Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Фиқҳ ва фатволар / РЎЗАНИ БУЗМАЙДИГАН НАРСАЛАР

РЎЗАНИ БУЗМАЙДИГАН НАРСАЛАР

Агар қай рўзадордан ғолиб келса ёки эсидан чиқиб оғзини очиб юборса ёки эҳтилом бўлса, назар солиб туриб маний нозил қилса, томоғига чанг, тутун ёки пашша кирса, қазо тутмайди.

Абу Сахийд ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса рўзани очмайди: «Қон олдириш, қусиш ва эҳтилом бўлиш», – дедилар».

Имом Термизий ривоят қилган. 

Бошка жинсдаги шахсга шаҳват назари билан қараб туриб манийси тўкилган кишининг рўзаси очилмаслиги бу ишда жинсий яқинликнинг суврати ҳам, маъноси ҳам йуклиги учундир.

Томоғига чанг, тутун ёки пашша кирса рўза очилмаслиги эса бу нарсалардан сақланиб бўлмаслиги учундир.

Агар ҳайвонга, ўликка ёки фарждан бошқа ерга жинсий яқинлик қилса ёхуд ўпиш ёки ушлаш орқали маний нозил қилса, қазо қилади, каффорот йўқ.

Чунки, бу ҳолатларда жунублик нуқсонли бўлади.

Агар тиши орасига кириб қолган нўхатдан кичикроқ нарсани еса, рўзаси бузилмайди. Аммо ўша нарсани оғзидан чиқариб туриб кейин еса, рўзаси бузилади.

Чунки, одатда, доимо озгина таом оғизнинг ичида, тишларнинг орасида қолиши бор. Ўшандоқ оз нарса тупугининг ўрнида бўлади. Аммо нўхат донасидек ёки ундан катта бўлса, уни еб бўлмайди.

Бир дона кунжутни чайнаб еса ҳам рўзаси очилмайди.

Чунки, уни чайнаганда майдаланиб тишларига ёпишиб қолади ва қорнига ҳеч нарса етиб бормайди. Аммо ўша кунжутни бутунлайича ютиб юборса, рўзаси очилади.

Қайта қусиш, агар кўп бўлса, рўзани бузади.

Бу, имом Абу Юсуфнинг гаплари. Аммо имом Муҳаммад «Бузмайди» деганлар ва шу гап амал учун қабул қилинган. Агар киши ўзини мажбур қилиб қусса, рўзаси очилади.

Чунки, бунда рўзадорнинг ўз амали бор.

Хулоса:

1. Рузадорлиги эсидан чиқиб еб-ичиб ёки жинсий яқинлик қилиб қўйса, рўзаси очилмайди. Аммо эсига тушиши билан дарҳол мазкур ишларни тўхтатиши шарт. Жинсий яқинлик қилаётган киши рўзадорлигини эслаши билан ажраши керак. Агар ундан кейин ҳам туриб қолса, рўзаси бузилади.
2. Назар солгани ёки ўйлагани оқибатида манийси тўкилса, ўзи гуноҳкор бўлса ҳам, рўзаси очилмайди. Кундуз куни эхтилом бўлиб қолса ҳам рўзаси очилмайди.
3. Кўзига дори томизса ёки сурма қўйса ҳам рузаси очилмайди.
4. Қон олдирса ҳам рўзаси очилмайди.
5. Мисвок қилса ҳам рўзаси очилмайди.
6. Муболағасиз оғиз-бурунни чайса ҳам рўза очилмайди.
7. Ғусл қилса ёки салқинлаш учун ҳўл латтага ўранса ҳам рўзаси очилмайди.
8. Ғийбат қилса ёки оғзини очишни ният қилса ҳам рўзаси очилмайди. 
9. Рўзадорнинг ичига унинг ихтиёрисиз тутун, чангу ғубор ёки пашша кирса ҳам рўзаси очилмайди. Аммо рузадорлигини эслаб туриб хушбўй нарсани тутатиб ҳидласа, рўзаси очилади. 10. Тиш олдириб, қон ёки дорини ютмаган бўлса ҳам рўзаси очилмайди. 
11. Эркак кишининг жинсий олатидан сув, мой ёки дори киритилса рўзаси очилмайди. Қулоқдан сув кирса хам, қулоқни ковласа ҳам рўзаси очилмайди. Аммо бу каби ишларни қилмаган маъқул.
12. Балғам ёки мишиғининг кириш ёки чикиши билан хам рўзаси очилмайди. 
13. Ўз ихтиёридан ташқари ҳолда мажбур бўлиб қусса хам рўзаси очилмайди.
14. Тишлари орасида қолган нўхатдан кичик нарсани еса ҳам рўзаси очилмайди.
15. Жунуб ҳолида юриши ила ҳам рўзаси очилмайди.
16. Мушакка, тери остига укол қилиш билан ҳам рўзаси очилмайди.

