“Саҳиҳи Бухорий” асарининг “Қуръон фазилатлари китоби” бўлимининг “Қул ҳуваллоҳу аҳад”нинг фазилати ҳақидаги боб”ида ушбу ҳадислар келтирилган: “Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши бировнинг “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни такрор-такрор ўқиётганини эшитиб қолди. Тонг отгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, буни у зотга зикр қилди. Ўша киши буни оз санаётгандек эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, у Қуръоннинг учдан бирига тенг келади”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилиннган бошқа ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига: “Бирортангиз бир кечада Қуръоннинг учдан бирини ўқишга ожизлик қиладими?” дедилар. Бу уларга қийин туюлди ва: “Қай биримиз буни қила олардик, эй Аллоҳнинг Расули?” дейишди. У зот: “Аллоҳул вааҳидус сомад” – Қуръоннинг учдан биридир”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа бир ҳадисда бундай дейилади. Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини бир сарийяга (бош қилиб) юбордилар. У ҳамроҳлари учун намозида қироат қилиб, (қироатини) “Қул ҳуваллоҳу аҳад” (сураси) билан тугатарди. Улар қайтишгач, шуни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишди. У зот: “Ундан сўрангларчи, нима учун шундай қиларкан”, дедилар. Улар ундан сўрашди. У: “Чунки, у Роҳманнинг сифати, мен уни ўқишни яхши кўраман”, деб айтди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унга хабар беринглар, албатта Аллоҳ ҳам уни яхши кўради”,дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Шунингдек, “Жомиъ ат-Термизий” асарининг “Қуръон фазилатлари китоби” бўлимининг “Ихлос сураси борасида келган ҳадислар” бобида ушбу ҳадисларни келтирган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга келдим. Шунда у зот бир кишининг “Қул ҳуваллоҳу аҳад, Аллоҳус сомад” ни ўқиётганини эшитдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Вожиб бўлди”, дедилар. Мен: “Нима вожиб бўлди?”- дедим. У зот: “Жаннат”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қул ҳуваллоҳу аҳад Қуръоннинг учдан бирига тенг келади”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен мана бу сура “Қул ҳуваллоҳу аҳад” ни яхши кўраман”, деди. У зот: “Уни яхши кўришинг сени жаннатга киратади”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).
Анас ибн Моликдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар куни “Қул хуваллоҳу аҳад” (сураси) ни икки юз марта ўқиса, унинг зиммасидаги қарздан бошқа эллик йиллик гуноҳлари ўчирилади”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).
Анас ибн Моликдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким тўшагида ётиб ухламоқчи бўлиб, ўнг томони билан ётса, сўнгра “Қул ҳуваллоҳу аҳад” (сураси) ни юз марта ўқиса, қиёмат куни бўлса, Робб табарока ва таоло: “Эй бандам жаннатга ўнг томонингга кўра кир”, дейди”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).
Хулоса қилиб айтганда, Ихлос сурасининг фазилати жуда ҳам кўп бўлиб, ким бу сурани ҳадисларда келган фазилатларга эришиш ниятида ихлос билан қироат қиладиган бўлса, иншааллоҳ охиратда шу фазилатларга эга бўлади.
Шокиржон Мадаминов,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги