Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / САДАҚОТЛАР ҲАҚДОРЛАРГА БЕРИЛСИН

САДАҚОТЛАР ҲАҚДОРЛАРГА БЕРИЛСИН

Вожиб садақотларни умумий молдан ният ила ажратиш қандай вожиб бўлса, уни ўз ўрнига бериш ҳам шундай вожибдир.

Кўпчилигимиз садақот қиламиз, лекин улар ўз ўрнига етиб боришига етарлича аҳамият бермаймиз. Бепарволик сабаб молиявий ибодат зиммамиздан соқит бўлмай қолиши мумкинлигидан баъзиларимиз бехабармиз.

Аллоҳ таоло закотга ҳақли тоифаларни баён қилар экан, биз эътибор бермайдиган бир тоифани қўйдагича баён қилган: «(Садақа ва эҳсонлар) Аллоҳ йўлида (жанг билан) банд бўлиб, (тижорат учун) сафарга чиқа олмайдиган, иффатлари (тортинчоқликлари) сабабли билмаган одам бой деб гумон қиладиган фақирлар учундир. Уларнинг (фақир эканликларини) сиймоларидан (ташқи кўринишдаги белгиларидан) билиб оласиз» (Бақара сураси, 273-оят).

Ҳа, азизлар, биз шу тоифага кўпроқ аҳамият беришимиз керак. Очиғи, бугун садақотларимиз  ҳақдорлардан кўра ҳақли бўлмаганларга кўпроқ тегяпти. Ҳатто баъзилар бунга мутлақо ҳақли бўлмаса-да, ўзини ўта муҳтож қилиб кўрсатади. Одатда кўпроқ Рамазон ойида закот берилишини билган баъзи шоввозлар, бу ойда сунъий қарздорликка кириб, закот билан орзу-ҳавасларини қоплашга одатланган.

Шу омиллар, яъни берувчининг бефарқлиги, олувчининг маккорлиги сабаб оятда баён этилган иффатлари фақирлар қолиб кетяпти. Чунки улар одамлардан хиралик қилиб ҳеч нарса сўрамайди. Уларнинг ғурури, иффати тиланишга йўл қўймайди. Уларнинг юзида ибо, ҳаё суви бор, бетлари қотмаган. Раббиларининг тақсимотига рози бўлиб яшайверади. Ҳеч қачон ҳеч кимга ҳеч нарсадан шикоят қилмайди. Улар ана шундай олийжаноб инсонлардир.

Биз фаросат билан қарасак, уларнинг сиймоларидан таниймиз. Эътибор берсак, уларнинг сиймоларида сабрни, шукрни, ризони, қаноатни кўрамиз. Ана шундай олийжаноб одамлар аслида садақотларга ҳақлидирлар. Биз кўпроқ садақотларни боқимандаликка ўрганиб қолган ишёқмас, тамагир одамларга бериб қўямиз.

Хулоса шуки, ҳақдор одамлар шариат улар учун ажратиб берган молиявий улушларидан бизни бефарқлигимиз, ҳақли бўлмаганларнинг устамонлиги сабаб маҳрум бўлиб қолмасин. Ҳақ ўз эгасига етиб борсин. Шунда шаръий мақсад хосил бўлади.

Миршавкат МУЗАФФАР

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

[carousel-horizontal-posts-content-slider]