Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Нақлиёт воситалари одоблари

Нақлиёт воситалари одоблари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нақлиёт (транспорт) воситалари Аллоҳ таолонинг банадаларига берган неъматларидан ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ва шариатимиз таълимотларида бу мавзуга оид бир қанча маълумотлар келгани динимизда бу воситаларга қанчалар эътибор берилганининг далилидир.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (70-оят).

Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун турли уловларни яратиб, шунга биноан қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Инсон қуруқликда турли ҳайвонлар ва нақлиёт воситаларида юриб, оғир ишларини енгиллик билан бажаради. Одамларни кўтариб, уларга улов сифатида хизмат қиладиган маркаблар Аллоҳ таолонинг махлуқлари бўлиб, улар Жаноби Ҳақ жорий этган қонун-қоида асосида ўз вазифасини бажаради. Бу эса Аллоҳ таоло Одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло инсон учун сувда чўкмайдиган турли воситалаларни яратиб, уларга маълум шаклларни беришни одамларга илҳом этиб, денгизларда сузиб юрадиган кемаларни Ўзи жорий қилган қонун-қоидалар асосида ҳаракатланадиган этиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳнинг Одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

«Роббингиз Унинг фазлидан талаб қилишингиз учун денгизда кемани юргизиб қўйган Зотдир. Албатта, У сизга ўта раҳмлидир»(66-оят).

Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон, раҳмли бўлгани учун ҳам уларга турмуш ўтказишни осонлаштириб беради. Масалан, денгизда кемаларни юргизиб қўяди. Бу иш ҳам Аллоҳнинг бандаларига меҳрибонлик ила ато қилган улкан неъматларидандир.

Аллоҳ таоло Зухруф сурасида марҳамат қилади:

«У барча жуфтларни яратган ва сизга кемалар ҳамда чорва ҳайвонларидан минадиган нарсаларингизни қилган Зотдир» (12-оят).

Қадимги замонлардан буён одамлар улов сифатида ушбу икки хил нақлиёт воситасидан фойдаланиб келадилар. Бу нарса Аллоҳ таоло томонидан берилган улкан неъмат эди. Инсофли, ўзини билган инсон ўзига миниш уловини бериб, хизмат қилдириб қўйган Зотни доимо яхшилик билан эслаб, Унга шукр этиши керак.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади:

«У Зот чорва ҳайвонларини ҳам яратди. Уларда сиз учун иссиқлик, манфаатлар бор ва улардан ейсизлар ҳам»(5-оят).

Чорва ҳайвонлари инсоният учун катта неъмат. Албатта, уларни инсонларнинг ўзлари яратишмаган, ярата олмайдилар ҳам. Ҳайвонларнинг ўз-ўзидан дунёга келиб қолишини ақли бор одам тасдиқламайди. Демак, уларни фақат Аллоҳ таоло инсонларнинг фойдаси учун яратган. Инсон бу ҳайвонларнинг жуни ва териларидан ўзига иссиқ кийимлар тикиб кияди. Шунингдек, яна энг катта фойдаларидан бири – инсонлар уларнинг гўштидан таом пишириб, истеъмол қилишади.

«Ва сиз учун уларда кечки пайт(ўтлоқдан) қайтаётганларида ва эрталаб(ўтлоққа) кетаётганларида, чирой бор» (6-оят).

Бу жамолни, бу чиройни чорвачилик билан машғул бўлганлар яхши ҳис этадилар. Айниқса, ушбу ояти карималар нозил бўлган жойда ва вақтда бу гўзалликнинг ўзига яраша аҳамияти бор эди. Мазкур ояти каримадан чорва ҳайвонларида нафақат моддий, балки маънавий манфаатлар ҳам борлигига ишора қилинаётганини тушуниб оламиз.

«Ва улар юкларингизни сиз жон машаққатисиз ета олмайдиган юртларга кўтариб боради. Албатта, Роббингиз ўта шафқатлидир, ўта раҳмлидир» (7-оят).

