Унинг фарзлари эҳром, Арафотда туриш ва Зиёрат тавофидан иборат.
Бундан ҳажнинг фарзлари учта экани чиқади:
1. Эҳром.
«Эҳром» арабча сўз бўлиб, лутатда «ҳаром қилмоқ» маъносини англатади, Чунки, ҳажда эҳромга кирган одам ўзига эҳромдан олдин ҳалол бўлган баъзи иш ва нарсаларни ҳаром қилган бўлади. Мисол учун, бошқа вақтларда ўзига хушбуй нарсаларни сепиши ҳалол эди, эҳромга киргач, бу нарса ҳаром бўлиб қолади.
Бу амални барча ҳаж қилувчилар қадимдан бажариб келганлар. Эҳром ҳажнинг энг кўзга кўринган аломатига айланган. Ҳажда эҳромнинг фарзлигига Ислом уммати ижмоъ қилган. Ҳар бир ибодатнинг бошланишида бажариладиган алоҳида амали бўлади. Эҳром ҳажнинг ана шундай амалидир.
2. Арафотда туриш.
Арафотда туриш ҳажнинг асосий рукни ҳисобланади.
Аллоҳ таоло «Қачонки Арафотдан ифоза қилсангиз», деган.
Имом Аҳмад ва тўрт «Сунан» китоблари соҳиблари келтирган ривоятда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом «Ҳаж арафадир», деганлар.
Арафа куни заволдан кейин Арафотда туриш вақти бошланиб, ҳайит кунининг фажри чиққунча давом этади. Ана ўша вақтнинг ичида бир оз бўлса ҳам Арафот чегарасида туришлик фарздир. Фақат, кундузи турган одам қуёш ботгунча турмоғи вожиб.
Арафотда турилмаса, ҳаж ҳаж бўлмайди.
3. Тавофи ифоза.
Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, яъни ҳайит куни шайтонга тош отиб, қурбонликни сўйиб, сочни олдириб (ёки қисқартириб) бўлингандан сўнг Байтуллоҳ, тавоф қилинади.
Шу тавоф Тавофи ифозадир. «Тавофи зиёра» ҳам дейилади. Бу тавоф ҳам ҳажнинг рукни бўлиб, уни қилмаган инсоннинг ҳажи ҳаж бўлмайди. Уч кун ҳайит ичида Тавофи ифоза қилиниши шарт.
Аллоҳ таоло «Бас, Байтул атийқни тавоф қилсинлар», деган. Бу оятдаги тавофдан Тавофи ифоза кўзда тутилган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«София Минодан тушиш куни ҳайз кўриб қолди ва «Менимча, сизларни ушлаб қолсам керак», деди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«(Жонлик) сўйиш, (соч) қисқартириш. Сўйиш куни тавоф қилганмиди?» – дедилар.
«Ҳа», – дейилди.
«Жунайвер», – дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Демак, ҳайз кўрган аёл аввал тавофи ифозани қилган бўлса, жўнаб кетавериши мумкин экан. Уни аввалроқ қилмаганида, фарз амални қилмагани учун, мазкур амални қилмагунча кетиши мумкин бўлмай қолар эди.
ҲАЖНИНГ ВОЖИБЛАРИ
Унинг вожиблари: Муздалифада туриш, Сафо ва Марва орасида саъйи қилиш, тош отиш, четдан келганлар учун Видо тавофини қилиш ва соч олдириш.
Бундан ҳажнинг вожиб амаллари бешта экани маълум бўлади:
1. Муздалифада туриш.
Арафотдан қайтгандан кейин ҳожи Муздалифада туриши керак. Ҳанафий мазҳабига биноан, Зулҳижжанинг ўнинчи тонги отгандан сўнг бир лаҳза бўлсада, туриш керак.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида шундай дейди:
«Арафотдан қайтиб тушганингизда Аллоҳни Машъарул ҳаромда зикр қилинг» (198-оят).
Оятда, Аллоҳни Машъарул ҳаромда зикр қилинг, дейилмокда. Машъарул ҳаром эса, Муздалифа деганидир. «Машъар» очик аломат дегани. Муздалифанинг бу ном билан аталиши ҳарам ҳудудида бўлганидандир. Муздалифанинг маъноси «яқинлашиш» бўлиб, ҳожилар у ерга тушганларида Байтуллоҳга яқинлашадилар.
Ҳанафий мазҳабига кўра, Муздалифада ҳайит куни фажрдан кейин бир лаҳза бўлса ҳам туриш вожибдир. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом ҳам ўз ҳажларида Муздалифада бир азон икки иқома билан шом ва хуфтон намозларини қўшиб ўқиганлар. Сўнгра фажргача ёнбошлаб, тонг отгандан сўнг бомдодни ўқиб, кейин туяларини миниб, Машъарул ҳаромга келганлар ва қиблага қараб дуои такбирлар қилганлар. Тонг ёришгандан сўнг юриб кетганлар.