 РЎЗАДОРГА МАКРУҲ БЎЛГАН НАРСАЛАР 

Бирор нарсанинг мазасини татиб кўриш ёки чайнаш макрухдир. Фақатгина, ёш болага овкат чайнаб бериш, зарурат юзасидан, бундан мустасно.

Бу ҳолатлардаги нарсалар ичкарига кетиб қолиб рўзани бузиши хавфи бор. Қолаверса, бошқалар кўрса «рўза тутмаган экан» деган туҳматга қолинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, туҳмат мақомларига яқинлашмасин», деганлар. Ўпиш, агар ортидан бирор нарса бўлиш хавфи бўлса, макрухдир. Мазкур хавф ўпишдан кейин бўладиган жинсий яқинлик ва маний тушишидан иборатдир. Мисвок қилиш ва сурма қўйиш макруҳ эмас.

Омир ибн Рабийъа розияллоху анхудан ривоят килинади:

Мен Пайгамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзадор ҳолларида мисвок қилаётганларини санаб-саноғига, ҳисоблаб ҳисобига ета олмайдиган даражада кўп кўрганман».

Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Рўза тутган одам мисвок қилиши яхши эканини уламолар жумҳури таъкидлаганлар. Шу билан бирга, баъзи уламолар рўзадорнинг оғзидан чиқадиган ҳид Аллоҳ таолонинг хузурида мушку анбарнинг ҳидидан афзаллиги ҳақидаги ҳадиси шарифнинг эътиборидан: «Завол вақтидан кейин мисвок қилмаган яхши», дейишади. Чунки, рўзадорнинг оғзидан ўша ҳид завол вақтидан кейин чиқа бошлайди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Пайгамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Кўзим оғриб қолди. Рўзадор ҳолимда сурма қўйсам бўладими?» – деди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», – дедилар».
Термизий ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Пайгамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда рўзадор ҳолларида сурма қўйдилар». Ибн Можа ривоят килган. Анас ибн Молик розияллоху анхудан ривоят қилинади: «У киши рўзадор ҳолларида сурма қўяр эдилар». Аъмаш розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Асҳобларимиздан бирортасининг рўзадор ҳолда сурма қўйишни ёқтирмаганини кўрмадим». Икки ривоятни ҳам Абу Довуд келтирган. Ҳанафий уламолар рўзадор киши учун макруҳ бўлган
бошқа ишларни ҳам санаб ўтганлар: 
1. Узрсиз бирор нарсани татиб кўриш ва чайнаш.
Чунки, бунга ўхшаш нарсалар рўзанинг бузилишига олиб бориши мумкин.
2. Сақич чайнаш.
Бу ишни қилган одамни оғзи очиқ деб ўйлайдилар.
3. Кучоқлашиш, ўпиш ва ушлаш каби шаҳватни қўзғайдиган ишлар.
4. Касд ила тупугини оғзида тўплаш ва уни ютиш.
5. Рўзадорни заифлашишга олиб борадиган қон олдириш каби ишларни қилиш.

Рўзадор учун макруҳ бўлмаган ишлар:
1. Муйлабга хушбуй нарса суртиш.
2. Сурма қўйиш.
3. Заифлаштирмаса, қон олдириш.
4. Эрталаб мисвок қилиш.
5. Оғиз ва бурунни чайиш.
6. Ғусл қилиш.
7. Салқинлаш учун ҳўл латтага ўраниш.

РЎЗАНИНГ МУСТАҲАБЛАРИ

Рўзанинг мустаҳаблари ҳақидаги барча далилларни диққат билан ўрганиб чиққан ҳанафий уламолар қуйидаги амалларни рўзанинг мустаҳаблари сифатида қайд этганлар:
1. Бирор нарса ила, бир қултум сув билан бўлса ҳам, саҳарлик қилмоқ. Саҳарликни кечанинг охиригача сурмоқ. 
2. Қуёш ботиши билан тезда, Шом намозини ўқишдан олдин оғизни очмоқ. Ширин ва хул нарса ила оғизни очиш афзал.
3. Оғизни очишда ривоят қилинган лафзлар ила дуо қилмоқ.
4. Рўзадорларга ифтор қилиб бермоқ.
5. Жунублик, ҳайз ва нифосдан қилинадиган ғуслни кечга қўймай тонг отишдан олдин қилиб олмоқ.
6. Ортиқча гап-сўз ва амаллардан тил ва жисмларни тиймоқ.
7. Рўзани бузмайдиган, аммо ҳузурбахш бўлган нарсаларни тарк қилмоқ.
8. Оила аъзолари ва қариндошларга кенгчилик қилиш. Бева-бечора ва камбағалларга хайр-эҳсонни кўпайтириш.
9. Куръон қироати, илм суҳбатлари, зикр ва саловотларни кўпайтириш.


Manba Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf kifoya 2-qism

[carousel-horizontal-posts-content-slider]