14 январь – Ватан ҳимоячилари куни
Ватан – бизга Аллоҳ таоло инъом этган энг буюк неъмат. Уни чин дилдан севиш ва ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмайди. Бири бу Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси, Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини”, – деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ таоло юртларни Ватан муҳаббати билан обод қилди”, деган.
Ватан ҳимояси фақат ҳарбийнинг иши эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар – ўқитувчи ёки шифокор, тадбиркор ёхуд хизматчи бўладими ҳамма шу азиз юртни кўз қорачиғидек асраш керак. “Ҳимоя қилиш” деганда, фақат қурол билан эмас, керак бўлса, сўз билан ғанимларга раддия бериш Ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши курашдир. Бу ҳам иймоний бурчга киради.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳу ривоят қилиб: «Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир», – деганлар (Имом Абу Довуд ривояти). Ҳадисда санаб ўтилган мол, жон, дин ва оила киши ҳаётининг мазмуни, унинг Ватанини ифода этади.
Дарҳақиқат, бундай кишига шаҳидлик мартабаси берилиши бежиз эмас. Чунки у инсон учун энг азиз бўлган нарсани ҳимоя қилишга қасд қилган. Акс ҳолда, унинг шаъни ва ғурури топталган бўлур эди.
Ибн Умар розияллоху анҳумодан ривоят килинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга Лайлатул Қадрдан афзал кеча ҳақида хабар берайми? У аҳлига қайтмаслик эҳтимоли бор, хавфли ерда посбонлик қилган қўриқчи(нинг кечаси)дир”, дедилар (Имом Ҳоким ва Имом Байҳақий ривояти).
Ҳакимлар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.
Она-Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан, Темур Малик, буюк саркарда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ юртпарварлар, Ватан озодлиги йўлида қўлида тиғ ила жон берган Шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Бобур Мирзолар ибрати беихтиёр кўз олдимизга келади.
Соҳибқирон Амир Темурнинг нақадар буюк ватанпарвар бўлганини тарих жуда яхши билади. Улуғларимиз таъкидлаганидек: “Миллат ғамида ёнган, унинг истиқболи ва истиқлоли йўлида фидокорлик кўрсатиб яшаган арбобни келажак ва тарих ҳеч қачон унутмайди. Амир Темур ана шундай тарихий ва унутилмас шахсдир”.
Бизлар ўз фарзандларимизга ана шу улуғлар йўлини уларнинг она-Ватан ҳимояси ва манфаати йўлида кўрсатган буюк жасоратлари ва садоқатларини англатмоғимиз лозим. Шундагина уларнинг дилидан Ватанга муҳаббат туйғулари, юртни ташқи кучлар хуружидан ҳамиша ҳимоя қилиш ҳисси мустаҳкам ўрин олади.
Бу туйғулар нақадар улуғлиги ҳақида ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деган: “Она-Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлур”.
Аллоҳ таоло юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган Ватан ҳимоячиларини ўз паноҳида асраб, азиз диёримиз осмонини мусаффо, Ватанимиз тинчлигини барқарор ва халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон айласин!
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Янгийўл тумани «Қирсадақ» жоме масжиди имом–хатиби

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги