Бас, имон келтирган ва солиҳ амалларни
қилганларгина равзада 
хурсандчилик қилурлар.

Бош саҳифа / Мақолалар / Ҳаққа итоат

Ҳаққа итоат

Ўзининг сўнгги китоби бўлмиш Қуръони Каримда «…Ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг» деб марҳамат қилган оламларнинг парвардигори Аллоҳ таолога беадад хамду санолар бўлсин.

«Хурсандчилик вақтингизда ҳам, қийинчилик вақтингизда ҳам раҳбарингизга итоат қилинг», деган пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллалоҳу алайхи васалламга дуруду саловотлар бўлсин.

Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда мархамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар Аллоҳга итоат қилинг, расулга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг».

Аллоҳ таолога итоат қилиш Қуръони Каримга амал қилиш билан бўлади. Пайғамбарга итоат қилиш эса у зоти шарифнинг суннатларига амал қилиш, кўрсатмаларини бажариш, одоблари билан одобланиш, қисқа қилиб айтганда барча ишларда у зотга эргашиш билан бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш хақида Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

«Расул сизга нимани берса ўшани олинглар ва нимадан қайтарса ўшандан қайтинглар», деб амр қилган.

«Ва ўзингиздан бўлган иш эгаларига итоат қилинг» дегандаги «иш эгалари»ни муфассир уламоларимиз турлича тафсир қилишган.

Баьзи тафсирчилар султон дейишган, баъзилари ҳокимлар дейишган, баъзилари эса мужтаҳид олимлар дейишган, яна баъзилари ҳар қандайин бошлиқ деганлар.

Раҳбарга итоат қилиш ҳар бир мусулмон киши учун лозимлиги ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан бир нечта ҳадислар ҳам ворид бўлган.

Ҳазрати ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир мусулмон ўзига ёққан ва ёқмаган нарсада (бошлиқнинг) сўзини эшитсин ва итоат қилсин фақат маьсиятга буюрилганда итоат йўқ» дедилар.

Бухорий ва Муслим ривояти.

Бу ердаги «маъсият»дан мурод Аллоҳ таолонинг шариятига зид ишлардир. Демак, модомики бошлиқ маъсиятга буюрмас экан, унга бўйсуниш лозимдир.

Ҳазрати ибн Умар розияллоҳу анҳумо бундай дедилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шундай деганларини эшитдим: «Кимки ўз бошлиғига итоат қилмаса, у одам қиёмат кунида Аллоҳ таолога бирор далили бўлмаган ҳолда йўлиқади».

Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади у киши бундай дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қийинчилик вақтингда ҳам, енгилчилик вақтингда ҳам бошлиқнинг сўзини эшит ва унга итоат эт» деб айтдилар.

Термизий ривояти.

Юқорида ўтган оят, ҳадислардан раҳбарга итоат этиш вожиб эканлиги маълум бўлади. Аллоҳ таолонинг бу амрини бажармаган халқлар қандай аҳволга тушгани тарихдан маълум. Буни ҳозирги Сурия, Ливия каби давлатлар мисолида кўришимиз мумкин. Бу давлатлар илм-маърифат, дин ривожланган, иқтисоди юқори бўлган, тараққий этган давлатлардан эди. Бироқ бу юртларнинг баъзи фуқаролари шу неъматларни қадрига етмай, шукр қилмай яширин кучларнинг фитнасига алданди ва ҳукуматига қарши чиқди, уламоларига қулоқ солмади. Бутун дунё мусулмонларига танилган Шайх Рамазон Бутий ҳазратлари бу фитнани олдини олишга кўп ҳаракат қилдилар, аммо у кишига ҳам ўз масжидларида суиқасд қилишди ва шаҳид бўлдилар. Натижада қанча қонлар тўкилди, минглаб бегуноҳ инсонлар қурбон бўлди, миллионлаб инсонларнинг уй-жойлари вайрон бўлиб, ўзлари эса қочоққа айланди, мамлакат таназзулга учради. Уруш ҳали тўхтагани йўқ. Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг биргина амрига бўйсунмагандан, Расулига итоат қилмагандан келиб чиқди. Ҳукуматига, уламоларига қарши чиққанларнинг ҳоли шундай бўлиши табиий. Чунки, буни содиқул масдуқ бўлган зот Пайғамбаримиз алайҳисалом ўз ҳадисларида баён қилганлар.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шундай деб айтганларини эшитдим: «Кимда ким султонни ҳақир санаб, унга итоат қилмаса, Аллоҳ таоло уни хор этади».

Термизий ривояти.

Ҳозирги кунга келиб Хитойда пайдо бўлган COVID-19 вабоси бутун дунёга тарқалиб, жумладан юртимизга ҳам кириб келди. Бу вабо ўлатнинг олдини олиш учун ҳукуматимиз раҳбари томонидан барча зарур чора-тадбирлар кўрилди. Давлат иқтисодиётидан инсонлар саломатлиги устун қўйилмоқда. Бу ҳолатда барчамизга ҳукуматимиз томонидан талаб қилинган карантин қоидаларига қатъий риоя қилишимиз лозимдир. Ҳозир барчамиз синовдамиз, имтиҳондамиз. Бундай ҳолатда ким қанақа эканлиги, ким ватанига, юртига, халқига садоқатда эканлиги билинади. Бундай синовда барчамиз сабрли, матонатли бўлиб, хато камчиликларимизга тавба қилиб, савобли амалларда ҳамжиҳат бўлишимиз керак.

Аллоҳ таоло бу балони барча инсоният бошидан ва бизнинг халқимизнинг бошидан даф қилиб, бизларни Ўзи рози бўладиган хайрли амалларда бардавом айлансин!

Тошкент вилояти Пискент тумани «Пискент» жоме масжиди

имом хатиби Абдулҳамид Маликов

[carousel-horizontal-posts-content-slider]