Азизлар, халқни ичида шундай ҳолатлар кўп бўлади. Яъни, жамоат жойида одамлар йиғилиб турганда бир киши келиб ҳаётдан нолиб ношукрлик ҳақида гапирса, ҳа тўғри деб кўпчилик қўшилиб кетади. Ёки бир мўмин келиб Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиш тўғрисида гапирса, неъматларини эслаб шукр қиламиз.
Бир йигит тўпланиб турган одамлар ёнига бориб, бор овозда бақира бошлади: «Бизга шундай кунларни насиб қилган, ризқимизни мўл, йўлимизни ёруғ, танимизни соғ қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!».
Бир зумда йиғилиб турган одамларнинг барчаси йигитга жўр бўлди. Ҳамма ёқни «Шукр! Минг шукр!» деган садолар тутиб кетди.
Аммо ғамга ботиб ўтирган уч нафар кишигина бу хитобга жўр бўлмади. Буни кўрган йигит эса дарҳол уларнинг ёнига ошиқди ва улардан бунинг сабабини сўради.
– Шароитим оғир! Фарзандим тўйиб овқатлана олмайди! Бошқа болалардек истаганича ўйнай олмайди! Энди менга айтингчи, қандай қилиб тилимдан шукр деган сўз янграши мумкин, – деди ғамга ботиб ўтирган биринчи киши.
– Фарзандим касал. Унинг ғамгин юзларига тикилсам, юрагим оғриб кетади! Қандай қилиб шукр дея айта оламан, – деди иккинчи бир ғамга ботган.
– Менинг эса фарзандим вафот этди! Унинг жонсиз қўлларидан ушлар эканман, ўзимдан ўтганини ўзим биламан! Энди мен нима учун шукр дейишим керак, – деб йиғлаб юборди учинчиси.
Уларнинг дардини тинглаган йигит бундай деди:
– Биродар, олдингиздаги одамга қаранг, фарзанди касал экан! Гарчи ўйнаб кулмасада, дилбандингизнинг соғлом эканига шукр қилинг! – деди биринчисига.
– Фарзандингиз касал экан, ҳамдардман! Аммо олдингиздаги кишига қаранг! Бечора фарзандидан жудо бўлибди! Гарчи касал бўлсада, иншааллоҳ соғлиги тикланади, фарзандингиз бағрингизда тирик эканига шукр қилинг! – деди фарзанди касал ётган иккинчи кишига.
– Менчи?! Мен нимага шукр қилай ахир, – деди фарзандидан айрилган учинчи киши кўзида ёш билан.
Йигит унинг елкасига қўлини қўйди-да, кўз ёшларини артиб, деди:
– Фарзандингиз ўтган бўлсада, бошқа яқинларингиз тирик эканига шукроналар келтиринг! Бутун яқинларим, барча қариндошларим даҳшатли сел оқибатида ҳалок бўлдилар!…
Уларни эслаб дуо қилиш учун ёлғиз жон мен қолганимга шукр қилмайинми, деб йиғлади.
Азиз биродарим, сиз бахтли инсонсиз, сизни холатингиздек бўлишни миллионлаб инсонлар орзу қилади, шукр қилинг.
Чунки сизда:
– Кўзларингиз бор ва бу кўзлар билан дунё гўзалликларини кўра оласиз, ўқияпсиз.
– Қулоқларингиз бор, у билан ширин сўзларни эшита оласиз.
– Забонингиз бор, сиз яхши сўзларни гапира оласиз.
– Тинч ва осойишта заминда яшаяпсиз, қалбингиз ҳотиржам ва қувончларга тўла.
– Оғир дардга мубтало бўлиб, инсонлардан ёрдам сўрамаяпсиз….
– Неъматларни санашда яна қанча давом эттирсакда тугата олмаймиз.
Сиз жуда бахтли инсонсиз, сабаби, сиз миллионлаб, беҳисоб неъматларга буркангансиз.
Аллоҳ таоло оятида: «Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, уни саноғига ета олмайсизлар» – дейди.
Аллоҳга беҳисоб – беҳисоб шукрлар қилайлик!
Оҳангарон тумани «Чет-сув» жоме масжиди имом ноиби. Б Улуғов

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги