Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / ИСЛОМ – БАҒРИКЕНГ ДИН

ИСЛОМ – БАҒРИКЕНГ ДИН

Бугун Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов пешин намозида Тошкент шаридаги “Сузук ота” жоме масжидига ташриф буюриб, пешин намозини жамоат билан бирга адо этгач, мўмин-мусулмонларга 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан “Ислом – бағрикенг дин” мавзусида мавъиза қилиб бердилар:

– Ислом дини нафақат мусулмонлар ўртасида, балки бошқа дин вакиллари билан ҳам тинч-тотув яшашга тарғиб этади. Қуръони каримда: «Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар», дейилган (Мумтаҳани сураси, 8-оят).

Абу Лайс Самарқандий “Баҳрул улум” тафсирида мазкур оятни шарҳлаб, бундай деган: “Ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муомалада бўлинг”.

Машҳур муфассир Абул Баракот Насафий “Мадорикут танзил” асарида мазкур оят шарҳида: “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг, уларга сўз билан ҳам, иш билан ҳам яхши муомалада бўлинг”, деб баён этганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига туширганлар ва “улар бизнинг саҳобаларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен ўзим уларни иззат-икром қилишни хуш кўраман”, деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлар. Шунингдек, У зот элчи бўлиб келган Нажрон насороларини ҳам ўз масжидларида ибодат қилишларига рухсат берганлар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврларида Илиё аҳли насронийларига ўзлари сўраганларидан ҳам кўп имкониятлар берилган. Мана бу ҳам Исломдаги бағрикенгликнинг яққол намунасидир.

Ҳорун Рашид даврида бағрикенглик ажойиб бўлган. Муаррихлар буни бундай изоҳлашади: “Масиҳийлар, яҳудийлар ва мусулмонлар ҳукумат ишларида бирга ишлар эдилар”.

Халифа Маъмун ўз академиясига турли дин ва мазҳаб соҳибларидан бўлган олимларни тўплаб, уларга: “Илмдан нимани хоҳласангиз, баҳс қилаверинглар, фақат тоифачилик келиб чиқмаслиги учун ҳар ким ўз диний китобидан далил келтирмаса, бўлди”, деган.

Дарҳақиқат, Ислом ғоят бағрикенг ва самоҳат динидир. Бунинг амалий тасдиғи сифатида ҳозирга кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшаётганида кўриш мумкин.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, кўпмиллатли халқимизнинг турмушини бундан-да фаровон қилсин, омин!

[carousel-horizontal-posts-content-slider]