Инсон хайр-эҳсон қилар экан, ушбу эҳсони зоҳирдан қараганда мол-давлати камайиб қолгандек бўлиб кўринади. Аксинча, у мол-давлатга барака киради. Сарфланган хайр-эҳсон ўрнини Аллоҳ таоло ортиғи билан тўлдиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бандалар тонг оттирадиган бирон-бир кун йўқки, магар икки фаришта осмондан ерга тушади. Улардан бириси: «Аллоҳим, инфоқгўй бандангнинг сарфлаган молига эваз бер», дейди. Иккинчиси эса: «Аллоҳим, мумсик (бахил) бандангнинг молига офат юбор», дейди», дедилар.
(Муттафақун алайҳ).

Бугун 28 декабрь куни аҳолининг кам таъминланган, ёрдамга муҳтож қатламини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан Тошкент вилоятининг Оққўрғон тумани, Пискент тумани, Оҳангарон тумани, Нурафшон шаҳарларида хайрия тадбирлари ташкил этилди. Унда беш юз минг сўмлик ўн бир хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Маҳсулотларни етказиб беришда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур домла Раупов бошчилигидаги имом-хатиблар иштирок этиб, кўмаклашиб юбордилар. Хайр-эҳсон қилиш жараёнида қурбонликлар сўйилиб, юртимиз, халқимиз равнақига ва бошимиздаги балони тезроқ даф бўлишини сўраб дуолар қилинди.



Шамсуддин Абу Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Саховатпеша инсон ҳар қачон хайр-эҳсон қилар экан, бундан унинг қалби шодликка тўлади, юрагининг чигиллари ёзилиб, кўнгли хотиржам тортади ва юзида мамнунлик ифодаси акс этади…».

Аллоҳ таоло бизларни ҳам Шамсуддин Абу Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ айтганларидек саховат қилганимизда қалбларимиз шодликка тўладиган, юрагимизнинг чигиллари ёзиладиган, кўнгли хотиржам, юзида мамнунлик ифодаси акс этадиган бандаларидан қилсин! Омин!
Тошкент вилояти вакиллигининг ахборот хизмати

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги