Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ҚУРБОН ҲАЙИТИ ТАБРИГИ

ҚУРБОН ҲАЙИТИ ТАБРИГИ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Аллоҳ таолога Ўзининг улуғлиги қадар ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга чексиз салавот ва саломларимиз, дурудларимиз бўлсин.

Халқимизни меҳр-оқибатга, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик сингари ўзига хос эзгу фазилатларга ундаб келаётган хайру саховат, эзгулик ва шукроналик, тинчлик ва саодат рамзи бўлган муборак Қурбон ҳайити билан сизларни муқаддас замин – Маккаи мукаррамада, Мино водийсида, Арафот тоғида туриб, Тошкент вилоятидан келган 800 нафардан зиёд ҳожилар номидан самимий муборакбод этишдан беҳад бахтиёрмиз.

Дарҳақиқат, орадаги икки йиллик танаффусдан сўнг яна Исломнинг бешинчи рукни бўлмиш ҳаж арконларини бажариш учун юртимиздан 12 мингдан зиёд зиёратчиларнинг муқаддас заминларга ташриф буюргани Аллоҳ таолонинг чексиз иноятидир. Бунинг учун қанча шукр қилсак, кам.

Бизларга ана шундай улкан шароитларни яратиб берган муҳтарам Президентимизнинг, у кишининг марҳум ота-оналарининг ва барчамиздан умидвор ётган марҳумларимизнинг ҳақларига хайрли дуолар қиляпмиз.

Хабарингиз бор, шу йил 1 июль куни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда ҳайит кунлари халқимизга хос бўлган инсонпарварлик, меҳр-оқибат, саховат ва ўзаро ҳамжиҳатлик каби фазилатларни қарор топтириш ҳамда миллий-диний қадриятларимизни улуғлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Қурбон ҳайити – мусулмонларнинг шод-хуррамлик, меҳр-оқибат, хайр-саховат кўрсатиш, бир-бирлари билан дийдорлашув байрамидир. Шу боис бу байрамни барчамиз кўтаринки руҳда ўтказишимиз керак.

Эзгу анъанага мувофиқ, Қурбон ҳайити кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги масъуллари вилоятимиздаги эҳтиёжманд, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиб, уларга моддий ва маънавий кўмак беряптилар. Бундай харли ишлар йил бўйи давом этади.

Азизлар, фурсатдан фойдаланиб, барчангизни яна бир бор муборак Қурбон ҳайити билан самимий табриклаймиз. Хонадонларингиз файзга тўлсин. Юртимиз янада обод, турмушимиз бундан-да фаровон бўлсин. Барчамизни Яратган ўз паноҳида асрасин!

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Маккаи мукаррама,

[carousel-horizontal-posts-content-slider]