Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ХУРОФОТЛАРДАН УЗОҚ БЎЛИНГ!

ХУРОФОТЛАРДАН УЗОҚ БЎЛИНГ!

Таъзияларда баъзи аёллар жудоликка учраган кишиларни дод солиб йиғлашга ундашади. Аслида, азада аёллар маййитнинг орқасида ўзини ташлаб йиғлаши, сочларини юлиб, юзларини тимдалаши ва қирқ кунгача аза кўйлагини ювмаслиги, ҳатто йиртилса, тикмаслиги, йили чиққунча янги кўйлак киймаслиги каби нохуш ишлар бидъат ва гуноҳдан бошқа нарса эмас.

Тўғри, яқин инсонидан жудо бўлиш оғир. Аммо Аллоҳ таоло сабрлиларни, тақдирига рози бўлганларни севади. Яратганнинг иродасига норозилик, сабрсизлик гуноҳдир. Шунингдек, вафот этган маййитни остонада уч марта қўйиб олиш ёки эрталабгача хонадондаги хамма чироқлар ёқилиб туриши каби динда кўрсатилмаган амалларни бажариш бидъати саййиа (ёмон) дейилади.

….Четга ишлаш учун кетган йигитнинг тобути келди. Уч ёш боласи билан қолган келиннинг ота-онаси ҳам, яқин қариндошлари ҳам йўқ экан. Шароити оғир эди. Азада қатнашганларга бу хонадонда уч кунгача қозон осилмаслигини, қўни-қўшни, маҳалладошлар имкон қадар оилага ёрдам бериши лозимлигини тушунтирдик.

Орадан бир хафта ўтгач, ҳомийлик қилиш ниятида бўлган тадбиркор эҳтиёжманд оилаларни сўраб қолди. Мен уни ўша хонадонга бошлаб бордим. Пайшанба куни эди. Бошига мусибат тушган уйда аза маросимида ҳамма гапни эшитган тўрт хотин ош еб ўтирибди. Ҳайрон бўлдим, келинни чақириб: “Бу нима қилганинг?” деб сўрасам, у кўзига ёш олиб: “Мени қўшнилар ўртага олишди. Эринг ҳеч нима кўрмай ўтиб кетди, бугун арвоҳи келиб, чирқиллаб кетадими? Ис чиқариб, тўрт одамга бўлса ҳам дастурхон ёз, дейишди. Маҳалламиздаги дўкондан қарзга масаллиқлар олиб, ош қилдим”, деди.

Жуда ноқулай бўлса-да, ичкарида ўтирган аёлларга қаттиқ гапирдим. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг етим ризқини ейиш ҳаром экани ҳақидаги хадисларини яна бир карра айтиб бердим. Улар чиқиб кетишди.

Халқимиз орасида урф-одат саналиб қолган бидъат – ирим кўринишидаги одатлар бор. Иримларни бидъатга ўхшатишимиз сабаби, илмсизлик оқибатида баъзилар уларни динга алоқадор, дейди. Ваҳоланки, шомдан кейин сут-қатиқ берилса, сигирнинг сути камаяди; дастурхонга тоқ нон қўйилмайди, аза бўлган хонадонда нарсалар тоқ қўйилади; пиёладаги чой устига чой қуйилса, эри ёки хотини ташлаб кетади; аччиқ нарса қўлдан-қўлга берилса, уйда уруш бўлади; чой устидаги пуфакчалар бошга сурилса, бойлик келтиради; қозоннинг тагини ялаган ёки қирмочини еган қизнинг тўйида ёмғир ёғади; кечаси уй супурилмайди; эрталаб пул сўраб келганга пул бериш кун бўйи чиқимга сабаб … (ва ҳоказолар) каби иримлар динимизга мутлақо зиддир.

Шундай экан, бундай бидъат ва хурофотлардан узоқ бўлайлик!

Қамариддин ҚАМБАРОВ,

Янгийўл тумани бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]