Урва ибн Музаррис ат-Тоий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Муздалифада келдим ва:
«Эй, Аллоҳнинг Расули! Той тоғидан келдим. Уловимни тугатдим. Ўзимни чарчатдим. Аллоҳга қасамки, бирорта ҳам қум тепани қўймай устида турдим. Менинг ҳажим ҳаж бўладими?» дедим.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким биз билан ушбу намозимизга етишган бўлса ва ундан олдин тундами, наҳордами Арафотга келган бўлса, батаҳқиқ, ҳажи тугал ва фарзи адо бўлади», – дедилар».
«сунан» эгалари ривоят қилишган. Термизий «саҳиҳ», деган.
2. Сафо ва Марва тепаликлари орасида саъй қилиш – юриб бориб келиш.
Ҳанафий мазҳаби бўйича, бу амал ҳам ҳажнинг вожиб амалларидан. Бу ибодат тавофдан кейин бажарилади. Икки тепалик орасида етти марта бориб келинади. Юришни Сафо тепалигидан бошлаш шарт. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда олдин Сафони зикр қилган. Сафодан Марвагача бориш бир саъй саналади, қайтиш яна бир саъй. Шу тарийқа еттинчи саъй Марвада тугайди. Икки тепаликнинг ўрталарида яшил чироқлар ўрнатилган иккита яшил устун бор, шуларнинг орасида тезлаб юриш керак.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида шундай деган:
«Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳнинг (дийнининг) белгиларидандир. Ким Байтуллоҳни ҳаж ёки умра қилса, икковлари ўртасида саъйи қилиш гуноҳ эмас. Ким яхшиликни холисона қилса, бас, албатта, Аллоҳ Шакур(оз амал учун кўп савоб берувчи) қилувчи ва билувчидир» (158-оят).
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ сизнинг зиммангизга саъйни ёзди.
Бас, саъйи қилинг», деганлар.
Ибн Абу Шайба ривоят қилган
3. Тош отиш.
Биринчи ҳайит куни «Ақаба» деб номланган жойга отилади. Отиладиган тошларнинг сони етти дона бўлади. Тош отадиган вақт ҳайитнинг биринчи куни бомдоддан кейин киради, Қуёш чиқиб, то завол вақти киргунча отса, яхши бўлади, Қуёш ботгунча отса ҳам рухсат. Лекин кечаси отса, макруҳ бўлади.
Ҳайитнинг иккинчи куни уч жойда еттитадан тош отилади. Бу куни тош отиш вақти – заволдан то қуёш ботгунча. Учинчи куни ҳам худди шундай. Ҳожи тўртинчи кунга ҳам Минода қолса, у куни ҳам шундай қилинади.
Бу амалнинг вожиблиги Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан олинган. Ул зотнинг амаллари ва бир қанча ҳадислари бунга далилдир.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳайит куни уловлари устида туриб тош отаётганларини ва: «Ҳаж ибодатларингизни мендан олишларингиз учун. Мен билмайман, эҳтимол ушбу ҳажимдан кейин ҳаж қилмасман», деганларини кўрдим».
Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит куни тошни чоштгоҳ пайтида отдилар. Ундан кейин қуёш заволга кетгандан сўнг».
Бешовлари ривоят қилишган.
Қудама ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тошни туя устида туриб отаётганларини кўрдим. Уриш ҳам, қувиш ҳам, нари тур-нари тур ҳам йўқ».
Насаий ва Термизий ривоят қилишган.
4. Сочни олдириш (ёки қисқартириш).
Бу амал ҳайит куни, тош отиб, қурбонликни сўйиб бўлингандан сўнг бажарилади. Сочни олиш қисқартиришдан афзал. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сочини олдирганларга раҳмат ва мағфират сўраб уч марта дуо қилганлар, қисқартирганларга бир марта. Сочни қисқартирганда у ер-бу еридан қирқиб қўйиш кифоя қилмайди. Балки олганга ўхшатиб, ҳамма тарафи калталатилади.
Аллоҳ таоло:
«Албатта, Масжидул Ҳаромга, иншоаллоҳ, омонликда, сочларингиз олинган, қисқартирилган ҳолда қўрқмасдан кирасизлар. Бас, У сиз билмаган нарсани билади ва сизларга бундан бошқа яқин фатҳни қилди», деган. («Фатҳ» сураси, 27-оят).
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳим! Соч олдирганларга раҳим қилгин!» дедилар.
«Қисқартирганларни ҳамми, эй, Аллоҳнинг Расули?» – дейишди.
«Аллоҳим! Соч олдирганларга раҳим қилгин!» дедилар.
«Қисқартирганларни ҳамми, эй, Аллоҳнинг Расули?» дейишди.
«Қисқартирганларни ҳам», – дедилар».
Учовлари ривоят қилишган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тошни отиб, қурбонликларини сўйиб бўлганларидан кейин сартарошга ўнг томонларини тутдилар. У сочни олди. Бас, у зот уни Абу Толҳага бердилар. Сўнгра сартарошга чап томонларини тутдилар. У сочни олди. Бас, у зот уни Абу Толҳага бердилар ва: «Уни одамларга тақсимлаб бер», – дедилар».
Муслим, Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Бошқа бир ривоятда:
«Бас у уни бир тола, икки толадан қилиб одамларга улашди», дейилган.
5. Тавофул видо.
Бу тавофни «Тавофус-садр» деб ҳам аталади. Мазкур тавоф юртга қайтишдан олдин Каъбаи Муаззама билан видолашиш учун қилинади. Ундан кейин ҳеч нарсага машғул бўлмай, юртига жўнаб кетиш керак.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Одамлар ҳар тарафга қараб кетаверар эдилар. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирор киши зинҳор охирги аҳди Байт бўлмасдан қайтмасин», – дедилар».
Муслим, Абу Довуд, Ибн Можа ва Аҳмад ривоят қилишган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Одамларга охирги аҳдлари Байт билан бўлиши амр қилинди. Илло, ҳайз кўрган аёлдан енгиллаштирилди».
Икки Шайх ривоят қилишган.
Мана шу ривоятлар асосида видо тавофи вожиб экани ҳақидаги ҳукм олинган.
Ҳайз ёки нифос кўрган аёлга видо тавофи қилиш вожиб бўлмайди. Улар узрли бўлганлари учун тавофи видони қилмай юртларига қайтаверадилар.
Яна бошқа вожиб амаллар ҳам бор. Лекин уларнинг хаммаси юқорида саналган асосий вожибларга боғлиқ бўлиб, уларнинг ичидаги амаллар ҳисобланади. Ибодат учун ниҳоятда зарур бўлганидан, бу вожибларни ҳам алоҳида зикр қилишни лозим топдик:
1. Мийқотдан эҳромга кириш;
2. Тавофни тоҳарат билан қилиш;
3. Тавофда сатри авратда бўлиш;
4. Тавофни ўнгдан бошлаш, яъни, ўнг елкасини Тоифга, чап елкасини Байтуллоҳга қилиб туриб бошлаш;
5. Ҳатиймни қўшиб тавоф қилиш. Ҳатийм асл пойдевордан қолган жой бўлиб, Каъбатуллоҳнинг тарнови тарафдадир. Уни ҳозир бир миқдор кўтариб, девори устига чироқлар ўрнатиб қўйилган. Асл пойдевор ўша ердан бўлгани учун, у ерни ҳам қўшиб тавоф қилинади;
6. Тавофни юриб қилиш (узри борларга ўтириб тавоф қилишга ҳам рухсат);
7. Тавофни тугатгандан кейин икки ракъат тавоф намози ўқиш;
8. Қирон ва Таматтуъ ҳаж қилганларга қурбонлик қилишдан олдин тош отиш вожиб;
9. Шунингдек, уларга соч олдиришдан олдин қурбонлик қилиш ҳам вожиб;
10. Саъйни Сафодан бошлаш;
11. Арафотда қуёш ботгунча туриш;
12. Ҳар кунги тош отишни иккинчи кунга қолдирмаслик;
13. Тавофни Ҳажарул асваддан бошлаш;
14. Тавофул ифозани уч кун ҳайит ичида қилиш;
15. Соч олдиришни (ёки қисқартиришни) ҳарам чегарасида ва уч кун ҳайит ичида адо этиш;
16. Арафа куни шом ва хуфтон намозларини хуфтон вақтида Муздалифада қўшиб ўқиш;
17. Ушбу амаллардан бирортасини қилмаган одам вожибни тарк этган ҳисобланади ва унга бир жонлиқ сўйиш вожиб бўлади;
18. Қирон ёки Таматтуъ ҳаж қилганлар бир ҳаракат билан икки ибодатни адо этганлари шукронасига қурбонлик қилишлари вожибдир. Қурбонлик вақти ҳайит куни Ақабада тош отиб келингандан сўнг бошланади. Ўша куни ва кейинги икки кун Қирон ва Таматтуъ қурбонликларини сўйиш вақтидир. Макон жиҳатидан эса, Минода бўлиши афзал. Ҳарамдан ташқарида қурбонлик қилиш мумкин эмас.
ҲАЖНИНГ СУННАТЛАРИ
Ҳажнинг юқорида зикр этилганлардан бошқа амаллари суннат ва одоблардир.
Ҳажнинг суннатлари кўп, жумладан, қуйидагилардир:
1. Эҳромга кириш учун ғусл қилиш;
2. Эҳромга кириш пайтида хушбўй суртиш:
3. Лаббайка айтиш;
4. Тавофул қудум қилиш;
5. Тавоф чоғи етти марта узлуксиз айланиш;
6. Саъйнинг етти бориб келишини кетма-кет қилиш;
7. Саъида тоҳаратли бўлиш;
8. Арафа кечаси Минода ётиб қолиш;
9. Биринчи тош отгандан кейин қурбонлик сўйиш;
10. Тош отишни кечасига қолдирмаслик;
11. Ташриқ кечалари Минода ётиш.
Manba: Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf kifoya 2-qism (187-197-betlar)

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги