Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Мадад ва муваффақият

Мадад ва муваффақият

Ҳар бир мўмин Аллоҳ таолодан мадад истайди. Бунга эришишнинг йўллари кўп бўлса-да, улардан айримларига тўхталамиз.

Қуръони каримда: “Сиздан олдин ҳам пайғамбарларни ўз қавмларига юборганмиз. Бас, (элчиларимиз) уларга ҳужжатларни келтирганлар. Жиноятчилардан эса интиқом (ўч) олганмиз. Бизнинг зиммамизда (кофирларни ҳалок этганимизда) мўминларга мадад бериш ҳаққи бор эди” (Рум сураси, 47-оят). Демак, Аллоҳ таолодан кўмак олишнинг биринчи йўли мўмин бўлишдир. Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар алайҳиссаломга: «Менга имон ҳақида хабар беринг” деганида, у зот алайҳиссалом: “Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига ҳамда яхшию ёмон қадар Аллоҳдан эканига имон келтирмоғинг”, деб жавоб берганлар» (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти). Ушбулар имоннинг босқичларидир. .

Имон амалларимизда ўз аксини топмоғи лозим. Мана шу асосдир. Масалан, идишга заҳар солинса, асло уни ичмаймиз. Сабаби, ичганимизда нима рўй беришини жуда яхши биламиз. Бунга ишончимиз комил.

Яна бир мисол. Сафарларнинг бирида Пайғамбар алайҳиссалом дам олгани ётдилар. Қиличларини дарахтга илиб қўйдилар. Шу вақт мушриклардан бири яширинча келиб, қилични олди ва у зотнинг муборак бўйинларига тираб: “Ҳозир ким сени менинг қўлимдан қутқариб олади?” деди. Шу ўринда ҳар биримиз: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларини ҳимоя қилиш учун бирор нарса қўлласалар бўларди”, деб ўйлашимиз мумкин. Лекин у зот бундай қилмадилар. Балки мушрикнинг гапига комил ишонч билан “Аллоҳ” деб жавоб қилдилар. Шу пайт мушрикнинг қўли қалтираб, қилични тушириб юборди. Набий алайҳиссалом қилични олиб, унинг бўйнига тирадилар-да: “Ҳозир ким сени мендан қутқариб олади?” дедилар.

Ушбу икки мисолда имон-ишончнинг ҳам қалбда, ҳам амалда акс этганининг гувоҳи бўламиз.

Яна бир мисол: «Набий алайҳиссалом Абу Бакр Сиддиқ билан Савр тоғидаги ғорга яширинишди. Қурайш кофирлари ғор оғзида туришибди, озгина эътибор билан қарашса, албатта, уларни кўришади. Агар бирор киши Савр ғорига кўтарилган бўлса, у ерга етиш учун икки соат вақтни талаб этилишини билади. Набий алайҳиссаломни таъқиб қилган мушриклар икки соат мобайнида ушбу ғорга кўтарилишди. Устига-устак улар ҳеч бир пана жойни кўздан қочиришмади. Фақат мана шу ғорни текшириш қолганди, холос. Яъни, икки соат йўл босиб, фақат шу ғорни кўздан кечирмасдан қайтиш нодонлик эди.

Мана, мушриклар ғор оғзида туришибди. Фақат юқорига қарашгина уларни ўз мақсадларидан тўсмоқда. Абу Бакр розийаллоҳу анҳу қурайшликлар кўриб қолишидан қаттиқ хавотирга туша бошлади. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Ташвиш чекманг! Албатта, Аллоҳ биз билан биргадир!» (Тавба сураси, 40-оят),дедилар». Ушбу хитоб имон қувватининг намойишидир. Яъни: “Аллоҳ биз билан экан, хавотирга ўрин йўқ. Гарчи бизни қўлга туширишса ҳам, хавотирга ўрин йўқ”.

Субҳаналлоҳ, Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссалом ва у зотнинг дўстларини мушриклардан қутқарди. Демак, Парвардигорга комил ишонч кўпчилик мубтало бўлган қўрқувдан халос бўлиш йўлидир.

Ҳақда барқарор туриш Аллоҳ таолодан кўмак олишнинг яна бир омилидир. Ҳақда собит турсак, Парвардигорга ишончни ҳар қандай ҳолатда сақлаб қолсак, У Зот биз билан биргадир.

