Инсон табиатнинг бир қисми, у шу табиат қонуни асосида яратилган ва унга кўра мавжуд ҳам бўлади – бу эътироз қилиб бўлмайдиган ҳақиқат.
Бироқ инсон нафақат бу қонунлардан чекинади, уларни бузади, балки соғлом бўлишида уларнинг нақадар аҳамиятли эканини билмайди ҳам.
Хасталик Аллоҳнинг мукаммал қонунларини бузишдан, Қуръон ва суннатга хилоф ҳаёт тарзидан келиб чиқади. Ахир табиатда ҳамма нарса меъёрида, ўз жойида ва беқиёс қилиб яратилган. Касаллик эса мана шу уйғунликнинг бузилишидир.
Ёмон ахлоқ ва ҳаракатларни юзага чиқарган, барча касалликларнинг манбаси бўлган, яратилишининг асл мақсадини унуттирган ва инсонларни бахтсизликка тортадиган нарса – бу ортиқча ейиш хирси ва тўғри овқатланишга аҳамият бермасликдир.
Таомланиш одатларини тузатмасдан хасталиклардан қутилишнинг имкони йўқ. Чунки бу шаклда касаллик бир томондан даволаниб, бошқа томондан озиқланади. Шунинг учун ҳар қандай касалликнинг давоси аввало овқатланиш одатини тузатишдан бошланади.
Буюкларимиз: «Аввал овқат ейишни ўрган, кейин маърифатдан гапир», дейишган. Бугун кишилар тўғри овқатланишни унутган бўлсалар-да, тинмай маърифатдан сўзламоқдалар.
Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 31-оятида шундай марҳамат қилади: «Енглар, ичинглар, фақат исроф қилманглар. Чунки У исроф қилганларни севмайди».
Ҳазрати Одамнинг жаннатдан ерга тушишларига ҳам таом сабаб бўлган эди.
Муҳаммад алайҳиссалом ҳазратлари: “Кундуз ёруғлиги ва кеча қоронғулигида икки марта ейиш ва ичиш исроф ва иллатдир», деганлар.
Халқ орасида «Қанчалик кўп ва турли таомлардан есам, соғлигимга шунчалик фойдали, кўп витаминлар касалликларга қарши куч беради», деган нотўғри тушунча бор. Шундай бўлганда бойлар доим соғлом, камбағаллар эса касал бўлишарди. Ҳолбуки, ундай эмас, аксини кўрамиз.
Турли таомларнинг аралашмаси ошқозонда ҳазм бўлмасдан, чирийди. Чириган таом қолдиқлари майда томирларнинг тиқилишига сабаб бўлади. Бу ҳолатда тўқималар эҳтиёжи бўлган озиқ моддалар ва витаминлардан маҳрум қолади. Натижада, аралаш таом еганлар доимо ўзларини оч ҳис қилишади, бундай пайтда улар ҳақиқатдан ҳам оч бўлишади.
Ҳалол луқмадан ҳужайраларда зикр ҳосил бўлар, аксича, ҳаром луқмадан зикр тўхтаб қолар экан. Дуоларимиз қабул бўлмай қолишига кўп ҳолларда истеъмол қилаётган озиқ – овқатларимиз, турли хил ичимликлар ҳам сабаб бўлиши ҳеч кимга сир эмас.
Фарз рўзасидан ташқари ҳафтанинг душанба, пайшанба кунлари ёки ҳижрий ойнинг 13,14,15 – кунлари тутилган нафл рўза инсонни ҳам жисмоний ҳам руҳий покланишига сабаб бўлади.
Буюк ҳикмат соҳиби бўлган Аллоҳ барчамизни ризқимизга барака ато этиб, уни топишда, сарфлашда тўғри йўлидан адаштирмасин!
Тановул қилган ҳар бир луқмамиз шубҳадан, ҳаромдан ҳоли бўлиб, офият ва хайрларга васила бўлсин!
Ангрен шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Қодирова Маъмура

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги