Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси, таниқли олим Муҳаммад Айюбхон ҲОМИДОВ домла билан muslim.uz порталида “Бир савол сўрасам” рукнида уюштирилаётган онлайн савол-жавоблардан олинди.
Савол: Баъзилар Хизр бувани кўрдим, дейишади. Хизр бува ўзи ким ва ростдан борми? Ёки одамлар кўзига кўринадими?
Жавоб: Қуръони каримнинг Каҳф сурасида Хизр алайҳиссалом ҳақида қисса келган. Бу қиссани уламоларимиз “Мусо алайҳиссалом ва солиҳ банда қиссаси” деб атайдилар. Чунки Қуръонда Хизр алайҳиссалом “солиҳ банда” деб аталган.
Каҳф сурасида келган оятларнинг тафсирида Имом Бухорий келтирган ривоятда солиҳ банда “Хазр” деб аталади, биз “Хизр” деб ўрганиб қолганмиз. Ана шундан Хизр алайҳиссалом борлиги, Қуръонда “солиҳ банда” номи билан эсга олинганлиги ва саҳиҳ ҳадисларда “Хизр” номи билан танилганликлари, машҳур бўлганликлари келиб чиқади.
“Хизр алайҳиссалом бор, доим бўлади, одамларга кўриниб туради”, деган уламоларимиз ҳам бор. Бу гапни кўпроқ аҳли тасаввуфлар айтишади. Лекин очиқ-ойдин Хизр алайҳиссаломнинг барҳаёт эканликлари, қиёматгача боқий қолишлари ва одамларга кўриниб туришлари тўғрисида на Қуръонда ва на ҳадислардан далил келтира олмайдилар. Агар мабодо ҳозирги кундаги баъзи бир кишилар далил келтиришаётган бўлса ҳам, у далиллар нотўғри, тўқима ва заиф ҳадислардан олингани маълум.
Ҳар ким Аллоҳ таолонинг Ўзидан ҳожатини сўраб бораверса, яхши бўлади. Хизр алайҳиссаломни кўриб, у кишидан бирор нарса сўраш маъносидан кўра афзали шу. Ибодатларни вақтида адо қилиб, намозларни ихлос билан ўқиб, дуо қабул бўлиш шартларини ўрганиб, Аллоҳнинг Ўзидан сўраш тажрибадан ўтган ҳақиқат ҳамдир. Аллоҳ таоло барчамизнинг ҳожатларимизни раво қилсин!
Савол: Намозда ва зикр айтилаётганда беихтиёр эсноқ келади, бу яхши эмас, деб эшитдим. Эсноқ ихтиёрсиз келса, нима қилиш керак?
Жавоб: Иложи борича эснашни қайтаришга ҳаракат қилиш керак. Аммо бунинг имкони ҳеч бўлмаса, қўл билан тўсилса ҳам бўлади.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ акса уришни хуш кўради, эсноқни эса хуш кўрмайди. Акса уриб, Аллоҳга ҳамд (Алҳамдулиллаҳ) айтса, ташмит (Ярҳамукаллоҳ, яъни Аллоҳ сенга раҳм қилсин) айтиш уни эшитган ҳар бир мусулмоннинг зиммасига ҳақдир. Эсноқ эса фақат шайтондандир. Киши қўлидан келганича уни қайтарсин. Қачон “Ҳа-а-а”, деса, шайтон унинг устидан кулади», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирортангиз эснаганда қўли ила оғзини ёпсин, шайтон оғизга киради”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Намозни зам суралар маъноларини тафаккур қилиб ўқиш ҳамда ҳар намозга янги таҳорат олиш эсноқ келишининг олдини олади.
Савол: Кекса бувим йиқилиб, оёғи лат еди. Юролмай бир жойда ётиб қолди. Шунда онам иссиқда қийналмасин деб бувимнинг сочини калта қилиб кесиб қўйди. Лекин, эшитишимча, аёллар сочи кўкрагини ёпадиган даражада узун бўлиши керак экан. Вафот этганда сочи калта бўлиб кетмаслиги керак экан. Шу гап қанчалик тўғри?
