Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Ул зот марҳамат қилиб айтдилар: «Сизлардан қайси бирингиз мол-дунё ва фарзандлар берилиб, бадавлат бўлган одамга назар солмоқчи бўлса, ўзидан фақирроқ инсонга ҳам ибрат кўзи билан боқсин» (Муттафақун алайҳ).
Ҳаётда одамларнинг дунёвий насибалари турлича бўлишини барчамиз яхши билмоғимиз лозим. Аллоҳ Таолонинг Ўзи кимга хоҳласа мол-дунё беради, истамаса бандасига ҳеч нарса бермайди. Бу унинг Ўзига хосдир. Бу ҳақиқатни ҳар бир инсон тан олиши ва ўзи учун қоида қилиб олиши керак. Шундагина инсон қалби ҳаловат топади. Ўзини турли балолардан сақлаган бўлади. Жумладан, Аллоҳ Таоло Ўзининг муборак Каломида шундай марҳамат қилади: «Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ беради» (Оли имрон сураси 37-оят).
Аммо бугунги ҳаётимизни кузатар эканмиз, турли ҳолатларнинг гувоҳи бўламиз. Кимдир ўзига берилган неъматларга қаноат қилиб ҳузур-ҳаловат ичида яшамоқда. Ким дир эса қаноатсизлик қилиб хатога йўл қўймоқда. Натижада унинг қалбида бошқаларнинг ютуқларига нисбатан ҳасад, муросасизлик, улардан юқорилаб кетиш ҳисси аланга олади. Гоҳо бу истак уни жиноят кўчасига киришига сабаб бўлади. У бадавлат бўлиш истагида ҳар қандай ишдан қайтмайдиган бўлади. Инсон бу ҳолга тушмаслиги учун Яратган Зотнинг Каломига, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига ва ўтмишда ўтган улуғ инсонларнинг ҳаёт тарзига мурожаат қилиб уларга эргашмоғи лозим. Жумладан, Аллоҳ таоло Ўзининг муборак Каломида бандаларга таълим бериб, шундай марҳамат қилади: «Одамлардан баъзилари: «Роббимиз, бизга бу дунёда бергин» дейди ва унга охиратда насиба йўқдир. Ва улардан баъзилари: «Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах азобидан сақлагин», дейди. Ана ўшаларга қилган касбларидан насиба бор. Ва Аллоҳ тез ҳисоб қилувчидир» (Бақара сураси 200-202 оятлар).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳазратларидан ривоят қилинади: Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ Таоло илҳом этган ҳадисда шундай деб буюради: «Эй бани одам! Олдингда ўзингга етарли миқдорда неъмат бўлгани ҳолда, туғёнларга тушиб, ортиқроқ бўлишини истайсан. На озга қаноат қиласан, на-да кўпдан тўймакни биласан. Жон ва молинг эмин, хасталикдан солим эканинг ҳамда кунлик озуқанг олдингда бўлгани ҳолда тонг оттирсанг, Қолган дунёга парво қилма!»
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг набиралари ва «райҳонлари» — Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мана бу сўзларни ёдлаб қолганман: «Сени шубҳага солган нарсани қўйгин-да, шубҳалантирмайдиган нарсани ол» дейилади (Термизий ва Насоий ривоятлари. Термизий ҳасан-саҳиҳ ҳадис деб тасниф этганлар).
Инсон гоҳида нафси амрига бўйсиниб шубҳали нарсаларга ҳам мойиллик билдиради. Ана шундай пайтларда Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қимматли ўгитларини эсга олиши кифоя қилади. Албатта, ҳар бир қийинчилик ортида енгиллик бордир. Мусулмон бандадан ҳар қандай ҳолатда Ислом дини тамойилларига содиқ қолиш талаб қилинади. Аллоҳ таоло барчаларимизни дунё ҳою-ҳавасларига берилиб, хато йўлларга кириб кетишимиздан Ўзи асрасин.
Ангрен шаҳар «Қорабошбой» жоме масжиди
имом-хатиби Иманов Иброҳим

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги