Ҳалол ризқ талаб қилиш, ҳалол луқма ейиш Ислом динида муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бу Аллоҳ таолонинг буйруғидир. Шу эътибордан Қуръони каримда бу борада жуда кўп оятлар бор.
Бақара сурасида бундай дейилган: “Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ва шайтон изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир” (168-оят).
Ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларни ҳалол нарсаларни тановул қилишга амр қиляпти. Шунингдек, шайтонга эргашишдан қайтармоқда. Зеро, ким шайтонга эргашса, у учун ҳалол-ҳаромнинг фарқи бўлмайди. Шайтон ўзига эргашган инсонларга ҳалол едирмаслик билан, уларни Аллоҳнинг тоатидан чалғитишга ҳаракат қилади. Демак, ким ҳалол луқма талабида бўлса, шайтонга эргашмаган ва унга қарши чиққан бўлади.
Бошқа оятда бундай дейилган: “Ва Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар. Ўзингиз ишонган Аллоҳга тақво қилинг”. (Моида сураси, 88-оят).
Ушбу оятда ҳам Аллоҳ таоло инсонларни ҳалол нарсаларни ейишга буюряпти. Қуйидаги оятда эса, Аллоҳ таоло мусулмонларни Ер юзида тарқалиб ҳалол йўл билан ризқ топишга тарғиб қилмоқда: “Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки ютуққа эришсангиз” (Жумъа сураси, 10-оят).
“Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг” оятини “Айсарут тафасийр” китобида “Саъйу ҳаракат ва амал билан Аллоҳ таолодан ризқ талаб қилинглар”, деб тафсир қилинган.
Арок ибн Молик[1] раҳимаҳуллоҳ жума намозини ўқиб бўлгач, масжид эшиги олдига бориб: “Эй Аллоҳим! Мен чақириғингни қабул қилиб, фарзингни адо қилдим. Энди Сен буюрганингдек (ризқ талабида) кетяпман, фазлинг сабабли мени ризқлантиргин. Сен энг яхши ризқ берувчи Зотсан”, деб дуо қиларкан[2].
Бошқа бир оятда эса бундай дейилган: “У сизларга ерни бўйсундириб қўйган зотдир. Бас, унинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқида енг ва қабрдан чиқиб бориш ҳам Унинг ҳузуририга бўлади” (Мулк сураси, 15-оят).
Ушбу ояти карима уламолар томонидан Исломда меҳнатга чорлаш ва ризқни териб ейиш, ер юзининг турли жойларида ҳаракат қилиш зарурлигига далил қилиб келтирилади.
Бошқа бир оятда шундай дейилган:
“Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг”[3].
Имом Қуртубий ушбу оят тафсирида: “Бу оятдаги “ботил йўл билан еманг” қайтариғи остига ҳаромнинг барча турлари киради. Қимор, ёлғон, ҳаром нарсаларни сотиб пул топиш, ҳаром касбларни қилиб мол топиш ва ҳоказо”, деган.[4]
Юқорида келтирилган ояти карималарда ҳалол ризқ талаб қилишга буюриляпти. Шунингдек, бировларнинг молини ботил йўл билан ейишдан қайтариляпти. Демак, ҳалол ризқ талаб қилиш Аллоҳнинг амри бўлиб, бунга итоат этиш лозим. Ким бу амрга итоат этса, у улкан ажрларга эга бўлади. Шунингдек, ҳалол таом ейиш, ҳаром луқмадан сақланиш дуоларнинг ижобат бўлишига ҳам асос бўлади.
Бу ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилган: «Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У киши айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта Аллоҳ таоло Покдир ва фақатгина покиза нарсани қабул қилади. Албатта, Аллоҳ таоло мўминларга расулларга амр қилган нарсани амр қилди. Аллоҳ таоло айтади: “Эй Расуллар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амал қилинглар”[5], деди. Ва яна: “Эй иймон келтирганлар! Биз сизга ризқ қилиб берган пок нарсалардан енглар”[6], деди. Сўнгра, узоқ сафар қилган кишини зикр қилдилар: “Бир киши узоқ сафар қилади, сочи тўзғиб, (уст-боши) чанг бўлади. Қўлларини осмонга чўзиб: “Эй Раббим, эй Раббим”, дейди. Ҳолбуки, егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаромдан озиқланган. Унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?”дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Шунингдек, Бақара сурасининг 168-оятининг тафсири борасида тафсир китобларида ушбу ривоят келтирилган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. У киши айтдилар: «Мана бу: “Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар….” (Бақара сураси, 168)ояти Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурида тиловат қилинди. Шунда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: “Эй Расулуллоҳ, Аллоҳга дуо қилинг, мени дуоси ижобат бўладиган қилиб қўйсин”, деди. У зот: “Эй Саъд! Таомингни ҳалол қилгин, шунда дуоси ижобат бўладиган бўласан. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, киши ҳаром луқмани қорнига ташлайдиган бўлса, унинг амали қирқ кунгача қабул қилинмайди. Қайси банданинг гўшти ҳаром ва рибодан ўсадиган бўлса, унга дўзах муносибдир”, дедилар»[7].
Хуллас, барча мусулмонлар ҳалол ризқ талаб қилишга интилишлари лозим. Чунки бу Аллоҳнинг буйруғидир. Кким ҳаром ейдиган бўлса ёки фарзандларини ҳаромдан таомлантирадиган бўлса, гуноҳкор бўлади ва қиёматда бунинг учун жавоб беради. Зеро, пайғамбар алайҳиссаломлар ҳам ҳалол касб қилишган. Масалан, Одам алайҳиссалом деҳқончилик қилганлар, Иброҳим алайҳиссалом зироатчи бўлганлар, Нуҳ алайҳиссалом дурадгор бўлганлар, Шуайб алайҳиссалом чўпон бўлганлар, Довуд алайҳиссалом темирчи бўлганлар. Яъни совут ясаб сотганлар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёшликларида қўй боққиб чўпонлик қилганлар, кейин савдогарлик қилганлар. Демак, барчани тўғри йўлга бошлайдиган улуғ зотлар ҳам ҳалол касб қилиб ҳаёт кечиришган. Шунга кўра, барчамиз ҳалол луқма талабида бўлишимиз лозим. Аллоҳ барчамизни ҳалол ризқ билан ризқлантирсин.
Шокиржон МАДАМИНОВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
[1] Арок ибн Молик Ғифорий Маданий раҳимаҳуллоҳ фақиҳ, муҳаддис бўлган. У киши улуғ тобеинлардан бўлиб Абу Ҳурайра, Ойша, Ибн Умар ва Зайнаб бинти Абу Салама розияллоҳу анҳумдан ривоят қилган. У кишидан ўғли Хусайм ибн Ирок ва Букайр ибн Ашаж, Язийду ибн Абу Ҳабийб ва Яҳё ибн Саъийд ва бошқалар ривоят қилишган. У киши кундузлари рўзадор, кечалари намозда қоим бўларди. Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ: “Мен Ирок ибн Моликдан кўра кўпроқ намоз ўқийдиган бирор кишини билмайман”, деган.
[2] “Мухтасару тафсири Ибн Касийр, Муҳаммад Али Собуний.
[3] Бақара сураси, 188-оят.
[4] “Тафсири Ҳилол”. Биринчи жуз. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.
[5] Муъминун сураси, 51-оят.
[6] Бақара сураси, 172-оят.
[7] “Тафсирул Қуръанил азийм”, Ибн Касийр. “Ад-Дуррул мансур”, Жалолиддин Суютий. “Муъжамул авсот”, Табароний.

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги