Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Хилватда ёлғиз қолиш, «ўзини яккалаш»

Хилватда ёлғиз қолиш, «ўзини яккалаш»

Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ: Коронавирус тарқалишини бартараф қилиш учун киритилган «ўзини яккалаш» (само изоляция) ҳаёт тарзи жорий этилиши, яъни уйда қолиш ва ўзгалар билан мулоқотни чеклаш тизими 1 апрелда эълон қилинганди.

Хозирда биз Аллох таолонинг хикмати билан юртимизда Короновирус сабабли карантинда маълум бир вақт, уй шароитида ёлғиз қолиш, яъни хилват зарур бўлиб турибди. Инша Аллох Карантин тугагандан сўнг яна одамларга аралашиб ҳаёт ташвишларини давом эттирамиз. Шу «ўзини яккалаш», сабабдан бироз Хилват хақида фикрлашишни лозим топдим.

Хилват динимиз тариқатининг муборак бир асосларидан бўлиб, унинг натижаларидан бири қалб ва фикрнинг муҳофаза этилишидир. Яъни, қалбни (ҳар турли иллатлардан) авайлаб-асраш ва фикрни соғлом ақл-идрокда тутиш фақат хилват билан амалга ошади.

Тасаввуфий истилоҳлар изоҳида: Хилват — узлат, инзиво, тажарруд, тарки дунё, эътикоф, халқ билан ихтилот (аралашиши)ни тарк этиб, бир чеккага ўтириш ва барча вақтини ибодат ва тоат билан ўтказиш, хилватхонада ва чиллахонада қирқ кун парҳез ва риёзат қилиш, деб келтирилган.

Инсоннинг қалби учун энг фойдали нарса хилватда фикрлашдир. Хилват гуноҳлардан сақланишдир. Фикрлаш эса саломатликдир. Гуноҳлардан сақланмай туриб тафаккур қилиб бўлмас. Инсонни ғафлат уйқусидан уйғотадиган нарса тафаккурдир. Бу вақтларда ақлни ишга солиб кўпроқ фикр қилишимиз керак. Айниқса, ҳозир бўлаётган воқеликдаги ҳолатлардан. Шунда қалбимиз саломат бўлади.

Хилватда ёлғиз қолиш бу инсоннинг одамлардан ажраб, ёлғиз қолиши ва унинг қалби ҳам Аллоҳ таоло билан ёлғиз қолиб, ҳис-туйғуларини жиловлаб, ботинан ўзини чиниқтириб, покланиб бориши. Чунки тана хилватда қолмагунча қалб ҳам хилватда қолиши қийин. Қачон одамлардан холи қолинса ва фикрни ишга солса, қалби шифо топади. Инсон хилватда қолса, тирикчилик ташвишлари, кўнгилни безовта қилувчи нарсалар бўлмагани учун тафаккур қилинган нарсалар қалбга яхшироқ ўрнашади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи бошланган нарса уйқудаги ҳақ туш бўлди. У зот қандай туш кўрсалар, албатта, худди тонг ёруғидек аниқ ўнгидан келар эди. Сўнгра у зотга холи қолиш маҳбуб бўлиб қолди. Ҳиро ғорида холи қолиб, аҳлларининг олдига тушишдан олдин бир неча кеча «таҳаннус» ибодати қилар эдилар. Бунинг учун озуқа олволар эдилар. Сўнгра Хадийжанинг олдига қайтиб, яна ўшанчага етарли озуқа олар эдилар. У зотга ҳақ келгунича шундай бўлди. У зот Ҳиро ғорида эканликларида фаришта келиб: «Ўқи!» деди…».

Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келишидан уч йил аввал Маккаи Мукаррама яқинидаги Ҳиро ғорида бир йилда бир ой (Рамазон ойида) «таҳаннус» ибодати, яъни ғорда ўтириб, руҳий покланиш одати пайдо бўлган эди.

Бу ҳол, яъни танҳоликни хоҳлаб қолишлари ҳам Аллоҳнинг келажак ишларни ўйлаб қилган тадбири бўлиб, у зотни келажакда улкан ишлар кутарди…

Карантин вақтида ҳар бир мўмин хилват вақтини ғанимат билсин. Ўзининг бу хилватида тафаккур ила машғул бўлсин. Унинг хилватидаги бу тафаккури ўзига ўзини танитсин, Роббини танитсин ва Роббига ибодатни ихлос билан қилишига сабаб бўлсин.

Хилват – узлат хақида марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари «Хислатли ҳикматлар шарҳи» китобларида марҳум шайх Муҳаммад Саъид Рамазон Бутийнинг ёзганларини келтирадилар.

Бу борада шайх Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий қуйидагиларни ёзади: «Келинг, энди ушбу жузъий узлатга амал қилган мусулмонга унинг таъсири қандай бўлишини англашга уриниб кўрайлик.

Фараз қилайлик, сиз тожир дўстларингиз билан Ҳамроо кўчасига ўхшаш тижорий кўчада ёки Ҳумайдия бозорига ўхшаш бозорда кетаётган эдингиз. Молу дунё, даромад ва иқтисод ҳақида сўзлашиб бордингиз. Ушбу шовқин-сурон ичида биров келиб, қуйидаги ҳадисни эслатиб қолди.

Ибн Зубайр розияллоҳу анҳумо Маккада минбарда хутба қилиб:

«Эй одамлар! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар одам боласига водий тўла олтин берилса ҳам, ўзига иккинчисини хоҳлайди. Агар унга иккинчиси берилса, учинчисини хоҳлайди. Одам боласининг қорнини фақатгина тупроқ тўсади. Ва Аллоҳ тавба қилганнинг тавбасини қабул қилади», дер эдилар», деди».

Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Ушбу насиҳат сизга қанчалик таъсир қилади? Ҳеч қандай таъсир қилмайди. Аксинча, ноўрин гап сифатида сизнинг аччиғингизни чиқаради. Ўзингиз турган ҳолат фикрингизни чулғаб олган бўлади. Ўзингиздаги энг яхши иймоний ҳолатда бўлсангиз, ҳадисни ва унинг соҳибини эҳтиром қиласиз ва уч дақиқадан сўнг уни эсдан чиқарасиз.

Яна фараз қилинг, сиз кечаси турдингиз. Туннинг охирги қисми. Ўзингизни қуршаб турган сокинликни тааммул қилдингиз. У сизга ўзингиз билмаган сокинликни сездирмоқда. Ўзингиз излаб топа олмаётган хотиржамликни пайдо қилди. Ана шундай руҳоний ҳолатда Аллоҳ таолога муножот қилиб, бир неча ракат намоз ўқиш учун таҳорат қилдингиз. Сўнгра ўша муножотнинг таъсири остида, кечанинг жимлиги ва сокинлигида, одамлар, дўстлар, тижорат ва дунё ташвишларидан узлат бўлган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикр қилинган ҳадисларини эсладингиз.

«Агар одам боласига водий тўла олтин берилса ҳам, ўзига иккинчисини хоҳлайди. Агар унга иккинчиси берилса, учинчисини хоҳлайди. Одам боласининг қорнини фақатгина тупроқ тўсади…»

Ушбу каломни мазкур узлат ҳолатида эшитганингизда у фикрингизга, нафсингизга қандай таъсир кўрсатишини ўйлаб кўринг-а!»

Хилватнинг фойдалари:

1. Ибодатга фориғ бўлиш.

2. Кўпчиликка аралашганда йўлиқадиган ғийбат, риё, ёмон хулқларнинг юқиши каби маъсиятлардан халос бўлиш.

3. Фитна ва хусуматлардан халос бўлиш.

4. Одамларнинг ёмонликларидан халос бўлиш.

5. Одамлар тамасининг сендан, сенинг тамангнинг улардан кесилиши.

6. Аҳмоқ ва бефаросатлардан қутулиш.

Азизлар карантин вақтларида имкон қадар кам ухлайлик. Кўп уйқу умрни зое этади, баданни бўшаштиради, иштиёқини йўқотади.

Имом Ғаззолий бу ҳақда ёзадилар: «Киши бир кунда саккиз соатдан ортиқ ухламаслиги керак. Акс ҳолда инсон умрининг учдан бирини йўқотган бўлади».

Яна таомланиш ҳам меъёрида бўлсин. Одам қорни очиб, эҳтиёж сезганида, яқинлари билан биргаликда овқатланиши керак. Очарчиликда қолгандек (шоша-пиша) овқатланмаслиги лозим. Албатта, суннатга мувофиқ аввало қўл-оғзини чайқаши, «бисмиллаҳ» деб ейиши ва неъмат шукронасини бажо келтириши керак.

Аслида ейиш ва ухлаш ўз шартига мувофиқ бўлса, зиёни кам бўлади

Яна интернетдан камроқ фойдаланайлик. Унинг ўрнига китобхонлик ёки дунё ва охиратимиз учун манфаатли амаллар билан машғул бўлайлик.

Интернет хам хилват жой. Хилват билан хилватни фарқи бор.

Интернет хилват жой бўлганидан, одамлар орасида қилмайдиган ишларимизни, ёлғиз қолганда ҳам ўзимизга раво кўрмаслигимиз керак. Аллоҳ таоло бизни доим кузатиб турганини ҳис қилишимиз лозим.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

(Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (қараш ман этилган нарсага ўғринча кўз ташлашини) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни (ёмон ниятларни) ҳам билур (Ғофир сураси, 19-оят).

Аллоҳ таоло барчамизга манфаатли хилватни, унинг натижасида қалбимизни умримиз бўйи тафаккур қиладиган бўлишини насиб этсин!

«Исломобод» жоме масжиди имом хатиби Ш.Назарқулов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]