Бу оятда мол ва туя каби баъзи чорва ҳайвонларининг яна бир хусусияти, яъни юк ташиш манфаати ҳақида гап кетмоқда. Асрлар давомида бу ҳам катта неъмат эди. Узоқ-яқин жойларга юк ташишда инсоннинг оғирини енгил қиладиган асосий восита, улов ўша даврларда туя эди. Унинг ёрдамида одамлар оғирдан-оғир юкларини узоқ-узоқларга осонлик билан етказишар эди. Бу ишларни инсон ўзи яратиб қўйган ёки ўзидан-ўзи пайдо бўлиб қолган нарса билан эмас, балки Аллоҳ яратиб берган туя воситасида амалга оширар эди. Бу ҳолат Аллоҳнинг бандаларига ниҳоятда меҳрибонлиги ва раҳмлилигидандир.

«Отлар, хачирлар ва эшакларни минишингиз ва зийнат учун (яратди) ва сиз билмайдиган нарсаларни яратур»(8-оят).

Ўша пайтларда улов, яъни нақлиёт (транспорт) воситаси сифатида туядан ташқари ушбу оятда зикр қилинган от, хачир ва эшаклардан ҳам фойдаланилар эди. Шу билан бирга, бу ҳайвонлар эгалари учун зийнат ҳам ҳисобланган. Яъни уларни миниб юрган кишиларга бошқалар ҳавас билан қарашар эди. Мазкур уловга эга бўлиш жамият ичида ўзига яраша обрў ва зийнат саналарди. Булар ҳам Аллоҳнинг инсонга яратиб берган ўзига хос неъматларидир. Инсоф билан тафаккур қилган одам мазкур неъматларни ато этган Зотга шукр қилиши, Унга доимо ҳамду санолар айтиб, иймон келтириши, ибодат қилиб ўтиши лозим.

Ояти кариманинг сўнгида:

«…ва сиз билмайдиган нарсаларни яратур»,дейилмоқда. Яъни Аллоҳ таоло келажакда сизлар учун туя, от, хачир ва эшакдан бошқа сиз билмайдиган нақлиёт (транспорт) воситаларини яратади. Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди. Ушбу оятлар нозил бўлган даврда мавжуд бўлмаган, ҳавода учадиган, сувда сузадиган ва ерда юрадиган кўплаб нақлиёт воситалари вужудга келди.

Бу эса ўз навбатида Қуръони карим мазкур «ва сиз билмайдиган нарсаларни яратур» жумласи ила мўмин-мусулмонларни келажак янгиликларидан хабардор қилаётганига далилдир.

Нофеъ ибн Абдулҳорисдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши маркаб мусулмон кишининг саодатидандир», дедилар».

Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифдан яхши маркаб (улов) инсон саодатига омил бўладиган энг муҳим нарсалардан бири эканини билиб оламиз. Исломда ҳаётнинг барча жабҳаларидаги каби, улов ва ундан фойдаланишга боғлиқ тартиб-қоидалар ва одоб-ахлоқлар ҳам жорий этилган.

Авваллари улов асосан туя, от, хачир, эшак каби ҳайвонлардан иборат бўлган. Шунингдек, елканли кемалар ҳам бўлган. Вақт ўтиши билан уловлар тури кўпайиб, ҳайвонлар, гоҳида инсонлар тортиб юрғизадиган аравалар пайдо бўлди. Кейинроқ эса буғ ва турли ёнилғи қуввати ила ўзи юрадиган маркаблар ихтиро қилинди. Замон ўтиши билан нафақат ерда юрадиган, балки сувда сузадиган ва осмонда учадиган турли-туман улов турлари пайдо бўлди. Аммо бу маркаблар қанчалик кўпайиб, такомиллашмасин, уларни инсон бошқариши шарт. Мазкур янги турдаги маркабларни асосан мусулмонларнинг илмий изланишларидан таъсирланган ва фойдаланган ғарблик номусулмон халқларнинг вакиллари ихтиро қилишди ва қилмоқдалар. Улар турли нақлиёт воситаларини ихтиро қилиш, ишлаб чиқариш билан бирга уларга оид йўл ҳаракати тартиб ва қоидаларини ҳам йўлга қўйишди.

