Басимон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / ШОШМАСЛИК ФАЗИЛАТДИР

ШОШМАСЛИК ФАЗИЛАТДИР

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бир неча ўринларда сабрга даъват этади. Буюк Парвардигоримиз сабрлилар билан биргадир. Сабр фақат қайғу келганда, уни сабот билан қабул қилиш, нолимаслик эмас, балки катта бойлик, мансаб ва имкониятларга эга бўлганда ҳам ўзини йўқотмасликдир.

Мусибатларга сабр қилиш фаровонликка сабр қилишдан енгилроқдир. Чунки мусибат чоғи инсоннинг нафси гуноҳлардан тийилади ва имонли қалб Раббисига юзланади. Аммо фаровонлик онларида инсон шукурни унутиши ва кибрга алданиб, шайтон тузоғига тушиб қолиши мумкин.

Сабр ҳақ устида собит туриб, нафс ҳужуми ва шайтон макрига енгилмаслик, балки ҳар қандай ҳолда Аллоҳнинг амрларини бажариб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига эргашмоқдир.

Сабрнинг зидди шошқалоқликдир. Шошқалоқлик шайтондан бўлиб, бирор ишнинг охирини ўйламай, вазиятни юзаки ўрганиб қарор қабул қилиш ҳисобланади.

Шошқалоқлик оқибатида инсон кўп зиён кўради. Бу зиёнларнинг биринчиси одамлар наздида бебурд ва бетайин бўлиб қолишдир. Чунки шошиб чиқарилган қарор, одатда, ҳақиқатдан йироқ бўлиб, амалга ошмайди. Натижада бу қарор эгаси бетайинга айланади.

Шошқалоқнинг иккинчи зиёни фитна ва тушунмовчиликларни келтириб чиқаради. Бирор ҳодиса ёки хабар ҳақида уни суриштирмай, тагига етмай, сабр қилмай ҳаракатланиш, ножоиз сўзларни айтиш вазиятни чигаллаштиради ва орада тушунмовчиликларга сабаб бўлади.

Шошқалоқлик, шунингдек, кўп хато қилишга олиб келади. Аммо шошмаслик, беғамлик, бефарқлик тепса-тебранмаслик каби иллатлар билан аралаштириб юбормаслик керак.

Мўмин инсон сабрни, шошмасликни, ишларни ўз вақтида бажаришни яхши билади. Ҳар бир ишни шошмай, иккиланмай, пишиқ ва пухта бажариш катта фазилат.

Шошиш оқибатида ишлар чала бўлади ва охирига етиб бормайди. Шошмаслик замирида қунт, зеҳн, ҳикмат, ҳайбат каби хислатлар мужассам.

Шошган инсоннинг сўзида залвор, ишида жиддият етишмайди.

Аллоҳ таоло бизни шошмайдиган таҳаммул ва ҳикмат эгаси айласин!

Абдул Ҳамид МАЛИКОВ,

Пискент тумани бош имомхатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]