Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Ой якуни

Рамазон ойи якунланар экан, Аллоҳ Таъоло бандаларига Ўзини улуғлашни жорий қилди:

وَلِتُكْمِلُوا الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُوا اللهَ عَلَىٰ مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ

“Бу саноқни мукаммал қилишингиз (Рамазон ойи рўзасини тўлиқ, охиригача тутишингиз) ва ҳидоят қилгани сабабли Aллоҳни улуғлашингиз учундир. Шоядки, шукр қилсангиз”. (“Бақара” сураси, 185-оят).

Ҳофиз Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ айтади: “Кўпчилик олимлар ушбу оятга кўра Рамазон ҳайитида такбир айтиш машруъ (шариат жорий қилган) амал бўлишини айтган. Ҳатто Довуд Зоҳирий буни вожиб деган. Аксинча, Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ “Рамазон ҳайитида такбир айтиш машруъ эмас”, деган. Жумҳур (аксар) фақиҳларга кўра Рамазон ҳайитида такбир айтиш мустаҳаб”. “Тафсирул Қуръонил-азим”, 1-жилд, 505-бет.

Худди Қурбон ҳайити арафасида бўлганидек, Рамазон ҳайити қачонлиги маълум бўлгач, Аллоҳни улуғлаш – такбир айтиш суннат. Бунда масжидларда, уйларда,  такбир айтилади. Такбир айтиш Шаввол ҳилоли кўринганидан бошлаб, Рамазон ҳайит намозида ва шу куни айтилади. Яъни, Рамазон ҳайити олдидан айтиладиган такбирнинг вақти Қурбон ҳайитидан олдин ва кейин айтиладиган такбирга нисбатан анча қисқа.

Такбирнинг аниқ бир кўринишига қатъий далил йўқ. Қурбон ҳайитидаги такбири ташриқни айтиш ҳам мумкин:

اللهُ أَكْبَرُ اللهُ أَكْبَرُ، لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَاللهُ أَكْبَرُ، اللهُ أَكْبَرُ وَللهِ الْحَمْدُ

“Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар, ла илаҳа иллаллоҳу Валлоҳу Акбар. Аллоҳу Акбар, ва лиллаҳил ҳамд” (“Аллоҳ улуғдир, Аллоҳ улуғдир. Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Аллоҳ улуғдир. Аллоҳ улуғдир ва барча ҳамд Аллоҳникидир”). Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”да (2/168) ривоят қилган, Ибн Ҳумом “Фатҳул-қодийр”да (2/82).

Бунинг ҳикмати шундаки, Аллоҳ Таъоло барча ибодатларни бажаргандан кейин Ўзига ҳамд айтиш, улуғлашни жорий қилди. Чунки Унинг тавфиқи, ҳидоятисиз бу амалларни бажаришга куч-қувватимиз ҳам, хоҳишимиз ҳам бўлмасди. Атрофда қанча замондош, бир жойда яшовчи инсонлар бор – Аллоҳнинг тоатидан узоқ. Ҳолбуки, улар ҳам биз эшитган нарсани эшитган, биз қилаётган ишларни кўриб турибди. Шундай вазиятда ибодатларга йўллаб, буни бизга осон қилиб қўйган Аллоҳга ҳамд айтиш банданинг шукри бўлади.

Шу билан бирга бир ибодатни якунлагандан кейин бошқа ибодат – Аллоҳга ҳамд айтиш, Уни улуғлашда ибодатларнинг тўхтаб қолмаслиги, Рамазон тугагани билан унда кўпчилик одатланган намоз ва рўза йил бўйи, умр мобайнида давом этишига ишора бор: намоз ҳар куни беш вақт фарз, нафл рўзаларни йилнинг исталган вақтида тутиш мумкин.

Рамазон – йил давомидаги энг фазилатли ибодат мавсуми эди. Бу ой давомида Аллоҳнинг инояти билан кўп одатларимизни ўзгартирдик: намоз ўқимайдиганлар саждага эгилди, мунтазам рўза тутишни ўргандик, фақир-мискинларга молимиздан садақа бердик, кун давомида ножўя, фаҳш сўзларни тилимизга олмадик, тунлари бедор бўлиб, зикр ва дуолар билан машғул бўлдик… Мана шу ҳолатни буёғига ҳам имкон қадар сақлаб қолсак, нажот топувчилардан бўламиз, Иншааллоҳ.

Аллоҳ охиримизни хайрли қилсин.

وَآخِرُ دَعْوَاهُمْ أَنِ الْحَمْدُ لِلَّـهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ

“(Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилиб ўтганларнинг Жаннатдаги) охирги дуолари “Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин”, деб айтишдир”. (“Юнус” сураси, 10-оят).

«Пайғамбар ота» жоме масжиди имом-хатиби:

 Фатҳиддин Фахриддин ўғли.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]