Аммо кўпинча қонун шаклида бўладиган мазкур кўрсатмаларда масаланинг моддий томони, кишиларга етиши эҳтимоли бўлган жисмоний ва молиявий талофатларнинг олдини олиш кўзлангандир. Мусулмонларда эса биринчи ўринга маънавий ва ахлоқий масалалар қўйилади. Маркаблар, улардан фойдаланиш каби ишларга оид одоблар мажмуаси уламолар томонидан тақдим қилинганига анча бўлган. Аммо улар тарқоқ ҳолда бўлган. Бунинг устига, техникавий тараққиёт самараси бўлган нақлиёт воситаларига оид одоблар ҳақида тафсилотлар бўлмаган. Бу борада эндигина ҳаракат бошланмоқда. 

Нақлиёт воситаларидан фойдаланиш одоблари бир неча қисмга бўлинади. Бу одобларнинг биринчи қисми нақлиёт воситаларини бошқариш, ҳайдовчилик қилиш ҳаққини берадиган қуйидаги шартлардан иборатдир:

Нақлиёт воситаси ҳалол йўл билан қўлга киритилган бўлиши керак.

Бошқача қилиб айтганда, улов ўз пулига сотиб олинган, эгаси рози бўлиб берган ёки уни ҳайдовчилик ишига олган шахс ёки муассаса рухсат берган бўлиши лозим.

Нақлиёт воситасини ҳайдашдан мақсад шариат рухсат берган иш бўлиши лозим.

Бунда ҳаром-ҳариш, душманчилик, бузғунчилик, гуноҳ ишларни қилиш нияти бўлмаслиги керак.

Нақлиёт воситаси расмий техник кўрикдан ўтган бўлиши лозим.

Бу иш ҳайдовчининг ўзи ва бошқа инсонлар саломатлиги ҳамда нақлиёт воситаси талофатга учрамаслиги учун зарурдир.

Нақлиёт воситасини бошқаришда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш.

Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик кишиларга, молу мулкка зарар етказиши мумкин. Ўзига ва ўзгаларга зарар етказиш эса Исломда ҳаром қилинган.

Нақлиёт воситасини сотиб олишда ниятни яхши қилиш.

Бунда мазкур воситани сотиб олишда Аллоҳ таолонинг ибодатига, яхши, савобли ишларга, оила ва яқинларнинг хизматига ишлатаман, деган гўзал ниятни қилиш керак. Шунда нақлиёт сотиб олган киши савоб ҳам олади, мақсадига ҳам эришади.

Нақлиёт воситасини сотиб олаётганда фойдалисини, яхшисини, тежамлисини сотиб олиш керак.

Манманлик, мақтаниш ва одамларга кўз-кўз қилиш каби шариатга хилоф ният ва амалларни кўзламаслик лозим.

Нақлиёт воситасини Аллоҳ таолонинг неъмати деб билиш ва унинг шукрини қилиш зарур.

Зотан, мусулмон инсонга етган ҳар бир яхши нарса Аллоҳ таолонинг неъматидир. Нақлиёт воситаси ҳам ўша неъматлардан биридир. Бу неъматнинг шукри уни тўғри йўлда ишлатиш билан юзага келади.

Нақлиёт воситасини покиза, яроқли ва бўлар-бўлмасга уринтирмаган ҳолда тутиш.

Шунда мазкур восита кўпга етади, унинг хизматидан унумли фойдаланилади. Акс ҳолда, у тезда яроқсиз ҳолга келиши, эгаси ундан маҳрум бўлиши мумкин.

Нақлиёт воситасидан фойдаланиш давомида унга нисбатан авайлаб, эҳтиёткорона муносабатда бўлиш керак.

Масалан, эшикларини очиб-ёпишда, ҳайдаш давомида, сақлаш, техник қаров ва ҳоказоларда шундай йўл тутилади.

Нақлиёт воситасини минишда кўрсатилган дуони ўқишни зинҳор унутмаслик керак.

Чунки инсон бошқа барча ҳолатларда бўлгани каби, нақлиёт воситасини минишда ҳам Парвардигорининг мадади ва ҳимоясига ҳамиша муҳтождир.

Аллоҳ таоло Зухруф сурасида марҳамат қилади:

«У барча жуфтларни яратган ва сизга кемалар ҳамда чорва ҳайвонларидан минадиган нарсаларингизни қилган Зотдир. Токи, сиз улар устига ўрнашгайсизлар, сўнгра, уларнинг устига ўрнашиб олгач, Роббингизнинг неъматини эслаб: «Бизга буни хизматкор қилиб қўйган Зот покдир. Бунга қодир эмас эдик. Ва, албатта, биз Роббимизга қайтгувчилардирмиз», дегайсиз» (12-14-оятлар).

Инсон маркабга минганда, ўзида аллақандай бир кўтаринкилик, ғурур ва манманлик пайдо бўлганини сезади. Ана шундай ҳолатда дарҳол унга маркаб миниш имконини берган Зотни, яъни Аллоҳ таолони эсласа, Унга шукрона ўлароқ юқоридаги оятда келган дуони ўқиса, ҳамма нарса ўрнига тушади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқиб, туяларига минганларида уч марта такбир айтар ва: «Субаҳаналлазии саххоро ланаа ҳааза. Ва маа куннаа лаҳу муқринийн ва иннаа ила роббинаа ламунқалибун. Аллоҳумма! Иннаа насъалука фии сафаринаа ҳааза ал-бирра ват-тақва ва минал амали маа тарзо. Аллоҳумма! Ҳаввин алайнаа сафарана ҳааза ватвиъ аннаа буъдаҳу. Аллоҳумма! Антас-соҳибу Фис-сафар вал халифату фил аҳл. Аллоҳумма! Иннии аъуузу бика мин ваъсаис сафари ва каобатил манзари ва суъил мунқалаби фил мали вал аҳли», дер эдилар.

Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Дуонинг маъноси: «Бизга буни бўйсундирган Зот покдир. Биз бунга қодир эмас эдик. Ва албатта, биз Роббимизга қайтгувчилардирмиз». Аллоҳим! Албатта, биз ушбу сафаримизда яхшиликни, тақвони ва Ўзинг рози бўладиган амални сўраймиз. Бизларга бу сафаримизни осон қилгин. Аллоҳим! Сен сафарда соҳибсан ва аҳлда халифа – ўринбосарсан. Аллоҳим! Сендан сафарнинг машаққатидан, аҳл ва молда маҳзун бўлиб қайтишдан ҳамда ёмон манзара бўлишидан паноҳ сўрайман!»

Нақлиёт воситасини миниб бораётган киши Аллоҳ таолонинг зикрини қилиб бориши юксак одобдир.

Аллоҳ таолони зикр қилишни ҳеч қачон тарк этмаслик керак. Аммо нақлиёт воситаларида кетаётган кишилар учун зикр алоҳида аҳамият касб этади.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қай бир улов минган киши Аллоҳ ва Унинг зикри ила машғул бўлса, албатта, унга фаришта мингашади, шеър ва шунга ўхшаш нарса ила машғул бўлса, шайтон мингашади».

Тобароний ривоят қилган.

Нақлиёт воситасининг эгаси уни лаёқатсиз кишиларга ва ёш болаларга бермаслиги керак.

Нақлиёт воситасини мазкур тоифадаги кишиларга бериш оқибатида жон ёки мол талофатига учраб қолиш эҳтимоли ва хавфи кўп.

Нақлиёт воситасига юк ортганда, бошқаларга зиён етмаслиги чорасини кўриш лозим.

Агар бу маънода йўл қўйилган эътиборсизлик оқибатида бирор кишига ва нарсага зарар етса, нақлиёт воситасининг эгаси тўлаб беради.

Нақлиёт воситасини ҳайдовчи киши белгиланган тезликка риоя қилиши лозим.

Зотан, ноўрин шошилиш шайтондандир. Бундай ҳолатларда шошилиб, тезликни ошириш кўпчиликка зарар етказиши, одамларнинг асабини бузиши, Аллоҳ кўрсатмасин, ҳатто бахтсиз ҳодисаларга, йўл фалокатларига сабаб бўлиши ҳам мумкин.

Нақлиёт воситасини ҳайдовчи ўзидан бошқаларга халал бермаслиги одобдандир.

Баъзи ҳайдовчилар ўз ҳамкасбларига халал берадиган ишларни ўйламай-нетмай қилаверишади, бу ғирт беодобликдир. Бошқаларнинг йўлини тўсиш, қизил чироқда ўтиб кетиш, уловни бепарволик ва қўполлик билан бошқариш, ўзга ҳайдовчиларнинг юришига халал берувчи бошқа ҳаракатларни қилишдан сақланиш лозим.

Нақлиёт воситасини ҳайдовчи киши огоҳлантирувчи овоз чиқарувчи мосламани иложи борича чалмасликка ҳаракат қилиши зарур.

Баланд ва кутилмаган овоз кўпчиликка озор бериши, асабини бузиши, йўлдан чалғитишини унутмаслик керак. Бундай овоз воситалари билан автоуловларни жиҳозлашдан мақсад, зарурат юзасидан ишлатиш учундир. Бировларни безовта қилиш, чўчитиш ва норозилик уйғотиш учун эмас.

Нақлиёт воситасини ҳайдовчидан доимо ҳушёр бўлиши талаб этилади.

Албатта, бусиз мумкин ҳам эмас. Аллоҳ таоло кўрсатмасин, эҳтиёткорлик бир зум унутилса, эътибордан четда бўлинса, бирор кор-ҳол бўлиши эҳтимоли кучаяди. Шунинг учун ҳайдовчининг ҳар тарафлама эҳтиёт чораларини кўриб бориши жуда муҳим.

Нақлиёт воситасини ҳайдовчи бошқа ҳайдовчилар билан ҳам, йўловчилар билан ҳам хушмуомалада бўлишга ҳаракат қилади.

Бу иш юксак одобдир. Мусулмон одам доимо хушмуомала бўлиши керак. Аммо бу сифат ҳайдовчилар учун айниқса жуда зарур. Баъзи тажанг ҳайдовчиларнинг ўз ҳамкасблари билан ҳам, йўловчилар билан ҳам ғижиллашиб туриши, бўлар-бўлмасга асабийлашавериши ҳеч кимга зийнат ҳам, одобдан ҳам эмас.

Нақлиёт воситасини ҳайдовчи ўз маркабини тақиқланган жойларда тўхтатмаслиги ҳам юксак одобдир.

Бу иш жамоатчилик одобларининг кўзга кўринганларидан биридир. Зотан, тўхташ тақиқланган жойга автоуловни тўхтатиш катта беодоблик, бошқаларга ҳурматсизликдир. Бу иш билан ҳайдовчи кўпчиликни беҳурмат қилган ва уларга ноқулайлик туғдирган бўлади.

Нақлиёт воситасини ҳайдовчи автоуловни рухсат берилган жойга ҳам бошқаларга халақит бермайдиган қилиб тўхтатиши лозим.

Баъзи ҳолатларда бошқа нақлиёт воситалари ўта олмай қоладиган даражада тўхтатиб қўйилган автоуловлар кўпчилик учун ноқулайлик туғдиради, бундан кўчалар тўсилиб қолиши, иши зарур киши юмушига кечикиши каби ҳолатлар ҳам вужудга келади. Бу эса мазкур халақит бераётган автоулов эгасининг беодоблиги сабабидан вужудга келади. Мусулмон инсон учун бу каби беодобликка йўл қўйиш катта айб ҳисобланади.

Нақлиёт воситасини ҳайдовчи бирор иш билан автоуловини қолдириб кетадиган бўлса, уни яхшилаб қулфлаб, барча эҳтиёт чораларини кўриб кетиши керак.

Аксинча, пала-партишлик ва эҳтиётсизлик қилса, ўзига зарар етиши мумкин бўлади. Кўча тасодифларга тўла, ўзини билмаганлар автоуловни олиб қочиши ёки бирор жойига зарар етказиши, унинг ичидаги нарсаларни, эҳтиёт қисмларини ўғирлаб кетиши мумкин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши:

«Эй Аллоҳнинг Расули, (уловимни) тушовлаб туриб таваккал қилайми ёки қўйвориб таваккал қилайми?» деди. Шунда у зот:

«Уни тушовлаб туриб, кейин таваккал қил», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]