Бугун коронавирус туфайли жорий этилган карантин инсон иродаси, меҳру муҳаббати, қон-қардошлари, яқинлари, дўстларию ҳамкорларига бўлган муносабати, маънавий дунёқарашини синовдан ўтказмоқда.
“Уйда ўтиринг, ўзингиз, фарзандларингиз саломатлиги учун уйда қолинг, биз сиз учун ишлаяпмиз, сиз билан қалбан биргамиз”. Шу даъват бугун барча ахборот воситалари, интернет тармоқлари орқали қайта ва қайта айтилмоқда. Бу ҳам сизу бизнинг фойдамизни кўзлаб қилинаётган ғамхўрлик.
Жуда қисқа фурсатда коронавирус пандемияси карантини учун йирик шаҳарларда махсус шифохоналар барпо этилгани, мана шундай синовли кунларда аҳолини ҳар томонлама ҳимоя қилишга жиддий киришилгани ҳам эътиборга, эътирофга лойиқ.
Кўчага чиқишдан аввал мурғак гўдакни, юрагингизга яқин кишининг кўзларига бир назар ташланг, уни эртага, индинга соғ-саломат кўришингиз учун бугун ҳовлидан, йўлакдан узоққа кетишни чеклашингиз шартлигини, кучли эҳтиёж бўлмаса уйдан чиқмаслик лозимлигини яна бир карра ёдга олинг. Мабодо кўчага чиқиш лозим бўлса, гигиена талабларига қатъий амал қилинг. Карантин даврида сабр қилинг, бу кунлар ҳам ўтиб кетади. Ақлу заковатингизни, меҳру муҳаббатингизни уйдаги яқинларингизга қаратинг. Ҳар биримизнинг соғ-саломат бўлишимиз, жамиятимизнинг коронавирус балосидан тезроқ халос бўлиши сизу бизга боғлиқ эканини унутманг.
Аллоҳ таоло сабрни Қуръони Каримда бир юз учта оятда зикр қилган. Хусусан, бало – синовларга сабр қилиш ҳақида Қуръони каримнинг Муҳаммад сураси 31-оятида шундай марҳамат қилинади: “Албатта, Биз, то сизларнинг орангиздаги жиҳод қилувчи ва сабр қилувчиларни билгунимизча ҳамда сизларнинг хабарларингизни синаб бўлгунимизча, сизларни имтиҳон қилурмиз”.
Албатта, синов кўп нарсаларни ошкор қилади. Синов бўлмай ҳамма иш равон кетаверса, одамлар бир-бирларининг ҳақиқатини била олмайдилар. Ким ҳақиқий мўмин, ким мунофиқлиги ҳам аён бўлмайди. Аксинча, синов йўқ пайтида мунофиқлар олдинги сафга чиқиб, ўзларини фидокор қилиб кўрсатадилар. Худди шу маъно оятда баён қилинган. Инсон ҳар бир ҳолатда тўғри бўлиши, ҳар бир нарсадан ўз ўрнида фойдаланиш керак. Гоҳ хурсандлик, гоҳ ҳафалик, гоҳо енгиллик, гоҳ оғирлик, гоҳ бахтиёрлик, гоҳ мусибат билан синовлар келиши инсон руҳидаги, нафсидаги беркитилган нарсаларнинг ошкор бўлишига ёрдам беради. Инсонларнинг бу нарсаларни англаши келажак ҳаётларида ёрдам беради.
Аслида, мўмин-мусулмон синов ва имтиҳонларни орзу қилмайди, балки доимо Аллоҳдан офият ва раҳматни сўрайди. Шундан сўнг ҳам синов-имтиҳонга учраса, сабр қилади. Бунинг ҳикмати борлигини идрок қилади, ҳамма нарса Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлишига иймон келтиради. Ўзига Аллоҳнинг раҳмати ва офияти етишини кутади.
Азизлар, бу йилги Рамазон ўзгача ўтаётганилгини ҳар биримиз ҳис қилиб турибмиз. Рамазоннинг тугашига ҳам саноқли кунлар қолди. Ундан қай даражада унумли фойдалана олдик?! Ҳали ҳам фурсат бор, дуолар ижобат бўладиган лаҳзалар кўп. Шу ўринда, бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчи эдим. Рамазон руҳимизга озуқа, нафсимизни иллатлардан тозаловчи эканлигини уламоларимиз таъкидлашган. Рамазон Қуръон нозил бўлган, Раҳмат, жами фаришталар ер юзига тушадиган ойдир. Ҳайит айёми ҳам эшик қоқиб келмоқда. Ана шундай муборак ой, улуғ айёмларга покизалик ярашади. Зеро, Аллоҳ таоло покликни яхши кўради. Ҳар биримиз уйимиз, теварак-атрофимизни тозалашга, гўзал суратга келтиришга интилайлик. Маконимиз ва қалбларимиз поклиги сабабидан Роббимиз юртимизга раҳматини ёғдиради, дуоларимизни ижобат қилади, иншааллоҳ!
Бутун дунёга келган балолар, офату талофатларни Яратганнинг Ўзи кўтарсин. Беморларга шифои комил, мусибатзадаларга сабру жамийл ато қилсин! Юртимиз, халқимиз учун хизмат қилаётган барча ватандошларимиздан Аллоҳ рози бўлсин, куч-қувват берсин!
Қибрай тумани отинойиси Лутфуллаева Сабура

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги