Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ЖАННАТГА ЭЛТУВЧИ АМАЛЛАР

ЖАННАТГА ЭЛТУВЧИ АМАЛЛАР

Жаннатга киришга сабаб бўладиган амаллар жуда кўп бўлиб, уларни Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз ҳадисларида баён қилиб берганлар. Ким шу амалларни иймон ва ихлос билан бажарса, иншааллоҳ, жаннатга киради.

Қуйида уларнинг баъзиларини айтиб ўтамиз.

I. Бир кунда нафл рўза тутиш, жанозага қатнашиш, мискинга таом бериш, касал кўргани бориш каби амалларни жам қилиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан ким бугун рўзадор ҳолда тонг оттирди?” дедилар. Абу Бакр Сиддиқ: “Мен”, дедилар. У зот: “Сизлардан ким бугун жанозада иштирок этди?” дедилар. Абу Бакр Сиддиқ: “Мен”, дедилар. У зот: “Сизлардан ким бугун мискинга таом берди?” дедилар. Абу Бакр Сиддиқ: “Мен”, деди. У зот: “Сизлардан ким бугун касални кўргани борди?” дедилар. Абу Бакр Сиддиқ: “Мен”, дедилар. У зот: “(Шу хислатлар) кимда жам бўлса, у жаннатга киради”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бир кунда жам қилган тўрт солиҳ амал ҳақида ҳамда ким шу тўрт амални бир кунда жам қилса, жаннатга кириши ҳақида айтилмоқда. Бу тўрт амал солиҳ амаллардан бўлиб, агар улар бир кунда жам қилинмасдан алоҳида қилинадиган бўлса ҳам соҳибига кўп яхшиликлар олиб келади. Бу амалларнинг фазилатлари ҳадиси шарифларда баён қилинган:

1). Нафл рўза тутиш

Нафл рўзанинг фазилати ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, Аллоҳ таоло унинг юзини дўзахдан етмиш куз  (йил) узоқ қилади”, деганларини эшитганман” (Имом Бухорий ривояти).

2). Жанозага бориш

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким иймон ва савоб умиди ила бир мусулмоннинг жанозасига  қатнашса, жаноза ўқилиб, дафнидан фориғ бўлгунича у билан бўлса, у икки қийрот ажр билан қайтади. Ҳар бир қийрот Уҳуд тоғичадир. Ким жаноза ўқиса ва дафн қилинмай туриб қайтса, бир қийрот билан қайтади”, дедилар.Бухорий ривоят қилган.

3). Мискинга таом бериш.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон кийими йўқ мусулмоннга кийим кийдирса, Аллоҳ унга жаннатнинг яхши кийимларидан кийгизади. Қайси мусулмон қорни оч мусулмонга таом берса, Аллоҳ уни жаннат мевалари билан таомлантиради. Қайси мусулмон чанқаган мусулмонга сув берса, Аллоҳ уни “Роҳийқи махтум”[1]дан суғоради”, дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

4). Касални кўргани бориш.

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон киши мусулмон биродарини (касал ҳолида) кўргани борса, то қайтгунича жаннат хурфасида бўлади”, дедилар. “Эй, Аллоҳнинг Расули! Жаннат хурфаси нима?”-дейилди. У зот: “Жаннат мевалари”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадисда “жаннат хурфаси”да, яъни, жаннат меваларида ичида бўлади”, дейилишидан, зиёратчининг кўплаб савобга эга бўлиши ирода қилинмоқда.

Демак, бу санаб ўтилган тўрт амалнинг қайси бири қилинса ҳам эвазига охиратда кўп яхшиликлар бор экан. Ким Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга ўхшаб, бу амалларни бир кунда жамласа, иншааллоҳ жаннатга киради.

II. Тил ва жинсий аъзони ёмон ишлардан сақлаш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимни икки жағи орасидаги нарсанинг ёмонлигидан ва икки оёғи орасидаги нарсанинг ёмонлигидан сақласа, у жаннатга киради”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифда жуда ҳам муҳим икки нарса ҳақида айтиляпти. Яъни, инсон икки жағи орасидаги тилини ва жинсий аъзосини ҳаром ишлардан сақлайдиган бўлса, жаннатга кириши айтиляпти. Агар уларни ёмон ишлардан сақламаса, у дўзахга равона бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни энг кўп жаннатга киритадиган нарса ҳақида сўралдилар. У зот: “Аллоҳга тақво қилиш ва чиройли хулқ”, дедилар. У зот инсонларни энг кўп дўзахга киритадиган нарса ҳақида сўралдилар. У зот: “Оғиз ва жинсий аъзо”, деб айтдилар (Имом  Термизий ривояти).

Ушбу ҳадисларда оғиз ва жинсий аъзони ҳаром ишлардан сақлашга буюриляпти. Инсон оғиз ва тил сабабли инсон кўп ҳаром амалларни содир қилиши мумкин. Буларга,  ёлғончилик, ғийбат, чақимчилик, туҳмат қилиш, бировнинг обрўсини тўкиш, фаҳш сўзлар гапириш ва шу каби бошқа ҳаром амалларни мисол қилиш мумкин. Оғиз ва тил бошқа гуноҳларнинг асосчиси бўлганлиги сабабли шариъатимизда бунга эҳтиёт бўлишга тарғиб қилинган.

Ҳадисда қайтарилган яна бир иш, инсон жинсий аъзосини гуноҳ ишдан сақлашидир. Бундан зино назарда тутиляпти. Зеро, зино гуноҳи кабиралардан бўлиб, инсоннинг икки дунёда хору зор бўлишига сабабчи бўладиган амалдир. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:

“Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир” (Исро, 32-оят).

Аллоҳ таоло ушбу оятда зинога яқинлашмасликка буюряпти. Зинога яқинлашмаслик учун унга олиб борадиган воситалардан ҳам сақланиш керак. Зино қилиш жинсий аъзо сабабли содир бўлсада, зинога инсоннинг бошқа аъзолари орқали етиб борилади. Бунда инсоннинг бошқа аъзоларининг ҳам насибаси бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласига зинодан насибаси ёзиб қўйилган, шубҳасиз унга етади; Икки кўз зиноси назар қилиш, икки қулоқ зиноси қулоқ солиш, тил зиноси гапириш, қўл зиноси ушлаш, оёқ зиноси қадам босишдир. Қалб хоҳлайди ва орзу қилади. Жинсий аъзо эса, шуни тасдиқ қилади ёки уни ёлғонга чиқаради”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Демак, инсон зинога яқинлашмаслик учун, унга олиб борувчи амаллардан ўзини сақлаши керак экан.

Хулоса қилиб айтсак, инсонни жаннатга киришига сабаб бўладиган амаллар жуда ҳам кўп бўлиб, юқорида уларнинг баъзилари айтиб ўтилди холос. Ким бу ҳадисларга амал қиладиган бўлса, ҳадисларда айтилганига кўра, албатта унинг мукофоти жаннат бўлади.

Шокиржон Мадаминов,

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси


[1]  Раҳийқи махтум – муҳрланган жаннат шароби.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]