Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Хабарлар / ОҒИР ЖУДОЛИК

ОҒИР ЖУДОЛИК

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги жамоаси Тошкент вилояти бош имом-хатиби, муҳтарам Хайруллоҳ домла Абдулмалик ўғлининг вафотлари муносабати билан марҳумнинг барча оила аъзоларига, қариндош-уруғларига, сафдошлари ва шогирдларига чуқур ва самимий таъзия изҳор этади.

Хайруллоҳ домла Абдулмалик ўғли кўп йиллар давомида юртимиздаги бир неча масжидларда, хусусан, Тошкент вилоятидаги «Четсув», «Қорабоғ», «Зангиота» жоме масжидлари имом-хатиби, Ангрен шаҳри бош имом-хатиби, сўнгги йилларда эса Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Тошкент вилояти вакиллигида бош имом-хатиби вазифасида хизмат қилиб келган, динимизнинг ривожига, Ватанимизнинг равнақига, масжидларимизнинг обод бўлишига катта ҳисса қўшиб келган етук дин пешвоси эдилар.

Марҳум олимга уламолар, имом-хатиблар, имом ноиблар, жоме масжидлардаги ҳар бир масъул ходим ҳамда қалблари Аллоҳнинг байтига боғланган қадрли инсонларнинг эҳтироми баланд ва юксак эди. Фаолиятлари давомида жоме масжидларни обод ва кўркам, намозхонларни ибодат қилишлари учун муносиб ва замонавий шарт-шароитларга эга бўлиши йўлида тиним билмай меҳнат қилдилар.

Умрини дин хизматига бағишлаган бу марҳум устозимизнинг тортган дардлари барча саҳву хатоларига каффорат бўлсин, Аллоҳ таоло бу олим бандасининг илм-маърифат тарқатишдек машаққатли ва шарафли меҳнатларини, барча солиҳ амалларини ўзларига садақаи жория қилиб, раҳматига буркасин, мағфиратига олсин, аҳли илмларга, илмига амал қилган уламоларга ваъда қилган ажру мукофотларидан баҳраманд қилиб, жаннатларига дохил айласин!

Ушбу оғир жудолик дамларида марҳумнинг аҳли байтларига, барча яқинларига, шогирдлари, сафдошлари ва мухлисларига Аллоҳ таолодан сабру жамил тилаймиз.
«Сабрлиларга хушхабар берингки, улар ўзларига мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деганлардир».

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун!

«Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз У Зотга қайтувчимиз».

Эслатма:
Жаноза намози бугун 16 сентябрь куни, соат 23.00 да Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида адо этилади.

Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати

[carousel-horizontal-posts-content-slider]