Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / “Саҳиҳ ҳадис менинг мазҳабимдир”

“Саҳиҳ ҳадис менинг мазҳабимдир”

Сарлавҳада келтирилган ибора Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳга нисбат берилади. Бошқа мазҳаббошилардан ҳам шунга ўхшаш гаплар нақл қилинган. Масалан, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ:

إذا وجدتم في كتاب خلاف سنة رسول الله فقول بسنة رسول الله و دعونا قلت

яъни: “Агар китобимда Расулуллоҳнинг сўзларига тескари гапни топсангиз, менинг гапимни қўйиб, Набий алайҳиссаломнинг айтганларини олинглар”.

Имом Моликнинг ҳам машҳур гапи бор:

كل يؤخذ من قوله و يترك الا صاحب هذا القبر

яъни: “Ҳар бир одамнинг гапи олинади ва тарк қилинади. Илло, бу қабр эгасиники тарк қилинмайди”, деб Расулуллоҳнинг қабрларига ишора қилган.

Ҳар бир инсон хато қилади. Шу боис Расулуллоҳнинг гаплари олинади, деган.

Имом Аҳмад ҳам шу борада бир гап айтган:

لا تقلبني ولا مالكا ولا شافعيا وخذ من حيث أخذو

яъни: “Менга ҳам эргашма, Имом Моликка ҳам, Имом Шофеъийга ҳам эргашма. Улар олган жойдан олавер”, деган.

Ушбу гапларни эшитиб, демак, саҳиҳ ҳадис тўғри экан, мен шунга эргашсам бўлаверади, дейиш хато.

Имом Нававий бундай деган:

هذا اللذي قاله الشافعي ليس معناه أن كل واحد إن رآه  حديثا صحيحا هذا مذهب الشافعي وعمل بظاهره

яъни: “Одамлар айтганидек саҳиҳ ҳадисни олиб унинг зоҳирига амал қилиб кетилаверади” дегани эмас.

Ибн Салоҳ:

ليس العمل بالظاهر ما قاله الشافعي بالهين

яъни: “Имом Шофеъий айтган гапларига амал илиш осон эмас”.

Имомнинг гаплари нима дегани? Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, ўшанга амал қилиб кетаверинг. Яъни саҳиҳ ҳадис – тўғри, ундан ҳужжат олиб кетавериш осон  эмас.

У киши гапларини давом эттириб, бундай деган:

ليس لكل فقيه يسوب له أن يستقل بالعمل بما يراه حجتا من الحديث

яъни: “Ҳатто фақиҳларга ҳам, яъни диндаги ҳар бир масаланинг нозик жиҳатларигача биладиган кишиларга ҳам мумкин эмас”.

Демак, мазҳаббошиларимизнинг юқоридаги гапларини уламолар тушунганидек тушунишимиз зарур. Мазҳаббошиларимиз юқоридаги гапларида мужтаҳидларгина бундан ҳужжат олишади, демоқчи бўлганлар.

Бугунги кунда юқоридаги гапларни ҳужжат қилиб, намозхонларни мазҳабдан қайтаришга ҳаракат қилаётган одамлар мазҳабларга хиёнат қилаётган кишилардир. Чунки бу гаплардан таъсирланиб динини нотўғри тушунчалар асосига қуриб олса, бутун умр шунга амал қилади.

Динимизни тўғри тушунчалар асосига қурсак, амалимиз ҳам тўғри бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизга Ўз динини тўғри ўрганишга тавфиқ берсин.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]