Бирдамлик. «Ислом футуҳотларининг бирида форс ҳукмдори мусулмонлардан қочиб, қасрга яширинди. Ўшанда мусулмонлар шаҳарни фатҳ этиб, қасрни қамал қилишганди. Улар ҳукмдорнинг таслим бўлишини пойлашарди. Бир вақт ҳукмдор: “Агар мени Умар ибн Хаттобнинг ҳузурига олиб боришга ваъда берсангиз, таслим бўламан”, деди. Мусулмонлар рози бўлишди.

Аскарлар ҳукмдорни Мадинага, халифа ҳузурига олиб бориш учун узоқ йўл босишди. Шаҳарга келишганда ҳукмдорга форсларнинг урф-одатига мос кўркам либосни кийдиришди.

Ҳазрат Умарга Форс ҳукмдори бундай деди: “Илгарилари сизга қарши курашардик. У вақтларда Парвардигорнинг кўмаги сизга ҳам, бизга ҳам эмасди. Сизлар ҳам адолатсизлик қилардингиз, биз ҳам. Ўшанда сизни биз енггандик. Энди эса, Ислом келиб, мусулмон бўлганингиздан кейин Аллоҳ сиз тарафда. Унинг ёрдами сиз билан бирга. Биз эса барча нарсадан маҳруммиз. Мана шу бизнинг мағлубиятимиз. Аскарларингиз туфайли эмас, балки Аллоҳ таоло сиз билан бирга экани учун нусрат қозондингиз”, деди. Шунда Умар розийаллоҳу анҳу: “Яна бирдамлигимиз учундир”, деб қўшимча қилди».

Демак, бирдамлик юксалишнинг сири, Аллоҳ таолонинг ёрдамига сабаб. Парвардигор бундай марҳамат қилади: «Аллоҳга ва Расулига итоат қилингиз ва низолашмангиз, акс ҳолда сустлашиб кетурсиз ва “шамолингиз” (обрўйингиз) кетиб қолур. Сабр қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир» (Анфол сураси, 46-оят). Демак, Аллоҳнинг ёрдамини олишнинг учинчи омили – бирдамлик.

Илк мусулмонлар тасодифан фатҳларга эришмади. Тарихга назар солсак, уларнинг аксари ҳофизи Қуръон бўлишган.

«Мағриб волийларидан бири ўғлига муносиб келин танлай олишига ишонч ҳосил қилмоқчи бўлди. Бунинг учун у ҳофизларга Қуръони каримни ёд олган қизлари бўлса, уйида шамни ёқиқ ҳолда қолдиришларини буюрди. Мана шу йўл билан у муносиб келин топа олиши мумкин эди.

Ўша кеча бутун шаҳар уйларида шам ёнди. Сабаби, ҳар бир хонадонда ҳофиза қиз бор эди.

Билим бу кучдир. Илмга кўмилиш лозим. Бу нарсани тушуниб етиш, айниқса, ёшларга жуда муҳим.

Сабр ҳам Аллоҳ таолодан кўмак олишнинг яна бир омилидир. «Муҳаддислардан бири бундай ҳикоя қилади: “Талабалик давримда ҳадис матнларини ўрганиш қийин кечди. Жуда кўп маълумотларни ўзлаштириш лозим эди. Бир муддатдан сўнг, ҳадис илмини ўзлаштира олмас эканман, дея ашёларимни йиғиштириб, уйга отландим. Йўлда қоя тошга томчилаётган томчига кўзим тушди. Шунда ўзимга-ўзим: “Сув шу қадар майин. Тош эса жуда қаттиқ. Сув майинлигига қарамай тош қатламини емирган. Билим ҳам майин сув кабидир. Қалбим қоя сингари қаттиқ эмас-ку?! Демак, қатъиятли бўлсам, албатта, сув каби илм қалбимга сизиб киради”, дедим». Вақт ўтиб ушбу талаба замонининг энг машҳур муҳаддисларидан Ибн Ҳажар Асқалонийга айланди.

Сабр – бир кечада етарлича ўзгариш деган маънони англатмайди. Китобни очамиз, кейин уни ёд олдим деб ўйлаймиз. Лекин сабр қилайлик, иродали бўлайлик. Олға юришни давом эттириш учун сабрли бўлиш, собит туриш лозим.

Манбалар асосида Қибрай тумани бош имом-хатиби

Миродил МИРЖАЛИЛОВ тайёрлади.

[carousel-horizontal-posts-content-slider]