Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ТАБИАТ МУҲОФАЗАСИ – БАРЧАНИНГ БУРЧИ

ТАБИАТ МУҲОФАЗАСИ – БАРЧАНИНГ БУРЧИ

Ислом дини барчамизга атроф-муҳитни тоза, озода сақлаш, ичимлик сувининг беғубор, ўзимизнинг эса покиза юришимизга буюради. Асрлар бўйлаб мусулмонлар ариқ, дарё ва денгиз сувларини покиза сақлашни ўзларининг бурчлари деб билишган. Қуръони каримда денгиз, дарё ва ариқларни ифлослантирмасликка буюрилган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «У сизлар учун Ерни “пойандоз”, осмонни “бино” қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, у сабабли сизларга ризқ сифатида мевалар (мевали дарахтлар)ни ундирди. Бас, билиб туриб, Аллоҳга (ибодатда) бошқаларни (сохта маъбудаларни) тенглаштирмангиз!» (Бақара сураси, 22-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам 1400 йил бурун табиатни муҳофаза қилишни бизга ўргатиб келганлар. Ҳадисларда айтилишича, у зот бир мақомда ёввойи ҳайвонларни аёвсиз қиришни ман этганлар. Гиёҳ, дарахт ва ҳайвонларни сақлаш учун “ал-Бужж” деган жойда қўриқхона ташкил қилдилар. Бу эса табиатни муҳофаза қилиш мусулмонларнинг асосий вазифаларидан бири эканини билдиради. Демак, табиатга оид ҳар бир нарсани асрар эканмиз, улар келажак авлод ва инсониятга биздан мерос бўлиб қолади. Авлодларимиз ўтганлардан рози бўлиб, уларнинг ҳақларига хайрли дуо қилиб юрадилар.

Аллоҳ таоло барча нарсаларни бир-бирига узвий боғлиқ ҳолда, ўзига хос ўлчови ва ҳисоби билан яратган. Бу ҳақда Қуръони каримда далиллар кўп. Жумладан: “Биз ҳамма нарсани ўз ўлчови билан яратдик” (Қамар сураси, 49-оят);

“…ҳар бир нарса Унинг наздида ўз ўлчови ва маълум миқдори билан бўлур” (Раъд сураси, 8-оят);

“Аллоҳ таоло осмондан ёмғир сувларини туширади ва водийларда сувлар ўз ўлчови ва ҳисоби билан оқади…” (Раъд сураси, 8-оят);

“Биз осмондан ҳисоби билан ёмғир сувларини ёғдириб, Ерга ўрнаштирдик. Биз бу сувларни кетказиб сизларни ундан маҳрум қилиб қўйишга ҳам қодирмиз” (Мўминун сураси, 18-оят).

Бу ояти карималар орқали Ер юзидаги барча нарсалар, шу жумладан, сув ҳам ўзининг маълум ҳисоби ва ўлчови билан яратилгани хабари берилади. Табиатнинг мувозанати мана шу илоҳий ўлчов билангина сақланиб қолиши мумкин.

Охирги ояти карима тафсирида айтилишича, мабодо Аллоҳ таоло ер юзидаги сувларни ўзининг ҳисоби бўйича бошқариб, керакли жойларга оқизиб ва ҳожатга яраша тақсимлаб турмаганда эди, Ер юзи сув билан қўшилиб кетиши ва умум-ҳалокатли натижаларга олиб келган бўлур эди. Яъни керагидан ортиқ ёмғир ёғдириб юборса, сув тошқини пайдо бўлиб, экинлардан тортиб турар жойларгача вайрон бўлиб кетиши, агар бутунлай ёғдирмай қўйса, қурғоқчилик, сув танқислиги рўй бериши мумкин эди.

Дарҳақиқат, мана ахборот воситалари орқали дунёнинг гоҳ у, гоҳ бу қисмида сув тошқинлари, сел олиш ёки сувсизлик ҳодисаларини гувоҳи бўлиб турибмиз. Демак, ажойиб, гўзал ва шу билан бирга нозик қилиб яратиб қўйилган табиатни ўз аслича давом этиши аввало яратувчининг Ўзига боғлиқ бўлса, уни суистемол қилмасдан, мувозанатига ҳалал етказмай, ундан оқилона фойдаланган ҳолда яшашлик бу бизнинг вазифамиз экан.

Сир эмас, дунёда, хусусан, Марказий Осиёда сўнгги йилларда теварак атроф, ер, сув, ҳаво бир мунча ифлосланиб, инсон саломатлигига зарар етказмоқда. Бунинг олдини олиш, табиатни муҳофаза қилиб, соғлом авлод учун курашиш эса барчамизнинг, мўмин-мусулмонларнинг вожиби бўлмоғи лозим.

Ичимлик сувидан фойдаланганимизда ҳали ҳам исрофгарчиликларга йўл қўйилмоқда. Баъзи хонадонларга кирилганда ёки маҳаллада умумий фойдаланиш учун ўрнатилган крантлар ёҳуд кўча-куйда йўловчилар фойдаланиши учун чиқариб қўйилган ёинки бозорларда аҳоли фойдаланиши учун ўрнатилган крантларнинг аксарияти қишин-ёзин очиқ холда қолиб кетиши, уни тузатишга келсак, “Манга нима, кимга керак бўлса қилиб олсин!” деган маънодаги бепарволиклар айнан исрофгарчиликнинг ўзидир.

Мана шундай нарсаларга мусулмон киши бефарқ бўлмаслиги лозим.

Нигора ИМОМОВА,

Тошкент вилояти бош отинойиси

[carousel-horizontal-posts-content-slider]