Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ЭЪТИҚОД ЎҒРИЛАРИ

ЭЪТИҚОД ЎҒРИЛАРИ

Огоҳлик

Глобаллашув жадаллашиб, ижтимоий тармоқлар тобора ривожланиб бормоқда. Бунинг яхши томони кўп, албатта. Масалан, илм-фан, ижод, касб-ҳунар, ишлаб чиқариш, саноат, технологиялар башарият турмушини янада фаровонлаштирмоқда.

Аммо танганинг икинчи томони ҳам бор. Ижтимоий тармоқлар орқали “эътиқод ўғирлиги” ҳам содир бўлмоқда. Масалан, Ўзбекистонда аҳолининг 98 фоизини Ислом динига эътиқод қилувчилар ташкил этади. Алҳамдулиллаҳ, сўнгги йилларда динимизни ўрганиш, таниш, билиш, амал қилиш борасида жуда катта ижобий ўзгаришларга эришмоқдамиз.

Бироқ юртимизда яратилган беқиёс эркинликлар, улкан шарт-шароитлардан айрим ғайридин секталар турли сиёсий кучлар кўмагида мусулмон халқимиз орасида ўз диний эътиқодларини сингдиришга, бу жараёнда ўнлаб, юзлаб восита ва усуллардан фойдаланишга уринмоқда.

Айрим мусулмонлар уларнинг ҳийла-найрангларига учиб, алданиб, ҳатто муқаддас Ислом динидан воз кечиб, бошқа диндаги тоифалар тарғиботчилари таъсирига тушиб қолишмоқда.

Эй мусулмонлар, унутмайлик, муқаддас динимизни ҳеч нарсага алмашмайлик. Бу дунёнинг баъзи синовлари ёки орзу-ҳаваслар кетидан қувиб, охиратимизни вайрон қилмайлик. Аллоҳ таолонинг ғазабига, дўзах азобига дучор бўлмайлик.

Айрим дин душманлари, “эътиқод ўгрилари” баъзи маҳалладошларимизни, қавм-қариндошларимизни йўлдан уриб, динимиздаги энг катта гуноҳ, яъни Исломдан чиқиб, бошқа диний эътиқодни қабул қилдиришга қаттиқ киришмоқда.

Ахир, Қуръони каримда: “Кимки, Ислом динидан ўзга динни дин деб танласа, асло қабул бўлмас, ва у охиратда қаттиқ афсус чекади” (Оли Имрон сураси, 85-оят), деб марҳамат қилинган-ку!

Азиз мусулмонлар, жуда ҳушёр бўлайлик, айрим фитначилар ўта айёрона тарзда бизни аврашга, муқаддас китобимиз Қуръон оятларини нотўғри тушунтиришга интилмоқда. Масалан, баъзи “эътиқод ўғрилари”, имконияти чекланганлар, хусусан, гунглар, карлар ўртасида ташвиқот олиб бориб, Бақара сурасининг 7-оятини бузиб талқин қилишмоқда. Яъни, улар: “Худо айрим бандаларининг қулоқларини кар, кўзларини кўр қилиб қўюр ҳамда уларга охиратда қаттиқ азоб ҳам тайерлаб қўйган”, дейишяпти.

Бу қандай бедодлик, безбетлик, инсофсизлик, ахир. Аслида, бу ояти карима Ислом динини қабул қилишдан бош тортган, мусулмонларга азият берувчи ғайридин шахслар, тоифалар ҳақида-ку.

Шундай экан, азиз диндошлар, муҳтарам мусулмонлар, Исломни маҳкам ушланг, “эътиқод ўғрилари” алдовига, моддий-маънавий ёрдамига алданманг. Вақти-соати етиб, ҳамамиз бу фоний дунёни тарк этамиз. Аллоҳ таоло барчамизга имон билан омонатимизни топширишни насиб айласин!

Нуриддинхон ҲОШИМОВ,

Янгийўл тумани Гулбаҳор шаҳарчаси

“Гулбаҳор” жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan