Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ТИЛАНЧИЛИК – ЁМОН ИЛЛАТ

ТИЛАНЧИЛИК – ЁМОН ИЛЛАТ

Долзарб мавзу

Авваллари кўча-кўйларда, бозорларда, масжидларнинг дарвозалари ёнида, маҳаллаларда, кўп қаватли уйлар атрофида қўл-оёғи бутун, соғлиги жойида, тоғни урса, талқон қиладиган кишиларнинг тиланчилик қилиб юрганларини кўрар эдик. Ҳозир ҳам шундай, бироқ…

Бироқ ижтимоий тармоқлар, интернет сайтлари оммалашган бугунги кунда ногиронлигини пеш қилиб ёки бошқа баҳоналар билан “виртуал тиланчилар” жамоаси шаклланди. Улар ижтимоий тармоқлар ёки интернет сайтланри орқали онлайн тарзда тиланчилик қилишмоқда.

Энг ёмони, тиланчилар тўйхоналар олдида тўй эгасини “уялганидан ҳам беради” деб, меҳмонларнинг олдида изза қилишмоқда. Бирор халқаро тадбир ёки бошқа маросимларда чет элдан меҳмонлар келганини кўрса, дарҳол югуриб келиб, уларга суйкалиб, пул сўраётган тиланчилар миллатимиз шаънига путур етказаётганини билишармикин?!

Тўрт мучаси соғ, бир кунлик егулиги бор кишининг тиланчилик қилишини динимиз қаттиқ қоралайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсонлардан ҳеч нарса сўрама” (Имом Ибн Можа ривояти), дейиш билан инсонлардан беҳожат бўлишга чақирганлар.

Инсонлардан беҳожат бўлиш учун тинмай меҳнат қилиш ва ҳалол ризқ қидириш керак.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «У (Аллоҳ) сизларга Ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган зотдир. Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверингиз ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилингиз! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир» (Мулк сураси, 15-оят).

Парвардигоримиз ҳатто ҳайит, байрам кунлари ҳам меҳнат қилиш ва ризқ қидиришга буюрган: «Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз» (Жумъа сураси, 10-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир кишини пешона тери билан кун кечиришга ундаганлар ва ўзлари ҳам меҳнат қилишни яхши кўрганлар.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ҳаётларида бўлиб ўтган воқеани эслаш фойдадан холи эмас. Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кунларнинг бирида оч қолиб, Мадина кўчаларига чиқиб иш қидирдим. Тупроқ йиғиб, челакда сув ташиб, хурмоларни суғораётган аёлга дуч келдим. Унга ўн олти челак сув ташиб бердим ва қўлларим қавариб кетди. Кафтимни ёзиб унга қавариқларни кўрсатдим. У менга ўн олтита хурмони санаб берди. Мен хурмоларни олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келдим ва бўлиб ўтган ишни айтиб бердим. Расулуллоҳ алайҳиссалом хурсанд бўлдилар ва мен билан хурмо едилар”.

Пайғамбарлар ҳам ризқларини меҳнат қилиб, пешона тери тўкиб топишган. Тарихдан маълум, Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Нуҳ алайҳиссалом дурадгорлик, Довуд алайҳиссалом темирчилик ва Идрис алайҳиссалом хаттотлик билан шуғулланганлар.

Ҳаёт доимо бирдек кечавермайди, турли фавқулодда ҳолатлар, кутилмаган ҳодисалар оқибатида баъзи кишилар ноқулай иқтисодий ҳолатга тушиб қоладилар. Бундай ҳолатлар садақа, хайр-эҳсон йўли билан муолажа қилинади. Ўта бой кишилардан маълум миқдордаги молу мулк закот сифатида фарз ҳукми ила олиниб, ҳақдорларга тарқатилади.

Лекин бу етишмовчилик туфайли тиланчилик қилиш керак, деган маънони англатмайди. Соғлом одам меҳнат қилиб, ишлаб маблағ топиб оиласини тебратиши орқали улкан ажрларга эга бўлади.

Ҳадисларда Аллоҳ номига қасам ичиб, дала-даштдан ўтин териб, бозорда сотиб тирикчилик қилиш тиланчиликдан яхши эканини баён этилган. Бошқа бир ҳадисда эса, дунёда тиланчилик билан кун кечирган кимсанинг қиёмат куни юзида эти қолмаган ҳолда тирилишини айтганлар.

Мухтасар айтганда, бугун юртимизда тадбиркорлик қилмоқчи бўлган кишиларга кўплаб имтиёзлар яратилган. Қолаверса, янги иш ўринлари ташкил этилиб, ишчи-ходимлар ишга олиняпти. Шундай экан, тиланчилик қилишдан кўра ана шу имкониятлардан фойдаланиб, ҳам ўзига, ҳам рўзғорига даромад келтиришнинг савоби улуғ.

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]