Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Bo'limsiz / Руҳимиз ҳам озуқага муҳтож

Руҳимиз ҳам озуқага муҳтож

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло инсонни жисм ва руҳдан иборат қилиб яратган. Жисм инсоннинг шакли ва кўзга кўриниб турадиган қуруқ сувратики, зоҳирий жисмнинг ёлғиз ўзи руҳсиз бўлиши ҳеч қандай аҳамият касб этмаслиги барчамизга маълум. Инсон жисмининг мавжудлиги, унинг саломат бўлиши, қувватида озуқа муҳим омил ҳисобланади. Худди шундай, инсон руҳияти ҳам саломат бўлиши учун озуқага муҳтож. Руҳнинг озуқасида Аллоҳ таолонинг зикри, инсоннинг бу дунёдаги ва охиратдаги ҳаёти учун катта аҳамиятга эга бўлган истиғфорнинг ўрни беқиёсдир.

Истиғфор – бу гуноҳлар мағфиратини сўраб қилинадиган дуодир. У фақатгина бало ва офатларга дучор бўлганда, гуноҳлар учунгина эмас, балки инсон қалбини поклаш учун Яратганга мурожаат қилиш воситаси ҳисобланади. Банда Аллоҳ таолони ёд этганида руҳи озуқа олади, қалбига хотиржамлик, ҳаётига файзу барака инади. Уламолар истиғфорнинг бир қанча фойдаларини эътироф этишган:

1. Истиғфор – Аллоҳ таолога мурожаатнинг энг яхши ва самарали усулидир;

2. Истиғфор айтувчига Яратган ўзи кутмаган жойдан ризқ ато этади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ унга ҳар бир торликдан чиқишни, ҳар бир ғамдан кушойишни насиба қилади. Ҳамда уни ўзи билмаган жойдан ризқлантиради”, дедилар” (Абу Довуд ривояти).

3. Истиғфор сабаб банда Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлади, зеро, Қудратли Зот чин кўнгилдан тавба қилувчиларни яхши кўради;

4. Истиғфор айтган кишининг гуноҳлари мағфират қилинади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Кимда-ким бирор ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан кечирим сўраса, Аллоҳнинг (қанчалик) кечирувчан ва раҳмли эканини идрок этади” (Нисо сураси 110-оят);

5. Истиғфор охират азобидан сақлайди. Қуръони Каримда бу ҳақда: “Уларнинг ичида Сиз бўла туриб, Аллоҳ уларни азобловчи эмас. Улар истиғфор айтиб (кечирим сўраб) турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азобловчи эмас” (Анфол сураси 33-оят), дейилган;

6. Қалбга таскин беради, ундан хавотир, ғам ва ташвишни аритади;

7. Истиғфор эгасини икки дунёда саодатмандлардан қилади.

Шундай экан, истиғфору зикрларни ҳар ким ҳамма вақт айтиб юриши лозим экан. Ҳатто инсониятнинг энг аълоси бўлмиш сарвари коинот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам доим Аллоҳ таолога истиғфору зикр билан дуода бўлганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга қасамки, мен бир кунда Аллоҳга етмиш мартадан кўп истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан”, дедилар” (Бухорий ривояти). 

Мушкулотга дуч келган ва қандай йўл тутишини билмаган инсон Аллоҳ таолога юзланиши, қилган гуноҳларига мағфират сўраши, муаммонинг ҳал бўлишини Ўзидан кутиб, илтижо қилиши лозим. Коронавирус пандемияси бутун дунё халқларига таъсир кўрсатаётган офат эканлиги бугунга келиб ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Бу бало нафақат барча соҳалардаги инқирозга, балки бир неча юзминг кишининг ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлмоқда, миллионлаган инсонларнинг соғлиғига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бу эътиқодидан қатъий назар барча учун улкан мусибатга айланди. Аллоҳ таоло Каломида шундай марҳамат қилади: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб) дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот) дир” (Анфол сураси 25-оят). Афсуслар бўлсинки, фаҳш, маъсият, ҳаром ишлар сабабли юзага келган бу офат туфайли ҳамма бирдек азият чекмоқда.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарларида туриб, одамларга Моида сурасининг 105-ояти тушунчасини баён қилиб бергандилар. У киши Аллоҳга ҳамду сано айтгач, шундай дедилар: “Эй одамлар! Сизлар Аллоҳ таолонинг: “Эй мўминлар, ўзингизни билингиз! (Яъни гуноҳлардан сақланингиз!) Модомики, ҳақ йўлни тутган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар етказа олмас” оятини ўқияпсизлар. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Агар одамлар мункарни кўриб туриб, уни ўзгартирмасалар, Аллоҳ таоло уларга оммавий азоб тушириши мумкин”, деганларини эшитганмиз (Имом Аҳмад, Термизий, Абу Довуд ривоят қилганлар).

Шу сабаб гуноҳларимиз учун чин дилдан мағфират сўрайлик, дини Ислом кўрсатмаларига ихлос билан амал қилайлик. Таъкидлаш жоизки, Аллоҳ таолого истиғфор айтиш билан бир қаторда, ўзлигимизни ислоҳ қилиш ҳам жуда муҳим. Яхши томонга ўзгариш, шариатдан четга чиқмаслик, хулқимизни гўзаллаштириш ҳам асосий вазифаларимиздандир. Ҳар биримиз шундай фикрлаб, шунинг учун ҳаракат қилар эканмиз қалбимиз покланишига, руҳимиз озуқа олишига ва энг асосийси, Аллоҳ таолонинг розилигига етишамиз, иншааллоҳ.

Роббимиз имонимизга саломатлик ато қилсин, зикрли, тавбали бандаларидан бўлишлигимизни таъминласин. Тез кунда бу балоларни Ўз марҳамати ила кўтарсин!

Бекобод тумани бош имом хатиби Анвар Рисбоев

[carousel-horizontal-posts-content-slider]