Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ақида / ИЙМОН УЧУН АЛЛОҲ ҚАЕРДА? ДЕБ СЎРАШ ШАРТ БЎЛАДИМИ?

ИЙМОН УЧУН АЛЛОҲ ҚАЕРДА? ДЕБ СЎРАШ ШАРТ БЎЛАДИМИ?

(Салафий биродарларимизнинг Аллоҳ қаерда? дея сўраши ҳақиқатлари)

Кечагинда бир видео кўриб қолдим.
Мисрлик салафий олимлардан Мустафо Адавий жонли эфирда аудио савол жавоб қилаётган эди.
Саволлардан бирида бир киши «Аллоҳ аршга истиво қилган, сиз шу ҳақида нима дейсиз?», дея сўради.
Адавий унга: «Аллоҳ аршга истиво қилди, истиво маълум», дея жавоб берди.
Савол берувчи яна бир икки нозик саволлар берди.
Адавий эса: «Шошманг сизга саволим бор. «Айналлоҳ?», яъни «Аллоҳ қаерда?» деб сўради.
У одам бир икки гапирган эди, яна қайта қайта «Аллоҳ қаерда?», дея сўраб, сўнгра «Сен ашъарий экансан-ку» деди.

Мусулмонни тўғри йўлда экани, ақидаси соғлом экани ҳақида билиш учун «Аллоҳ қаерда?» деб сўралиши нечоғлик тўғри?

Бу мавзуда бир неча мақола ва мавъизалар қилганимиз боис алоҳида тўхталиб батафсил ёзмаймиз. Аммо, мусулмон учун энг муҳим бўлган уч амални айтмоқчимиз.

Мусулмон киши учун энг муҳим асл ва уни дунё ҳаётида иймонли яшаши, ўлим олдида охиратга иймон билан кетиши ва қабрдаги охират ҳаётини белгилаб берувчи амаллар бор.

  1. ИЙМОН

Инсон мусулмон бўлиши учун шарт қилинган амал «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ» дея айтишидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирон бир саҳобийга мусулмон бўлаётган чоғида «Айналлоҳ?», «Аллоҳ қаерда?» дея сўрамаганлар ва жавобида «Фиссамо», «Самода» дея жавоб беришини шарт этмаганлар. Аксинча, барча мусулмон бўлаётганларга «Ла илаҳа иллаллоҳ», «Аллоҳдан бошқа ҳеч бир илоҳ йўқ» дейишни шарт қилганлар.

Саҳобийлар, тобеинлар, табаа тобеинлар, улардан кейинги уламолар, ҳозирда ва то қиёматгача бирон бир инсон мусулмон бўлмоқчи бўлса унга шарт бўладиган амал «Ла илаҳа иллаллоҳ» дир асло ўзга эмас .

  1. ЎЛИМ ОНЛАРИ

Мусулмонлар вафот онларида иймон билан кетиши учун шарт қилинган нарса «Ла илаҳа иллаллоҳ» дир, бундан бошқа амал йўқ. Ким «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб вафот қилса иймон билан мусулмон ҳолатида вафот қилган бўлади.
Ўлим онларида «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейиш талқин қилинади. «Аллоҳ қаерда?» деб асло сўралмайди.

Мусулмон вафоти чоғида ҳам «Айналлоҳ, фиссамо» дейилиши йўқ.

  1. ҚАБРДАГИ ҲОЛАТ

Вафот қилган инсондан қабрда уч савол сўралиб, кейинги саволлар шу уч савол тасдиқи учун бўлади.

А) «Роббинг ким?». Мусулмон кимса бўлса «Роббим Аллоҳ!» дея жавоб беради. Мусулмон бўлмаганлар эса бундай айта олмайди.

Б) «Дининг қайси?». Мусулмон киши «Диним Исломдир» дея жавоб беради. Мусулмон бўлмаган бундай сўзлай олмайди.

В) «Пайғамбаринг ким?». Мусулмон киши «Пайғамбарим Муҳаммаддир!» дея жавоб беради. Мусулмон бўлмаган бундай жавоб бера олмайди.

Мана шу уч жавобни айтган кишига «Тўғри айтдинг» дейилиб жаннатдаги ўрни кўрсатилади. Аксинча айта олмаган кимсага дўзахдаги ўрни кўрсатилади.

Қабрдаги савол жавобдаги ҳолати охират ҳолатини белгилаб беради.

Қабрдаги бирон кишидан «Аллоҳ қаерда?» дея сўралиб жавобига «Самода» дейиши шарт қилинмаган.

Салафийларнинг мусулмон кишининг ақидаси тўғри эканини билиш учун «Аллоҳ қаерда?» деб сўраши, агар сўралувчи «Осмонда» демаса уни адашганликда айблашлари қаердан келиб чиққан?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, салафи солиҳлар, кибор уламолар қилмаган бу амални иймонга ва ақидага нечоғлиқ алоқаси бор?

Аслида ўзларидан бошқаларни адашганлик, бидъатда айблаётган салафийларнинг ақидаси бидъат бўлиб чиқаяпти-ку.

ХУЛОСА:

Динингизни кимдан олаётганингизга қаранг, дея бежиз айтилмаган.
Агар мақола ҳажми каттароқ бўлиб кетиши бўлмаганида оят ва ҳадислардан далилларини ҳам келтирган, бу ҳақидаги уламолар қавлларини ҳам ёзган бўлар эдик.

Мотуридийлар ва ашъарийлар ақидасида бирон бир мусулмонлардан унинг тўғри йўлда эканини билиш учун «Айналлоҳ?» дея сўралмайди.

Аксинча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва салафи солиҳлар йўли тутилиб ундан «Ла илаҳа иллаллоҳ» тасдиғи сўралади!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир жориядан «Аллоҳ қаерда?» дея сўраганлари эса ҳадис мушориҳлари қавлларига кўра у чўрининг диний билими ва Аллоҳ таолонинг қадри баланд, шаъни улуғлигини тасдиқлаши учун бўлган.

Суннатуллоҳ Абдулбосит

[carousel-horizontal-posts-content-slider]