мутаассиблик эса қораланади
Раддия
Бугун ислом динига хос муқаддас тушунчаларни, қадриятларни ўз манфаатлари йўлида бузиб талқин этишга интилаётган гуруҳлар кўпайди. Улар интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали дин ниқоби остида ўзларининг бузғунчи ғояларини тарқатишга уриниб, динимиздаги “мўътадиллик” тушунчасини бузиб талқин қилмоқдалар.
Ислом фақат диний аҳкомлардангина иборат бўлган дин эмас, балки у жамият маънавияти ва маърифатини шакллантирувчи таълимотдир. Аммо исломий арконларнинг ижроси баробарида инсон диний илмсизлик сабабли, кўпгина муаммоларга дуч келиши табиий ҳолдир. Шу муаммолардан бири мутаассиблик ва динда чуқур кетишдир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Аллоҳга қўлингиздан келганича тақво қилинг ва (амрини) тингланг ва итоат қилинг ва инфоқ қилинг – ўзингизга яхши бўлади. Кимки нафсининг қизғанчиқлигидан сақланса, ана ўшалар нажот топувчилардир»,(Тағобун сураси, 16-оят).
Шариатимиз диний мутаассибликка ва динга чуқур берилишга доимо қарши бўлган. Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда мўътадиллик тарғиб қилиниб, мутаассиблик қораланган.
Ҳадид сурасининг 27-оятида бундай дейилади: “Роҳибликни улар (Исо алайҳиссаломга эргашган кишилар) ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга уни (роҳибликни) ёзмадик (фарз қилмадик), лекин улар ўзлари Аллоҳнинг розилигини истаб (роҳиблик) қилдилар-у, сўнгра унга тўла риоя қила олмадилар”.
Оятдан маълум бўладики, тарки дунё қилиб, ҳаётларини фақат ибодат билан ўтказиш аввалги қавмларга ҳам Аллоҳ тарафидан фарз қилинмаган. Фақат айрим инсонлар Аллоҳ ризолиги учун бу ишни қилган бўлсалар-да, унга мукаммал риоя этишнинг уддасидан чиқа олмаганлар. Чунки бир ишга чуқур берилиб кетиш инсонга оғирлик қилади.
Ойша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «У айтади: “Бани Асад қабиласига мансуб бир аёл ҳузуримда ўтирган эди. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кириб келиб: “Бу аёл ким?” деб сўрадилар. “Бу кечаси ухламай намоз ўқиб чиқадиган аёл”, дедим. Сўнг мазкур аёлнинг кўп намоз ўқиши ҳақида сўзлашдик. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бундай қилманглар, солиҳ амалларни қурбингиз етганича aдo этинглар, қанча ибодат қилсангиз ҳам Аллоҳ таолога малол келмайди-ю, бироқ ўзингизга малол келиб қолмасин”, дедилар.
Ҳадисдан маълум бўладики, ибодат масалаларида мувозанатни сақлаш мусулмон учун зарурдир.
Мўтадилликнинг зидди бўлган “мутаассиблик” “чуқур кетиш”, “ғулувга кетиш” маъноларини англатади. Мутаассиб киши фақат ўз фикр-мулоҳаза ва дунёқарашини тўғри деб билиб, бошқа қарашларга муросасиз бўлади. Унинг замирида бирор ботил ақида ёки дунёқарашга ўта берилганлик, бошқаларнинг фикрини асло инобатга олмаслик, инкор қилиш ва ҳамиша ўзини ҳақ деб билиш хусусияти мавжуд.
Мўътадиллик деганда фақат ақида, ибодат масалаларида эмас, балки ҳаётнинг барча жабҳаларида мўътадиллик бўлиши шарт. Ислом дини мутаассибликни қоралайди. Ҳамиша мўътадил бўлишга тарғиб этади.
Дониёр домла ИКРОМОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Fitrat.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги