Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Ақида / Ўлганларга дуо қилиш ва уларга савоб аташ

Ўлганларга дуо қилиш ва уларга савоб аташ

وَفي دُعَاءِ الأَحْيَاءِ وَصَدَقَاتِهِمْ مَنْفَعَةٌ لِلأَمْوَاتِ، وَالله تَعَالى يَسْتَجِيبُ الدَّعَوَاتِ وَيَقْضِي الحَاجَاتِ، وَيَمْلِكُ كُلَّ شَىءٍ وَلا يَمْلِكُهُ شَىْءٌ، وَلا غِنَى عَنِ اللهِ تَعَالى طَرفَةَ عَيْنٍ، وَمَنْ [زَعَمَ أَنَّهُ] اسْتَغْنَى عَنِ اللهِ طَرْفَةَ عَيْنٍ فَقَدْ كَفَرَ وَصَارَ مِنْ أَهْلِ الحَيْنِ

Тирикларнинг дуо ва садақаларида маййитлар учун фойда бордир. Аллоҳ таоло дуоларни ижобат қилади, ҳожатларни раво қилади. У ҳамма нарсанинг эгасидир. У Зотга эса ҳеч нарса эгалик қилолмайди. Аллоҳ таолодан кўз очиб-юмгунча ҳам беҳожат бўлинмайди. Кимки бир лаҳзага бўлса ҳам Аллоҳ таолодан беҳожат бўламан деб билса, кофир бўлади ва ҳалокат аҳлига айланади.

Тирикларнинг дуо ва садақаларида маййитлар учун фойда бордир. Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти бунга далилдир: “Улардан кейин келганлар: “Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат солмагин, эй Роббимиз, албатта, сен шафқатли ва меҳрибонсан”, дерлар”. (Ҳашр сураси 10-оят). Вафот этганлар ҳақига қилинган дуода фойда борлигига яна бир далил жаноза намозидир. Чунки, жаноза намози маййит ҳақига қилинадиган дуолардан иборат. 

Аллоҳ таоло дуоларни ижобат қилади, ҳожатларни раво қилади. Банда ўзининг муҳтож ва фақир эканини тан олиб, Аллоҳ таоло эса барча сабаблар ва куч-қудрат, сахийлик ва фазлу карам соҳиби эканини эътироф этган ҳолда дуо қилади. Бошқа ибодатлар ҳам гўёки дуодир:

Инсон тили билан Аллоҳ таолога муножот қилиб: Аллоҳим! Менга ҳалол ризқ бер! Аллоҳим! Бизни жаннатга кирит! Аллоҳим! Гуноҳларимизни кечир! ‐ дея айтганидек, намоз ўқиганида, рўза тутганида, силаи раҳм қилганида ёки ваъдасига вафо қилганида амали билан Аллоҳ таолодан сўраётган бўлади.

Рўза тутарканмиз, гўёки Аллоҳ таолодан тақводорлардан қилишини, ҳаром қилинган сўз ва ишлардан муҳофаза этишини сўраётган бўламиз. Силаи раҳм қиларканмиз, Аллоҳ таолодан хотимамизни гўзал ва умримизни баракали қилишини сўраётган бўламиз.

Намозимизни чиройли адо этарканмиз, Аллоҳ таолодан фаҳш ва мункар – ёмон ишлардан узоқ қилишини сўраётган бўламиз. Бошқа амалларимиз ҳам шу тарздадир. Демак, дуо ибодат бўлганидек ибодатлар ҳам дуо экан.

У ҳамма нарсанинг эгасидир.

Аллоҳ таоло айтади: “Осмонлару ер ва улардаги нарсалар Аллоҳнинг мулкидир. Ва У зот ҳар бир нарсага қодирдир”. (Моида сураси, 120-оят)

У Зотга эса ҳеч нарса эгалик қилолмайди.

Аллоҳ таолодан бошқа барча мавжуд нарса Унинг яратганлари ва мулкидир.

Аллоҳ таолодан кўз очиб-юмгунча ҳам беҳожат бўлинмайди.

Аллоҳ таолодан бошқа барча мавжуд нарсалар йўқдан бор бўлишида ва борлиги давом этишида Аллоҳ азза ва жалланинг яратиши ва таъминлаб туришига ҳар лаҳза муҳтождир.

Кимки бир лаҳзага бўлса ҳам Аллоҳ таолодан беҳожат бўламан деб билса, кофир бўлади ва ҳалокат аҳлига айланади.

Беҳожатлик Илоҳ ва Роббнинг сифати бўлганидек муҳтожлик ва фақирлик банданинг ажралмас сифати ва унинг ҳақиқатидир. Кимки ўзини Аллоҳ таолодан бир лаҳза бўлса-да беҳожатман деса, ўзининг кимлигини унутган, Аллоҳ таолони танимаган бўлади. Аслида, Аллоҳ таолога муҳтожлик ҳақиқий бойликдир. 

[carousel-horizontal-posts-content-slider]