Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / ОИЛА ТИНЧ БЎЛСА ОЛАМ ТИНЧ БЎЛАДИ

ОИЛА ТИНЧ БЎЛСА ОЛАМ ТИНЧ БЎЛАДИ

2017 йилнинг 27 декабрь куни ЎМИ Тошкент вилояти вакиллиги томонидан Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга оид махсус чора-тадбирлар Дастурида белгиланган семинарларнинг навбатдагиси  Чиноз туманидаги 2 – ўрта мактабда “Қози маҳалла” ва “Хўжа” маҳалласи аҳолиси учун ташкил этилди. Унда Тошкент вилояти вакиллигидан Зангиота тумани бош имом-хатиби Нурали Мавлонов, Чиноз тумани ҳокими ўринбосари ҳамда туман бош-имом хатиби иштирок этди.

Учрашувда халқимизнинг оилапарварлиги, ҳатто инсонлар бор умри, барча ҳаракатлари, уринишларию куч-қувватини ана шу оиласи учун сарфлаши ҳақида гапирилиб, ҳаётнинг қимматли, қадрли вақтини фарзандлар, оила аъзоларининг тарбияси, илм олиш, келажак учун ажратиш мақсадга мувофиқ эканлиги, дунё, тирикчилик дардида кетказаётган ғайратнинг  бор йўғи бир қисмини ҳаёт мазмуни бўлган яқинлар учун бахшида этилса, ёшларни ҳеч ким ҳеч қандай оқимларга, жиноятчиликка, залолатга бошлай олмаслиги таъкидланди. Юртбошимизнинг “Ёшларнинг бўш вақти душманнинг иш вақти”, деган сўзлари айни ҳақиқат эканлиги, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олишда бор имкониятлардан тўлалигича фойдаланиб, билимли ва маърифатли ёшларни етиштиришимиз лозимлигига аҳамият қаратилди.

“Дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалар бизларга ибрат бўлсин. Улар бу кунга тушишни хоҳлашганмиди?! Асло, йўқ! Шундай экан, ҳар бир ота ўз оиласини ислоҳ қилсин, бу эса фақат илм-тафаккурли оила раҳбарларининг қўлидан келади. Демак, илм бир зиёдирки, у халқимиз, миллатимиз, динимиз ривожини таъминлайди, оилаларимизга хотиржамлик беради. Зеро, инсоннинг оиласи тинч, хотиржам бўлсагина, бошқа ишларда жонбозлик кўрсата олади”, – деди Н. Мавлонов.

Ушбу мулоқотдан шуни англаш мумкин эдики, иштирокчилар, айниқса, ёшлар илму маърифатга чанқоқ. Улар томонидан берилган саволлар, билдирилган истагу таклифлар бунга далолат қилиб турибди.

Йиғилиш сўнгида вилоят вакиллиги томонидан маҳалла кутубхоналари учун адабиётлар совға қилинди.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]