Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / МИНГ ОЙДАН АФЗАЛ КЕЧА

МИНГ ОЙДАН АФЗАЛ КЕЧА

Рамазон ҳикматлари

Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар бўлсин, бу йилги Рамазон ойи ҳар қачонгидан ҳам ўзгача файз, шукуҳ билан ўтяпти. Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари Тошкент вилоятида ҳам бу муборак ой чинакам ойлар султони сифатида муносиб нишонланяпти.

Энг қувонарлиси, Рамазоннинг дастлабки кунларида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари ва қўллаб-қувватлашлари туфайли кўплаб кам таъминланан оилалар юртимиз тарихида илк марта давлат ҳисобидан умра зиёратларини адо этиб келишди. Бу ҳолат нафақат юртимиз, балки дунё тарихида ҳам ноёб ҳодиса ҳисобланади.

 Рамазоннинг учинчи даҳаси, яъни Қадр кечаси куни вилоятимизда Қуръони карим хатмлари ниҳояланади. Чунки Қуръони карим айнан Қадр кечасида нозил бўла бошлаган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Албатта, Биз уни (Қуръонни “Лавҳул-маҳфуз”дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй, Муҳаммад!) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир» (Қадр сураси).

Бу муборак кечада шу йилдан келгуси йилгача бўладиган ишлар, ҳукмлар, ризқлар, ажалларнинг миқдори ўлчанади. Аллоҳ таоло бир йиллик тақдирни фаришталарга билдиради ва бу йил тақдир қилинган нарсаларни уларга ёзиб қўймоқликни амр этади.

Бу муборак кечанинг қадри улуғдир. Қадр сўзи икки хил маънода – қадри улуғ, иккинчиси, миқдор, яъни бандаларнинг тақдирини белгилашдир. Унда инсоният тарихида мисли кўрилмаган бир кеча ҳақида – инсонларга дунё ҳаётидан чин инсоний ҳаёт кечириб ўтиш йўл-йўриқларини кўрсатиб берадиган сўнгги мукаммал илоҳий дастуруламал бўлмиш Қуръони карим нозил бўла бошлаган ниҳоятда қадрли Қадр кечаси ва унинг фазилатлари ҳақида сўз боради.

Қадр кечаси шарофатли ҳукмлар чиқариш ва ўлчаш-белгилаш, Аллоҳ таоло томонидан ушбу кечада Ўзи ҳоҳлаган кишига ризқ-насиба белгиланиши ва бу ишлар тақсимотини тадбир қилувчи фаришталарига топшириш кечаси бўлгани учун Парвардигор Ўз элчиси эътиборини шу фазилатли кечага қаратмоқда.

Имом Замахшарий айтади: “Бу сурада Аллоҳ таоло Қуръони каримни уч усул билан улуғлаган: биринчиси, Қуръонни нозил этишни фақат Ўзига мансуб қилган, иккинчиси, унинг улуғлиги ва шарафини билдириб, номини очиқ айтмай, ишора билан келтирган, учинчиси, Қуръон нозил қилинган вақтнинг қадрини оширган”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг ўтган барча гуноҳлари мағфират қилинур”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Ривоят қилинишича, Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолога нидо қилиб: «Ё Раббим! Сенинг яқинлигингни билишни истайман”, деди. Аллоҳ таоло: “Мен Қадр тунида уйғоқ бўлганларга яқиндирман”, деди. Мусо алайҳиссалом яна: “Раббим, Сенинг раҳматингнинг орзусидаман”, деди. Аллоҳ таоло: “Менинг раҳматим Қадр кечасида мискинларга раҳм қилганларгадир”, деди. Мусо алайҳиссалом: “Раббим, сирот кўпригидан яшиндек ўтишни истайман”, деганида, Аллоҳ таоло: “Қадр кечасида фақирларга садақа берганларни олдинроқ ўтказаман”, деди. Мусо алайҳиссалом давом этиб: “Раббим, жаннат боғларида бўлишни ва уларнинг мевасидан тановул қилишни истайман”, деди. “Қадр кечасида тасбеҳ айтиб, Мени зикр этиш билан машғул бўлганлар жаннат боғларига сазовор бўлишади”, деди Аллоҳ таоло. Мусо алайҳиссалом: “Раббим, дўзахдан нажот топишни истайман”, деганида, Аллоҳ таоло: “Қадр кечасида истиғфорни кўп айтганлар дўзахдан нажот топадилар”, деди. Мусо алайҳиссалом яна илтижо қилиб: “Раббим, Сенинг розилигингни топишни истайман”, деганида, Аллоҳ таоло: “Эй Мусо, Менинг розилигимни қадр кечасида икки ракат нафл намоз ўқиганлар топадилар”, деди (“Зубдатул воъизин” китобидан).

Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечаси эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Расулуллоҳдан уни аниқлаб айтиб беришларини кўп сўраганларидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлигида, кейинроқ тоқ кечаларидан излаш кераклиги ҳақида айтганлар. Охири у кечанинг аломатларини айтганларидан сўнг 27 кеча экани маълум бўлган (“Бағавий” тафсири).

Аллоҳ таоло Қадр кечасининг баракотидан минг ойлик ибодатнинг ажру савобидан кўра яхшироқ ажру савоб беришидан умидвор бўлиш керак. Қадр кечасининг ва ундаги бедорлик, ибодат, намоз, Қуръон тиловати ҳамда илтижо, тазарру, дуолар фазлидан ўтган гуноҳларни кечиришидан умидвор бўлиши керак.

Қадр кечаси дуолар ижобат бўлади. Шу боис бу кечада кўпроқ юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб, дуо ва илтижолар қилишимиз керак.

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]