Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Исроф

 “Эй Одам болалари, ҳар бир сажда чоғида зийнатланингиз (яъни тоза либосда бўлингиз) ҳамда (хоҳлаганингизча), еб-ичаверинглар, фақат исроф қилманглар, зотан У исроф қилувчиларни севмас”.

“Аъроф” сураси, 31-оят.

Исроф – пул, мол ва Аллоҳ томонидан бизга берилган неъматларни ножўя сарфлашдир. Исроф қилувчилар мусриф деб аталади. Аллоҳ мусриф одамларни ёқтирмайди. Исрофнинг зидди бахилликдир. Исроф ҳам, бахиллик ҳам Ислом динида ҳаромдир. Чунки булардан биринчиси пул ва молни сочиш, кераксиз жойларга сарфлашдир. Иккинчиси мол ва пулни тўплаб, қўлда ушлаш, у мол ва пулдан ўзини ҳам, бошқаларни ҳам фойдалантирмасликдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Енг, ичинг, садақа қилинг, кийим-кечаклар кийинг, аммо исрофгарчилик ва манманликка йўл қўйманг”.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бизга етказган ҳалол неъматлардан ўзимиз истаганча фойдаланишимиз мумкин. Аммо исроф қилиш ва манманликка берилишга йўл қўймаслик лозим.

Ўтган алломалар исроф ва бахиллик каби иллатларни қалб хасталигига менгзайдилар. Мавлоно Абу Ҳомид Ғаззолий бу хусусдаги фикрларини шундай баён қилган эди: “Қалб сиҳҳатини тиклаш эътиборни дардга даво бўладиган сабабларга қаратиш билан бошланади. Масалан, Аллоҳ таолодан узоқлаштирувчи, ҳалокатга олиб борувчи бахиллик дардининг давоси молни сарфу инфоқ қилишдир. Лекин баъзида бу сарф исроф даражасига ўтиб кетади. Натижада бахиллик маразидан халос бўламан деб киши исроф дардини орттиради. Исроф ва бахиллик орасида мўътадилликни сақлаш керак. Токи бизга керак нуқта икки тарафдан бир хил узоқликда жой олсин. Агар мўътадиллик нелигини билмоқчи бўлсанг, сақланишинг лозим бўлган хулққа назар сол. Бу хулқ ўзининг зидди бўлмиш бошқа бир хулкдан сенга ёқимли ва енгил бўлса, демак сен сақланишинг лозим бўлган хулқ билан хулқлангансан. Масалан, мол-дунёни сарфлашдан кўра уларни тўплаш сенга лаззатли ва осон бўлса, демак сенда бахиллик хулқи кўпроқ. Бас, мол-дунёнгни сарфлашга тириш! Агар мол-дунёни керагича сақлашдан кўра ноўрин сарфлаш сенга лаззатли ва енгил бўлса, демак сенда исрофгарлик хулқи устун. Бас, молингни қўлда ушлаб туришни ўрган! Нафсингни кузат. Қайси феълларни қилишинг осону, қайси феълларни қилишинг қийин эканлигини аниқ билиб ол. Қалбингни мол-дунёга боғланиб қолишдан асра. Шундагина сен мол-дунёни ноўрин сарфлашдан ҳам, бахилликдан ҳам омонда бўласан. Мол-дунё сен учун бамисоли сув. Бирон ташнанинг чанқоғини қондириш учун сен уни ушлаб турасан, бирон муҳтожнинг ҳожатини раво қилиш учун сен уни сарфлайсан, бераётганингдан заррача қийналмайсан, аксинча лаззатланасан”.

Қайси қалб шу даражага етса, билгинки – Аллоҳ уни саломат сақлабди.  

Исроф ва бахилликнинг ўртасида турувчи чегара иқтисоддир. Ҳар бир киши ўз ҳаётидаги  молиявий жараёнларда иқтисодга таянса, у бахилликдан ҳам, исрофгарчиликдан ҳам йироқ бўлади. Бу борада маърифатпарвар адиб Абдулла Авлоний шундай таъкидлайди: “Иқтисод деб пул ва мол каби неъматларнинг қадрини билмакни айтилур. Мол қадрини билувчи кишилар ўринсиз ерга бир тийин сарф қилмас, ўрни келганда сўмни аямас. Саховатнинг зидди бахиллик бўлгани каби иқтисоднинг зидди исрофдур. Аллоҳ таоло исроф қилгувчиларни суймас. Иқтисодни риоя қилган кишилар ҳамма вақт тинч ва роҳатда яшарлар.

Арилар қиш кунида емак учун бол йиғганидек, бошларига келадурган қора кунларни ўйлаб, оқ пул йиғурлар. «Тома-тома кўл бўлур», – демишлар. Ҳар нарса оздан кўпаюр.

Мақсадга етмоқ, ўз миллатига хизмат қилмоқ, халққа мақбул бўлмоқ учун илм ва мол лозимдур. Оламдаги ҳамма миллатларнинг ҳол ва қудратлари мол ва бойлиқлари ила ўлчанур. Мол топмакнинг энг баракатли йўллари: ҳунарчилик, экинчилик, чорвачилик, савдогарлик каби касб-ҳунарлардир. Буларнинг ҳар бирига ҳам билим лозимдур. Сўзнинг қисқаси, илм ва маърифат ила баробар иқтисод, инсоф, туганмас саъй, битмас ғайрат лозимдур.

Халқ ичинда мўтабар бир нарса йўқ давлат каби,

Бўлмағай давлат жаҳонда қувват-у сиҳҳат каби.

Иқтисод, инсоф зийнатдур вужуди одама,

Яхши неъмат йўқ кишига саъй ила ғайрат каби.

Баъзи одамлар пул ва молларидан ташқари вақтларини ҳам исроф қиладилар. Вақт ҳам Аллоҳнинг неъмати. Уни яхши ва фойдали ишларга сарфламоқ даркор. Пайғамбаримиз бир кунни уч қисмга бўлардилар. Бир қисмини ибодат билан, бир қисмини оила ишлари билан, яна бир қисмини халқ ишлари билан ўтказар эдилар. Халқ ишлари учун ажратилган вақт кифоя қилмаса, оилаларига ажратган вақтдан олар, ибодат вақтига тегмас эдилар. Қуръони каримдаги “Вал-аср” сурасини Аллоҳ таоло: “Аср (вақти)га қасамки…” деб бошлайди. Бу оятда вақтнинг одамлар учун қанчалик аҳамиятга эга эканлиги таъкидланган. Пайғамбаримиз ҳам бир ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар: “Икки неъмат борки, одамлар буларнинг қимматини англаб етмайдилар. Улардан биринчиси соғлиқ, иккинчиси эса бўш вақт”. Демак, бўш вақтларини йўққа чиқарган кишилар вақтни исроф этиб гуноҳ қилган бўладилар. Қиёмат кунида одамлардан ўз умрини қаерда ва қандай ишлар билан ўтказгани ҳам сўралади. Емоқ, ичмоқда, кийинмоқда, керакли нарсаларни олганда исрофдан эҳтиёт бўлиш лозим. Ўзимизга етарли бўлганидан ортиқча олмаслик керак. Доимо тоза кийим кийиш, ҳалол нарсалардан кўнгил тилаганча еб-ичиш, лекин ҳеч қачон исроф қилишга йўл қўймаслик керак экан.

Янгийўл тумани “Пусур оқсоқол” жоме масжиди

имом-хатиби Баходир Усмонов