Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Муддассир сурасида шундай марҳамат қилади:
«Эй (либосларига) бурканиб олган зот, туринг-да, (инсонларни охират азобидан) огоҳлантиринг!» (1-2 оятлар).
Мазкур оятлар замирида гўё шундай бир нидо бор; Фақат ўзи учун яшайдиган кимсаларгина роҳат қучоғида ётишлари мумкин. Бироқ мана шундай улкан вазифани елкасига олган сиздек инсон учун ғафлатда ухлаб ётиш мумкинми?! Роҳат мумкинми?! Иссиқ тўшак, тинч турмуш, кишига хуш ёқадиган дунё матолари мумкинми?! Туринг, сизни кутиб турган улуғ вазифани қаршиланг, сиз учун тайёрланган оғир юкни елкангизга олинг. Туринг, машаққат, меҳнат, қийинчилик ва заҳмат сари юринг. Туринг, уйқу вақти, роҳат-фароғат даври ўтди. Бугундан бошлаб сиз учун узлуксиз бедорлик, оғир ва узоқ жидду-жахд даври бошланди. Туринг, ана шу иш учун ҳозирлик кўринг, ўзингизни шайланг.
Бу жуда қўрқинчли ва улкан сўз эди. Ана шу сўз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ғавғолар ва савдолар гирдобига, инсонлар қалбида ҳам, ҳаёт воқелигида ҳам бирдек оғир курашлар бўронига ташлаш учун тинч уйларидаги иссиқ тўшакларидан, тафтли оғушлардан суғуриб олди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан турдилар ва йигирма йилдан зиёдроқ вақт мобайнида қоим бўлдилар. Роҳат кўрмасдан, тиним билмасдан, на ўзлари ва на аҳли аёллари учун яшамасдан ўтдилар. Турдилар, Аллоҳга даъват учун бел боғладилар. Чарчоқ нималигини билмасдан ана шундай оғир, залворли юкни, ер юзидаги энг улкан омонат юкини, бутун башарият юкини, ақида юкини, турли майдонлардаги турли курашлар ва машаққатлар юкини елкаларига олдилар. Йигирма йилдан зиёд вақт давомида узлуксиз ва кескин муҳорабалар ичида умр кечирдилар. Ана шундай узоқ йиллар мобайнида ҳам ҳеч нарса у кишини чалғитиб қўймади. Улуғ илоҳий нидони эшитган соатларидан бошлаб, беҳад оғир масъулиятни зиммаларига олганларидан буён худди шундай тик туриб ўтдилар. Аллоҳ таоло у зотни ўзлари учун ҳам, бутун башариятга қилган хизматлари учун ҳам энг яхши мукофотлар билан сийласин.
Манбалар асосида «Сирли» жоме масжиди
имом хатиби Зиёвиддин домла

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги