Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Термизлик буюк аллома

Термизлик буюк аллома

Шу йилнинг 14 февраль куни Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора тадбирлари тўғрисида”ги Қарорлари эълон қилинди. Албатта, бу қувончли воқеа ҳар бир илму маърифат ихлосмандлари учун чин маънода қувонарли ҳол бўлди. Қолаверса, улуғ алломага бўлган ҳурмат, унинг шахсига бўлган фахимизнинг ёрқин ифодасидир.

Қарорнинг бир қатор мақсад ва  вазифалари белгилаб қўйилди. Жумладан, унда шундай фикрлар мавжуд: “Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, муқаддас юртимиз замини азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш”.

Чиндан ҳам, буларнинг барчаси ўсиб келаётган келажак авлод учун аждодлар меросини ўрганиш, тадқиқ этиш, халқимизга тушунарли ҳолатда етказиш учун улкан имкониятдир.

Алломанинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳоқ Абу Исо Сулламий Зарийр Буғий Термизий бўлиб, у ҳижрий 209 (мелодий 824) йили Термиз яқинидаги Буғ (ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудида жойлашган) қишлоғида ўрта ҳол оилада таваллуд топган.

Ат-Термизийнинг оиласи ва ота-онаси ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар келтирилмаган. Термизийнинг кўзи ожизлиги ҳақида манбаларда турли маълумотлар келтирилган. Баъзи муаллифлар уни туғма кўзи ожиз бўлган деса, кўпчилик муаллифлар олимнинг кейинчалик, умрининг охирларида кўзи ожиз бўлиб қолганлигини ёзадилар.

Термизий ёшлигидан ўта тиришқоқ, идрокли ва заковатли бўлганлиги боис ўз тенгдошлари ичида ажралиб турган. Илмга ўта қизиқиши туфайли ўша даврнинг кўпгина илмларини, айниқса, ҳадис илмини чуқур эгаллаган. Термиз, Самарқанд, Марв ва Марказий Осиёнинг бошқа йирик шаҳарларида истиқомат қилган машҳур уламо ва муҳаддислар асарларини қунт билан ўрганган, қўшни Балх ва Ҳайратон шаҳарларидаги илм аҳллари билан илмий алоқалар ўрнатилишига муносиб ҳисса қўшган олимлардан биридир. Ёшлигидан илм-фанга ташна ат-Термизий 850 йилдан, яъни йигирма олти ёшидан бошлаб узоқ юртларга, қатор хорижий мамлакатлар ва шаҳарларга сафар қилади. Жумладан, у Ҳижозда — Макка ва Мадина, Ироқ, Хуросоннинг қатор шаҳарларида кўплаб муҳаддис, уламолар билан мулоқотда бўлиб, улардан таълим олади, қизғин илмий мунозара ва баҳсларда иштирок этади.

Шу билан бир қаторда ат-Термизий пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларини тўплашга алоҳида эътибор билан қарайди. Бу борада у ҳар қандай қийинчиликларга бардош беради. У ўзи ўқиган ёки бирор ровийдан эшитган ҳадисини алоҳида қоғозларга қайд этиб борар, уларнинг асли ва иснодини изчиллик билан аниқлаб тўғрилигига тўлиқ ишонч ҳосил қилсагина махсус қоғозларга қайд этарди. Ҳадисларнинг тўғрилигига шубҳа бўлганда уларни алоҳида ажратиб ёзарди. Шу тариқа ҳадислар саҳиҳ (тўғри, ишончли), ҳасан (яхши, маъқул), заиф (бўш, ишончсиз), ғариб (ғалати) каби хилларга ажратилган.

Ҳадис илмини эгаллашда ва такомиллаштиришда имом ат-Термизий ўз даврининг машҳур муҳаддисларидан таҳсил олди. Имом ат-Термизий ўз даврининг етук муҳаддиси сифатида кўпгина шогирдларга устозлик ҳам қилган. Ат-Термизий зеҳнининг ўткирлиги ҳамда қувваи-ҳофизаси кучлилиги хусусида тарихий манбаларда кўплаб мисоллар, ривоятлар келтирилади.

Муҳаддис бобокалонимиз Имом Термизий замонидаги олимлар унинг ҳадис илмидаги хизматларини юқори баҳолаганлар. Улардан бири Термизийни ҳадис илмида иқтидо қилинадиган олим деб ёзса, бошқа бир олим эса уни биринчилардан бўлиб ҳадисларни саҳиҳ, ҳасан, заифга тақсим қилганига гувоҳлик беради. Айниқса, асарларидаги равонлик фақат зиёли кишилар учун эмас, балки ҳар бир инсон тушуниши мумкин бўлишига сабаб эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Олимлар илмини юксак баҳолаган бобокалонимизнинг ибратли ҳаёт йўллари ва бой маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш биз ёшлар учун ҳам илмий, ҳам амалий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эгадир.

Ана шундай буюк муҳаддисларнинг авлоди бўлиш ҳар биримизнинг зиммамизга буюк бир масъулиятни юклайди. Бу – уларга муносиб, илм маърифатли, заковатли бўлишдир. Бинобарин, Республикамизнинг Биринчи президенти Ислом Каримов ўзининг “Юксак маъанвият – енгилмас куч” асарида шундай деган эдилар: “Аждодларимизнинг ким бўлгани, қандай буюк ишларни қилиб ўтганлари ҳақида ўйланамизми? Уларнинг ана шу буюклигига сабаб бўлган нарса ҳақида бош қотирамизми? Нима уларни улуғлик остонасига чорлаган? Хўш нега Бухорий деганда ислом аҳли эҳтиромдан оёққа туради? Нечун Термизийдек зотлар битган китобларни дунё эъзозлаб кўзига суради? Бу уларнинг покиза имонидан, мустаҳкам эътиқодидан эмасми? Мақсади шон-шуҳрат эмас, инсонларга манфаат етказиш, Аллоҳ ризолигига етишиш бўлганидан эмасми?”.

                      “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
тарбиячи- мударрис Р.Ахунджанов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]