Ватанимизни ҳимоя қилган, унинг эркинлиги, мустақиллиги ва xалқимиз тинчлиги учун курашган ватандошларимиз xотираси қалбларимизда мангуликка муҳрланган. Ўтганларнинг номларини ёд этиш, хотирасини ҳурмат билан эслаш, уларнинг руҳларини шод қилиш эзгу одатга айланган.
Ўтганлар руҳини ёд этиш, тирикларга меҳр-оқибат кўрсатиш қадрият, қолаверса, ҳар бир кишининг инсоний бурчи саналади. Мана шу эзгу фазилатлар Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан янада ёрқин намоён бўлади.
Барча инсон бирдек қадр-қимматга эга. Муқаддас Ислом дини инсон қадрини юқори кўтарган. Инсон тириклигида қандай эъзозланса, вафот этганидан кейин ҳам қадрлидир.
Дунёдан ўтган марҳум яқинларимизни доимо яхши сифатлар билан эслаш ҳам инсоний бурчимиздир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дунёдан ўтганларингизнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан тийилинглар” деганлар (Имом Термизий ривояти).
Биз ўтганларни муайян бир кунда, яъни 9 майда хотирлашимиз рамзий маънода бўлиб, аслида ҳар доим уларни эслаб дуолар қиламиз. Уларнинг ҳаёт йўлларини ўрганиб ибратлар оламиз. Шунингдек, фарзандларимизга ҳам ўтган аждодларимизнинг ҳаёти биз учун улкан намуна эканини уқтириб келамиз. Уларнинг яхшиликларини ҳамиша ёдда тутамиз. Зеро, тарихий хотирасиз келажак йўқ, деб бежизга айтилмаган.
Хотира ва қадрлаш бир кунлик бўлмаслиги керак. Ватан, миллат, дин йўлида жон фидо қилган аждодларимиз хотираси бизлар учун қанчалик ардоқли ва муқаддас бўлса, кексалик ёшига етган улуғларимизнинг қадрига етиш, ҳурматини жойига қўйиш ҳам шунчалик муҳимдир.
Дўстлар, яхшиларни авайлаб сақланг,
Салом деган сўзнинг салмоғин оқланг.
Ўлганда юз соат йиғлаб тургандан,
Уни тиригида бир соат йўқланг, деб бежиз айтилмаган.
Бу кунларда қилинадиган хайрли ишлардан бири ёши улуғ кишиларнинг ҳолидан хабар олишимиз, уларнинг қалбларига хурсандлик киритишимиздир. Зеро, ҳадиси шарифда бундай дейишлган: “Кичигимизга раҳм килмаган ва катталаримизнинг қадрига етмаган биздан эмас” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Давлатимиз доимо уруш қатнашчилари кекса ёшдаги отахонларимиз, онахонларимиз ва барча нафакахўрларга алоҳида диққат-эътибор билан ғамхўрлик қилиб келмоқда. Яратгандан барча марҳум аждодларимизни Ўзининг раҳматига олиб, уларнинг ҳақларига қилаётган дуоларимизни қабул айлаб, орамизда ҳаёт бўлганларга офият беришини сўраймиз. Ватанини ҳимоя қилишда жонини фидо қилган, халқ орзу қилган эркинлик учун курашган миллий қаҳрамонларимизнинг руҳлари шод, охиратлари обод бўлсин.
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Янгийул тумани “Имом Султон” жоме масжиди имом–хатиби

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги