унга турли тангликдан чиқиш ва ҳар қандай ғам-ташвишдан қутулиш йўлини кўрсатади ва ўйламаган томондан уни ризқлантиради”» (Имом Ибн Можа, Имом Абу Довуд ривояти).
Истиғфорни айтиб юришга одатланган инсон ҳар қандай қийинчиликни енга олади. Гуноҳлари кечирилиб, қалби ва нафси хотиржамликка эришади. Бало-офатлардан омонда бўлади. Мушкуллари ариб, моли ва ризқига барака киради.
“Тафсири Қуртубий”, “Фатҳул Борий”, “Тафсири Табарий” ва “Тафсири Мунир” асарлари асосида Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла РАУПОВ тайёрлади.

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги