Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Bo'limsiz / МАЪРИФАТ ЧИРОҚЛАРИ

МАЪРИФАТ ЧИРОҚЛАРИ

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни

Илм – авлоддан авлодга ўтиб келадиган буюк омонат. Устоз эса ана шу омонатни кейинги авлодга етказувчи ишончли воситадир. Шу боис халқимиз қадимдан устозни “иккинчи ота”, деб улуғлаган. Ота инсонга ҳаёт берса, устоз унинг маънавий оламини бойитади, қалбига маърифат эшигини очади.

Бугун бир инсоннинг Қуръон тиловат қилаётгани, ҳадис ўрганаётгани, илм излаётгани, яхшилик билан ёмонликни фарқлай олаётгани, Ватани ва элига хизмат қилаётганида устозларнинг меҳнати мужассам. Биргина ҳарфни тўғри талаффуз қилишни ўргатган устоздан тортиб, инсонга ҳаётнинг мураккаб масалаларида тўғри қарор қабул қилишни ўргатган мураббийгача – ҳар бир устознинг меҳнати эътибор ва эҳтиромга муносиб.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга яхшиликни ўргатишнинг улуғ фазилатини баён қилиб, илм аҳлининг мақомини юксакларга кўтарганлар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимлар Аллоҳнинг ишончли ва омонатдор бандаларидирлар”, деганлар (Имом Суютий ривояти).

Исломда илм талаб қилиш билан бир қаторда илм олиш одобига ҳам алоҳида эътибор берилган. Чунки илм фақат китоб ўқиш ёки маълумот тўплаш эмас. Илм инсоннинг ахлоқини, муомаласини ва ҳаёт тарзини ҳам гўзаллаштириши лозим.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан илм олар эди. У киши устози Зайд розияллоҳу анҳунинг эшиги олдига келиб, устозини чақирар, агар чиқмаса, эшик олдида кутиб турарди. Бир куни устозининг чиқишини кутиб эшик олдида ухлаб қолди. Бироз ўтиб шамол кўтарилиб чанг-тўзон бўлди. Шунга қарамай Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ортига қайтмасдан устозининг чиқишини кутиб турди. Шамол тўзитган қумлар унинг қулоқларига кириб кетди. Лекин илмга чанқоқ Ибн Аббос жойидан силжимади. Маълум вақт ўтгач, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу уйидан бир юмуш учун кўчага чиқмоқчи бўлди. Қараса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли жиянлари Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо сочлари тўзиган, чанга беланган ҳолда эшик олдида турибди. Ташрифнинг сабабини сўради. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Илм олиш учун келгандим”, деди. Шунда Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу хижолат бўлиб: “Эй Расулуллоҳнинг жиянлари, агар одам жўнатганингизда ўзим уйингизга борардим. Сиздек улуғ зотга биз бориб дарс беришимиз керак”, деди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Йўқ. Илм олиш учун устозлар эшиги олдига келишга буюрилганмиз”, деб жавоб берди.

Устознинг танбеҳини ҳар доим ёмонлик сифатида қабул қилиш тўғри эмас. Баъзан устознинг қаттиқроқ гапи ортида шогирдининг келажагига бўлган катта умид ва самимий ғамхўрлик ётади. Устоз шогирдининг бугунги ҳолатига эмас, эртанги камолига қараб тарбия беради.

Шунинг учун донишманд халқимиз: “Устоз отангдек улуғ”, деб бежиз айтмаган. Устозга эҳтиром кўрсатган шогирд, аввало, ўзининг қалбида илмга нисбатан ҳурматни қарор топтиради.

Бугун биз устозларимизни қанчалик қадрласак, эртага фарзандларимиз ҳам илм ва маърифатни шунчалик улуғлайди. Илм эъзозланган хонадонда, жамиятда, юртда маърифат, одоб ва барака зиёда бўлади.

Азиз устозлар, сизларнинг меҳнатингиз қалбларга нур сочадиган машъаладир. Сиз ўргатган ҳар бир ҳарф, ҳар бир илм, ҳар бир эзгу насиҳат шогирдларингиз ҳаётида ўз самарасини беради, иншоаоллоҳ.

Юртимизда сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ўқитувчи ва мураббийларга алоҳида эътибор, эҳтиром кўрсатилаётгани таҳсинга сазовор. Биргина жорий йилда “Йил ўқитувчиси” кўрик-танлови ғолиблари жуда катта маблағ билан рағбатлантирилгани фикримизни тасдиқлайди.

Барчамизни устозларни қадрлашга, уларнинг хизматларини муносиб эътироф этишга, дуоларини олишга ва улардан олган илмларимизга амал қилишга одатланишимиз керак.

Фарзандларимиз қалбига устозга ҳурмат, илмга муҳаббат, китобга иштиёқ, катталарга эҳтиром ва кичикларга меҳр туйғуларини сингдирайлик. Зеро, устозга эҳтиром илмга эҳтиром, илмга эҳтиром эса миллат ва келажакка эҳтиромдир.

Аллоҳ таоло барча устоз ва мураббийларимизни ўз паноҳида асрасин. Уларнинг илмларига барака, умрларига файз, меҳнатларига самара ато этсин. Бизларга устозларимизнинг ҳаққини адо этишни, улар берган илмга амал қилишни ва уни кейинги авлодларга гўзал тарзда етказишни насиб қилсин.

Вафот этган устозларимизни Ўзининг раҳматига олсин, уларнинг илм ва тарбия йўлида қилган хизматларини садақаи жорияларидан айласин.

1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан барча устоз ва мураббийларни самимий муборакбод этаман. Уларнинг машаққатли, аммо шарафли меҳнатларига куч-қувват, хонадонларига тинчлик-хотиржамлик, қалбларига сурур ва ҳаётларига барака тилайман.

Дониёр домла ИКРОМОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

[carousel-horizontal-posts-content-slider]