Мисрлик салафий олимлардан бири Мустафо Адавий, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳақида “Абу Ҳанифа машҳур фақиҳ ва ҳадисда заифдир”, деб айтибди.
Бу гап ҳақиқати қандай? Ростдан ҳам шундайми ёки бу гап ёлғонми?
Аввало, бу гапни айтган Мустафо Адавийнинг устозлари ким? Илмни кимлардан олган?
Демак, Мустафо Адавийнинг биргина шайхи (устози) бўлиб у салафий олим Муқбил ибн Ҳодий Водиъий Яманийдир, тамом.
Сониян, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг устозлари ким бўлган?
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бир минг беш юз чоғлиқ саҳобалар яшаган Кўфа шаҳри ва минг минглаб тобеинлар ичида яшаганлар.
У зотнинг шайх (устоз) лари эса қуйидагичадир:
Ато ибн Рабоҳ (муҳаддис, фақиҳ, Макка муфтийси бўлган катта тобеин).
Имом Шаъбий (муҳаддис, фақиҳ, катта тобеин).
Товус (муҳаддис, тобеинларнинг катта фақиҳларидан, катта тобеин).
Жабала ибн Суҳайм (муҳаддис, тобеин).
Адий ибн Собит (муҳаддис, тобеин).
Абдураҳмон ибн Ҳурмуз (Мадина фақиҳи, муҳаддис, тобеин).
Амр ибн Динор (Макка фақиҳи, муҳаддис, тобеин).
Абу Суфён Талҳа ибн Нофеъ (муҳаддис тобеин).
Ибн Умар мавлоси Нофеъ (Макка тобеинларининг имомларидан, муҳаддис, фақиҳ).
Қосим ибн Абдураҳмон ибн Абдуллоҳ ибн Масъуд (Куфа қозиси, муҳаддис, тобеин).
Бу олтин силсиладаги тобеинлар муҳаддислар ва фақиҳларнинг энг етуклари бўлишган.
Шунингдек, имом Абу Ҳанифанинг “Муснад” ҳадис тўплами бўлиб, унда Имом Абу Ҳанифа ривоят қилган ҳадислар жамланган.
Хулоса: Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ тобеин (сўзи ҳужжат ҳисобланадиган зот) бўлиб, асри саодатда яшаган мужтаҳид бўлган.
Биз юқорида у зотнинг ўн нафар устозларини келтирдик ва бу зотларнинг барчаси саҳобалардан таълим олган тобеинлар бўлиб, деярли барчалари муҳаддис бўлишган.
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ мужтаҳид, фақиҳ ва ҳадис илмида ишончли зот бўлган!

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги