Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / У ҳамон шу атрофда, ҳали узоқ кетмаган…

У ҳамон шу атрофда, ҳали узоқ кетмаган…

بسم الله الرحمن الرحيم،

الحمد لله و الصلوة و السلام علي رسول الله و بعد،

Тадбирли ва меҳрибон Аллоҳ таолонинг минг бир ҳикматли синови ила бугун бутун дунё бошида коронавирус (COVID-19) инфекцияси жиддий хавф солиб турибди. Буни таърифлаш ёки изоҳлашнинг ҳожати йўқ. Мен эътиборингизни масаланинг бошқа жиҳатига қаратмоқчиман.

Маълумингизки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан 16.03.2020 санада эълон қилинган “Коронавирус (COVID-19) инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ҳақида”ги Фатвоси (қуйида илова қилинади) аҳоли эътиборига шу куннинг ўзида имом-хатиблар, шунингдек, ОАВ орқали эълон қилинди. Унинг ижросини таъминлаш билан боғлиқ қатор чора-тадбирлар ҳам йўлга қўйилди.

Бироқ, бу фатво ёки тавсияларнинг мазмун ва моҳияти ҳамон тушуниб етилмаган чоғи, пандемия сабаб вақтинча ёпилган масжидларда кўп ҳолларда йўловчилар томонидан намозни адо этиш учун масжидга киришга урунишлар, рухсат берилмагач ходимларни улар томонидан маълум маънода камситилиши, баъзи бир хонадонларда ифторлик маросимлари ташкил этилиб, унинг сўнгида таровеҳ намозларини ҳам жамоа бўлиб адо этиш мисол ҳолатлар учраб турибди.

Бундан ташқари жаноза ва дафн маросимларида айни ҳолатда тавсия этилган одам сонидан кўпроқ аҳолининг қатнашиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Шубҳасиз, бу халқимизнинг жаноза ва дафн иши асносида намоён бўладиган энг гўзал ва улуғ инсонийлик фазилатларидан бири саналади. Намозларни масжидларда жамоа бўлиб адо этиш эса юртимиз мусулмонларини ибодатларга бўлган юксак ихлосидан дарак. Бунинг учун Аллоҳ таолога ҳамдлар айтамиз!

Бироқ, биз айни дамдаги талаб ва тавсияларни ҳуқуқларимиз, жумладан диний эътиқодимизга нисбатан чеклов маъносида эмас, аксинча – эҳтиёткорлик ва манфаъат маъносида қабул қилишимиз кераклигини унутмаслигимиз керак! Бу бамисоли – сув йўқ ёки сув бор бўлсада беморлик мисол хатарлар сабаб ундан фойдаланиш имкони йўқ бўлган онда таҳорат ўрнига таяммум жорий этилгани кабидир.

Аслида бу ҳолатларда инсон икки карра ажр олади, бири машаққатли ҳолда ҳам ибодатни тарк этмагани ва узрли ибодатни Аллоҳнинг амрига биноан унинг ўринбосари билан адо этгани учун. Сабри ва бошқа фазилатлари учун яна бошқа улуғ ажрларга эришади. Бугунги пандемия ҳолатда қабул қилинаётган қарор ва фатволар ҳам ҳудди шу мисол вазиятда вақтинча қабул қилинган ва бунга амал қилиш вожиб ҳисобланган амал ҳисобланади.

Юртимиздаги карантин қоидаларининг маълум маънода юмшатилиши ва ушбу вируснинг тарқалишини камайиши, шунингдек, бу дарддан фориғ бўлаётганларнинг сонини ортиб бориши Аллоҳ таолонинг фазли ва марҳамати ила Раҳбарлар ҳамда Уламоларнинг талаб ва тавсияларига итоат қилишимиз, карантин қоидаларига қатъий риоя қилишимиз ортидаги мукофот бўлмоқда!

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар бир жойда вабо тарқалганини эшитсангиз, у ерга борманглар. Агар ўзингиз турган жойга вабо келса, ундан қочиб чиқиб кетманглар!” деганлар.

Мана шу кўрсатма карантиннинг муқаддас Ислом динимиздаги умумий қоидаси ҳисобланади. Ушбу ҳадиси шарифга мувофиқ, вабо тарқалган жойга бормаслик, вабо тарқаган жойдаги одам ундан қочиб бошқа жойга чиқиб кетмаслиги зарур бўлади. Яъни, инсон бундай пайтда ўзининг эҳтиётини қилиши, вирус кенг тарқалиб бораётган ҳудудга бормаслиги, имкон қадар хавфсиз жойда – уйида бўлишга интилиши зарур.

Афсуски, айни дамларда карантин маълум маънода юшатилганига кўчаларда автоуловларнинг қатнови баробарида жаноза ва дафн маросимларида ҳам одамлар сони кўпайиши кузатилмоқда.

Ислом динимизда жаноза ва дафн маросимлари билан боғлиқ барча талаб, тартиб ва қоидалар тўлиқ баён этилган (қуйида илова қилинади).

Афсуски, айримлар томонидан хонадонларда кичик бўлсада турли тантаналар, айни кунларда меҳмоннавозлик ила жамоа бўлиб ифторлик тадбирларини ўтказиш, унинг ортида таровеҳ намозларини ҳам жамоа бўлиб адо этиш, жаноза ва дафн маросимларида кўпчилик ҳаддан ортиқ кишиларнинг иштирок этиш ҳолатлари учраб турибди.

Эҳтимол, тушунмаганлар, битта жаноза ёки ифторлик маросими-ю, деб ҳисоблашар. Бироқ, ўша тадбирда қанча одам иштирок этади, улар йўл-йўлакай қанчадир одамлар билан мулоқот қилади ва ниҳоят ЎЗ ЯҚИНЛАРИ ЯШАЁТГАН ОИЛАЛАРИ БАҒРИГА қайтади…

Унутмайлик, бу вирус кўзга кўринмайди. Боз устига ҳанузгача унинг давоси топилмади. Ислом динида дард қачон “вабо”, деб аталади, қачонки, унинг айнан давоси топилмаётган бўлса.

Сир эмаски, юртимизда ҳам ўз соясини солиб турган бу дард ортга қайтгани йўқ… Шукрки, бугун юртимизда бунга қарши қанчадан қанча фидоий ва жасур масъулларимиз ўз ҳаётларини хавф оёғи остига қўйиб, оиласидан йироқда, аниқроқ айтганда – ўлим ёқасида туриб меҳнат қилмоқда. Дуогўйларимиз ўзибодатларида Яратганга дуолар ила илтижо қилмоқда…

Келинг, арзимас эътиборсизлик билан йўл қўйган ҳаракатларимиз туфайли (эҳтимол, биз бу ишларимизни хайрли иш, деб ҳисоблармиз) шунча хизматларни саробга айланишига сабабчи бўлиб қолмайлик!

Ўзимизни, оиламизни ва халқимизни ўзимиз уйда туриб асрайлик!

Ҳа, шунчаки ўз уйимизда туриб…

Тошкент вилоят бош имом-хатиби ўринбосари

НУРАЛИ Мавланов.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]