Жавоб: Эрлари бўлса, ўша кишининг рухсати ила бўлади. Зарурий ҳолатларда аёл киши ғусл ва баъзи бир нарсаларга қийналган ҳолатларда қисқартириш жоиз. Қиёматда қайта тирилганида эркагу аёл яланғоч бўлади. Шундан баъзи кишилар ижтиҳод қилиб аёлнинг сочлари узун бўлса, кўкракларини тўсиб туриши керак, деганлар. Уламолар аёл киши сочини кесишига рухсат берганлар, фақат қулоқ юмшоғидан юқори бўлиб кетмаслиги керак эканлигини таъкидлаганлар. Соч зарарланганида парвариш учун, эр талаб қилганида кесиш жоиз. Аммо бошқа ҳолатларда узун бўлиши афзал албатта. Валлоҳу аълам!
Савол: Дўкондан бирор нарсани қўлга олиб кўраётганда тушиб кетиб, синса ёки бузилса, шариатда бунинг жавоби қандай?
Жавоб: Агар харидор бирор нарсани сотиб олишга келишмасдан олдин бепарволик, эҳтиётсизлик қилиб, бирор нарсани синдириб қўйса ёки очиб кўришда қўполлик қилиб, бузиб қўйса, тўлайди. Бунинг номини фиқҳда “тааддий” дейилади. Агар эҳтиёткорлик билан ушласа, кўрса, очиб кўришда қўполлик қилмаса, шунда ҳам синса ёки бузилса, тўламайди.
Агар сотувчи нархни айтгандан сўнг олувчи рози бўлса, кейин харидор қўлига олиб кўраётган вақтда тушиб кетиб, синса ёки бирор нуқсон етса бундай ҳолатда харидор тўлайди.
Шунингдек, харидор сотиб олмоқчи бўлиб, нархини келишмасидан олдин кўришга ижозат сўраб, қўлига олди ёки сотувчи нархни айтди-ю, лекин харидор рози бўлгани йўқ. Харидор кўраётган вақтида унинг бепарволигисиз ёки қўполлигисиз у нарса тушиб кетса ёки бузилиб қолса, харидор тўламайди. Чунки бу вақтда у нарса унинг қўлида омонат бўлади. Омонатлар тааддийсиз (бепарволик, эҳтиётсизлик, нотўғри истеъмол қилиш, тажовуз) тўлатилмайди.
Савол: Мени тез-тез ёмон ўй-хаёллар, ширк чулғаб олади. Ортидан дарров калима қайтариб, истиғфор айтаман. Лекин бу ҳол яна такрорланади, нега шундай бўлишини тушунолмаяпман…
Жавоб: Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ умматимнинг хаёлларидан ўтган нарсаларни, агар уни гапирмасалар ёки унга (таяниб) иш тутмасалар, кечириб юборади” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Насоий, Имом Ибн Можа, Имом Аҳмад ривояти).
Кунларнинг бирида саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Бизнинг хаёлимизга шундай фикрлар келадики, уларни гапиришдан қўрқамиз. (Бундай ҳолатда нима қилиш керак)?” деб сўрашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шу нарса сизларда ҳақиқатан ҳам пайдо бўладими?” деб сўрадилар. Улар: “Ҳа”, дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу (яъни ўша ҳолатга тушишларингиз) очиқ имондир», дедилар.
Яъни инсон қалбига келган ёмон фикрларни тилига чиқаришдан қўрқиши, уни айтишга уялиши, уни яшириши, бундай хаёлларни кўнглидан чиқариб ташлашга ҳаракат қилиши ҳақиқий имон аломати экан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам банда хаёлига ёмон фикрлар келганида “таъаввуз” (аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм)ни айтишга, Аллоҳдан ёрдам сўрашга ва бемаъни хаёлларни бас қилишга буюрганлар.
ЎМИ Фатво ҳайъати

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги