Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ҲАР КЎНГИЛ БИР КАЪБАДИР

ҲАР КЎНГИЛ БИР КАЪБАДИР

Қалб инсон кўксидаги бир парча гўшт бўлиб, хатари улкан, таъсири эса каттадир. Унинг салоҳияти бутун тана ва жами аъзолар салоҳиятидир. Унинг фасодга юз тутиши эса жасаднинг бари ва барча аъзоларнинг фасодга юз тутишидир.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деяётганларини эшитдим: “Огоҳ бўлинг! Танада бир парча гўшт бор. Агар у салоҳиятли бўлса, жасаднинг бари салоҳиятли бўлади. Агар у фасодга юз тутса, жасаднинг бари фасодга юз тутади. Огоҳ бўлинг!”»

Покиза қалб бу инсоннинг қалбини имон ҳамда Аллоҳ азза ва жаллага бўлган бандалик тозалаб қўйган бўлишини ифода этади. Бас, шунда қалб инсонлардан етиши мумкин бўлган озорларни, у ер-бу ерлардан тегиши мумкин бўлган ҳақорат томчиларини кўтара олади ва тоза, оппоқ бўлиб қолади. Ҳар қачон унга қора нуқта суқилиб кирмоқчи бўлса, унинг Аллоҳ таолога бўлган бандалиги уни эритиб йўқ қилади ва яна тоза, оппоқ бўлиб қолаверади. Мана шу тоза қалбдир.

Мавлоно Жалолиддин Румий айтади: «Каъба Озарнинг ўғли Иброҳим Халилуллоҳ қурган иморат. Кўнгил эса азиз ва жалил бўлган Аллоҳ таолонинг назаргоҳидир (боқадиган еридир)…»

Румий ҳазратлари Каъбани камситаётгани йўқ, асло… Каъба муқаддас бўлишига қарамай, моддий ашёлардан бино бўлган. Зарар кўрса, нураса, йиқилса, уни таъмирлаш ёки янада мукаммал шаклда тиклаш мумкин. Аммо инсон кўнгли ранжиса…

Аммо унинг ҳам мавжудлигига сабаб бўлган Инсоннинг  Аллоҳ назаргоҳи ва иймон жилвагоҳи Кўнгли бир синса, таъмирлаш имконсиз…

Кўнгил ҳақида сўзлар эканмиз, юракларимизни бир соғинч тўлдиради. Бу Энг ҳассос ва энг тоза қалб соҳиби жаноби Пайғамбаримизнинг соғинчларидир…

Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамиша болалар, хаста, кекса, кимсасиз, фақир, бева, бечора кишиларнинг кўнглини олиб, барчага бирдек шафқат билан муносабатда бўлганлар.

Бир байрамда ҳамма шоду хуррам турган чоғида ота-онаси йўқлигидан эзилиб, бир четда ўтирган етим болага:

– Мен сенинг отангман, ўксинма, – деб ҳадялар берганлар.

Кўнгилини олиш, етимлигини билдирмаслик учун кўчада ўша бола айтганидек туя бўлганлар. Тўрт оёқлаб, болани елкаларига миндириб, саллалари пешини жилов қилиб,  “суворий”ларига тутқазган чексиз шафқату раҳматнинг тимсоли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар.

Оқкўнгиллилик ва қалб покизали ҳамма одамда ҳам бўлавермайди. Гўзалликни кўриш учун гўзал қалбли бўлиш керак. Гина ва нафратни ўзида жамлаган қалб яхшиликни қандай кўради, бағрикенглик йўлини қандай тутади?!

Ҳасаддан ёнаётган қалб қандай қилиб ўзи яхши кўрган нарсани бошқага илина олади?!

Бировлар айбини, қабоҳатни қидирган қалб гўзал хислатларни қаердан кўра олсин?!

Атроф олам гўзаллиги фақат покиза қалб билан кўрилади. Бўлмаса,  қалбда бино қилганинг қора девордан ўзга нарса кўринмайди кўзга.

Биласизми, биз қалбимиз орқали улашган меҳр бир инсонни хурсанд қилади, шу инсондаги хурсандчилик тугагунича, бизни ҳаёт бошқа тарафдан хурсанд қилади. Аксинча биздан берилган ёмонлик, нафрат ҳам бир инсоннинг қалбини оғришига сабаб бўлиб, токи у инсонни қалб оғриғи битмагунича, оғриқ берган инсонда салбий ўзгаришлар кузатилади.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойша розияллоҳу анҳодан хурсанд бўлиб, “Эй Ойша, мендан хоҳлаган нарсангни сўра”, дедилар. Ойша розияллоҳу анҳо жуда зийрак аёл эдилар, бу фурсатни қўлдан бой бермаслик учун энг яхши нарсани сўрашни ният қилдилар ва “Бу борада отам билан маслаҳатлашсам”, дедилар. Чунончи, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб воқеани баён қилдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам меърожга чиққанларида Аллоҳ таоло у зотга сирларни айтган. Ўшалардан бирини айтиб беришларини сўра”, дедилар. Ойша онамиз розияллоҳу анҳо ўша нарсани сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Раббим менга меърож кечасида “Менинг наздимда мўминнинг даражаси шу қадар юқорики, қайси бир мўмин бошқа бир мўминнинг қалбига хурсандчилик солса, албатта, жаннатий бўлади”, дедилар.

Ойша розияллоҳу анҳо хурсанд бўлиб, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бу гапни етказган эдилар. Ҳазрати Абу Бакр қаттиқ йиғладилар. Ойша розияллоҳу анҳо: “Нега йиғлайсиз, ахир, бу хурсандчилик хабар эмасми?” деганларида, “Бу мўминнинг қалби. У Аллоҳ таолонинг наздида шу даражада қадрлики, ким унга озор етказса, дўзахийдир”, дегани бўлади дедилар.

Омонат қалбларимиз покиза, амалларимиз солиҳ хамда Аллохнинг розилигини топадиган савобли ишларда бардавом бўлиб, атрофдаги инсонларнинг кўнглини хурсанд қилиш барчамизга насиб этсин.

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,

Янгийўл тумани “Имом Султон” жоме масжиди имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]